Линклар


Озодликка мурожаат қилган ўзбекистонлик айрим пенсионерлар¸ давлат муҳофазасида бўлиши лозим кексаларни қарздорга чиқариб¸ улар пенсияларининг каттагина қисмини чегириб қолиш амалиëти кенгайиб бораëтганидан хабар бердилар.


“Энди хотинимнинг пенсиясини кесишди”

Бундай шикоят билан мурожаат қилган суҳбатдошимизнинг айтишича, ўзи бир йилдан бери давлатга “қарз” тўлаяпти.

Суҳбатдошга кўра¸ ўтган йили унинг бўйнига 2,5 миллион сўмлик қарз илинган ва ўша қарзни 250 минг сўм қилиб белгиланган пенсиясидан давлат чегириб қолмоқда. Натижада қўлига 30 -35 долларга тенг ақча тегмоқда.

Яқинда оиламиз бюджетига янги бир зарба келиб тегди¸ деб давом этади суҳбатдош:

- Тошкент вилояти Янгийўл туманиданман.

Озодлик: Ëшингиз нечада?

- 58 да.

Озодлик: Нима демоқчисиз?

- Мен 2005 йилда инфаркт бўлиб иккинчи гуруҳ ногиронига чиққандим. Ҳар йил болницада уч-тўрт мартадан ëтиб, комиссиядан ўтаман. Президентимиз Ислом Абдуғаниевич 2009 йил телевизорда чиқиб “энг кам пенсияни 200 доллар қилиб бераман” деганлар. Бизлар хурсанд бўлдик. Мана энди пенсия таъминотидагилар “сиз кўп олиб қўйибсиз” деб мени 2,5 миллионга қарз қилиб қўйди.

Озодлик: Қачон?

- 2012 йили.

Озодлик: Ўшандан бери пенсия олмаяпсизми?

- Пенсиянинг ярмини беришаяпти.

Озодлик: Қўлингизга қанча тегаяпти?

- Ҳозир 100 минг беришаяпти. Ўзи 250 мингга чиққан эди. 2011 йил 250 минг олаëтган эдим хурсанд бўлиб.

Озодлик: Бу анчадан бери бўлаëтган гап экан. Нима учун айнан бугун мурожаат қилиб шу гапни айтаяпсиз?

- Аëлим учун яхши эди. Аëлим 400 минг оларди. 4-5 гектарлаб далада ишлашган. Пахта етиштиришган. Бу йил уникини ҳам “2,3 миллион қарз, тўласангиз тўлайсиз, бўлмаса пенсияни бермаймиз” дейишаяпти. Қанақа қилиб, биз ўғирлаб олмаганмиз. Ўзлари ëзиб берган. Энди ҳозир келиб бизга қарзсан дейди. Энди буни суриштирсам, айнан колхозчиникини кўпроқ.

Озодлик: Келинойининг пенсиясини қачон кесишди?

- Март ойида шунақа қилиб тўхтатиб қўямиз, дейишди, дейди Аъзамхўжа ака.

Янгийўллик Аъзамхўжа аканинг фикрича, у ва турмуш ўртоғи “емаган сомса”га пул тўламоқдалар ва мутасадди ташкилотлар бу масалага қайтиб, адолат ўрнатиши керак.

Ўзбекистон Молия вазирлиги қошидаги Назорат-тафтиш бош бошқармаси 2012 йил 1 январгача олиб борган суриштируви олиб боргани, натижада республика Пенсия жамғармаси ҳисобидан 150 миллиард 500 миллион сўм (қарийб 106 миллион АҚШ доллари) пенсионерларга ортиқча тўлангани аниқлангани тўғрисида Озодлик радиоси 2012 йил январида Республика Пенсия жамғармаси мутасаддисидан олинган маълумотга таяниб хабар қилган эди.

Унинг айтишича, текширув натижасида архив ҳужжатлари ва пенсионерлар тақдим қилган ҳужжатлар орасида каттагина фарқ аниқланган.

Озодлик бу мавзуда қатор чиқишлар қилган ва эшиттиришларимизда иштирок этган экспертларнинг баъзилари пенсияларни қайта ҳисоблашни бюджет тақчиллиги билан изоҳлаган эди.

Янгийўллик пенсионер “хотинимнинг пенсиясини март ойида кесишди”, деган гапидан келиб чиқсак, демак, пенсияларни қайта ҳисоблаш жараёни ҳануз давом этмоқда.

Ўтган йил январидаги материалимизда расмий маълумотларга таяниб, “республикада 3 миллионга яқин фуқаро пенсия ва имтиёз пули олаётгани, уларга Пенсия жамғармаси томонидан ажратилаётган маблағ йилига қарийб 6 триллион сўм (3 миллиард 300 миллион доллар)ни ташкил қилиши” тўғрисида хабар қилган эдик.

“Ўзбекнинг камситилишидан бошқарувчилар манфаатдор”

Бу - Туркияда яшаётган Абдуллоҳнинг фикри.

Абдуллоҳ – Ozodlik Online дастурининг “Ўзбеклар нега ҳамма жойда камситиш нишонига айланмоқда?” деган мавзу муҳокамасига бағишланган сўнгги сонига акс-садо берган суҳбатдошлармиздан биридир.

- Ўзбекларнинг тарихи эски тарих. Эскидан Туркистонни бошқариб келган. Катта империя бўлиб келган. Қанча ота-боболаримиз дунëда номини қолдирди илм билан, маърифат билан, бошқа яхши ишлари билан. Яъни бизнинг тарихимиз рус келиб қандайдир сабаблар бўлиб бу ҳолга тушди ўзбеклар. Аслида буларнинг тарихи эскидан жуда ҳам кучли бир империя бўлиб келган. Илмда, маърифатда, кучда, аскарда ҳам кучли бўлиб келган миллат. Шунинг учун бир синдирилдими бу миллатни агар яна ўз ҳолига қўйилса, ўсиб кетишлиги аниқ. Дунë майдонида позициясини оладиган ва сўзи сўз бўлиб ўтадиган мамлакат бўлиб тузилишлиги аниқ. Шунинг учун бу миллатни қаерда бўлса ҳам илм маърифатдан узоқ қилишлик, масалан Ўзбекистонда нима учун бу ҳолатлар, дунëвий илмлар ҳам пасайиб кетган, порахўрлик кучайиб кетган. Институтлар, университетлар қизиқсангиз қанақа ҳолда. Булар ҳаммаси миллатни чўктиришлик, миллат кўтарилмасин, қарам бўлсин, илм маърифатдан узоқ бўлсин, онги қорнидан бошқа тарафга ўтмасин, тирикчилигини ўйласин, қўрқув остида яшасин, фикрлашга вақти ва имконияти бўлмасин деган нима билан тепадан босилаëтган нарса бу, дейди Абдуллоҳ.

***********************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype ëки ErkinMikrofon деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG