Линклар

Россиянинг Лукойл ва Хитойнинг CNPC ширкати “Ўзбекнефтегаз” билан ҳамкорликда Ўзбекистондаги учта газ конини ишга туширади. Айни пайтда инвестиция дастури асосида ишга туширилиши лозим бўлган айрим лойиҳаларнинг тўхтатиб қўйилгани ҳам айтилаяпти.

RusEnergy сайтининг хабар беришича, Россиянинг Лукойл, Хитойнинг CNPC ширкати ва “Ўзбекнефтегаз” май ойи охиригача Бухоро ва Хива вилоятларида жойлашган Хўжасаёт, Хўжадавлат ва Шимолий Олот конлари бўйича шартномани имзолайди.

Мазкур конлар 2011 йилда Хитой геологлари томонидан очилган эди. 2012 йилда “Ўзбекнефтегаз” Хитой ширкати билан конларни ишлатиш юзасидан қўшма корхона ташкил этиш принциплари тўғрисидаги шартномани имзолаган. Қоракўл инвестиция блоки таркибига киритилган бу учта конда йилига 1,5 миллиард кубометр газ қазиб олиш режаланган.

Лукойл Ўзбекистонда Кандим, Ховузак, Шоди, Кунгард конларини ўрганиш ва халқаро консорциум таркибида Орол денгизининг Ўзбекистонга қарашли ҳудудида геологоразведка ишларини олиб бориш билан шуғулланмоқда.
Мазкур лойиҳалар доирасида Лукойл 2017 йилгача газ қазиб чиқаришни 18 миллиард куб метрга етказмоқчи. Ширкат расмийларининг билдиришича, қазиб олинадиган газ тўла миқдорда “Ўзбекнетегаз”га сотилади. Газни қайси ўйналишда экспорт қилинишини “Ўзбекнетегаз” ҳал қилади.

Лукойл ширкати 2012 йилда Ўзбекистонда янги газ заҳираларини топиш ва қазиб чиқаришга 477 миллион доллар сармоя ётқизди. 2011 йилда ширкат Ўзбекистоннинг газ соҳасига 480 миллион доллар сармоя ётқизган эди.

12uz.com нашри хабарида айтилишича, "ЛУКОЙЛ-Узбекистан Оперейтинг Компани" ўтган йил Ўзбекистонда 4,257 миллиард куб метр газ қазиб чиқарган.
Ширкат 2013 йил Ўзбекистонда 4,4 миллиард, 2014 йилда 5,2 миллиард, 2015 йилда 8,2 миллиард куб метр газ қазиб чиқаришни кўзлаяпти.

Ундан олдин Лукойл 2013 йилда маҳсулот бўлашиш ҳақдаги келишув асосида Ўзбекистондаги иккита лойиҳани амалга ошириш учун 678,5 миллион доллар сармоя ётқизиши маълум қилинган эди.

Айни пайтда айрим мустақил ахборот манбалари Ўзбекистонда сармоя муҳитининг ёмонлашгани сабабли инвестиция дастури доирасида амалга оширилиши лозим бўлган лойиҳалар тўхтаб қолганини ҳам хабар бермоқда.

Ўзбекистонда инвестиция дастури доирасида 2013 йилнинг январ-март ойларида фойдаланишга топширилиши керак бўлган объекталарнинг бирортаси ўз вақтида ишга туширилмагани айтилмоқда.

Uzmetronom сайтининг 29 март куни хабар беришича, инвестиция дастурини амалга ошириш муддатлари ҳам ўзгартирилган, айрим лойиҳалар эса мутлақо бекор қилиниши мумкин. Масалан, “Ўзбекнефтегаз”нинг Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги тозалаш иншоотларини реконструкция қилиш лойиҳаси бош пудратчини танлаш юзасидан тендерларда бирон-бир ширкат иштирок этишни истамаётгани учун икки йилдан бери амалга ошмаяпти

“Бунинг асосий сабаби сармояларнинг бир неча маротаба озайиб кетганидадир. Иқтисодчилар капиталнинг эркин ҳаракатланиши имконяитинингг йўқлиги, сармоядорларнинг эртанги кунга ишонмаслиги мана шундай вазиятни юзага келтироиди деб ҳисоблайдилар”, деб ёзади Uzmetronom.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG