Линклар

29 март куни Бишкек шаҳар Биринчи май туман суди ҳукмига кўра, ҳукуматни зўравонлик билан босиб олишга ҳаракат қилганликда айбланган депутатлар Қамчибек Ташиев ва Садир Жапаров 1,5 йилдан, Талант Мамитов 1 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Депутатларнинг ёрдамчилари ҳамда тан соқчиларига 1 йилдан қамоқ жазоси тайинланди.

Суд жамоат арбоби Кубатбек Кожоналиевни айбсиз топди.

Озодлик қирғиз хизмати маълумотига кўра, суд депутатлар Қирғизистон Жиноят Кодексининг 297-моддаси (Конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартишга оммавий чақириқ) ва 241-моддаси ноқонуний қурол сақлаш моддалари бўйича айбсиз деб топди.

Депутатлар 295-модда (Ҳукуматни зўравонлик билан эгаллаш) бўйича айбдор деб топди.

Суд ҳукми ўқилган жума куни суд биноси олдида уч депутат ҳимоясига акция бўлиб ўтди. Унда 200 киши иштирок этган.

Ҳукм ўқилишидан икки кун аввал Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев уч нафар мухолифат етакчиси устидан бораётган суд жараёнига аралаша олмаслигини таъкидлади.

Уч мухолифатчи ўтган йилнинг 3 октябридаги Бишкекда зўравонликларга айланиб кетган минг кишилик намойиш ортидан ҳисбга олинган эди.

Депутатлар ўша митингда ҳукуматни босиб олиш чақириқларини айтиб, намойишга келганлар гуруҳи билан парламент ва президент маъмурияти биноси панжараларидан ошиб тушишга ҳаракат қилган эди.

Уч депутат ҳибсга олингач, уларнинг тарафдорлари бир неча марта норозилик митинги ўтказган. Баҳор келиши билан эса Жалолобод ва Ўшда Қамчибек Ташиев тарафдорлари адолатли судлов ҳуқуқини таъминлаш ва уларни оқлаш талаби билан яна намойишларни бошлади.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари кенгаши вазиятнинг бу тарзда кескинлашувига йўл қўймаслик илтимоси билан 26 март куни мамлакат ҳукуматига мурожаатнома йўллади.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Қамчибек Ташиевнинг парламент ва президент маъмурияти биносига бостриб кириш ҳаракати кенг жамоатчилик томонидан қораланган. Бироқ мазкур жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов жараёнида Конституция талаблари бузилган ва айбланувчи депутатларнинг адвокатлари тазйиққа учрагани айтилмоқда.

Президент Атамбаев ҳуқуқ ҳимоячиларининг бу каби ташвишларига 27 март куни жавоб қайтариб, агар тергов давомида қонунбузарликлар содир этилгани аниқланса, ҳуқуқ –тартибот тузилмалари ходимлари жазоланишини билдирди.

Уч депутат маҳкамасида давлат қораловчиси сифатида қатнашган прокурор Асанали Иманбеков эса тергов давомида қонунбузарликлар бўлганини рад этди.

Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талант Мамитовга нисбатан суд жараёни 20 январда бошланганди.
XS
SM
MD
LG