Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:32

Пхенян Жанубий Корея билан "уруш ҳолати"га кирганини эълон қилди


Расмий Пхенян Жанубий Корея билан уруш ҳолатига кираётганини эълон қилди. Пхенян ҳукуматининг бу борадаги баёнотида таъкидланишича, “ҳар қандай провокация кенг миқёсли можарога айланиб, ядровий урушга етаклаши мумкин”.

Қўшма Штатлар Шимолий Кореянинг таҳдидомуз баёнотини қоралаб чиқди.

Жанубий Корея Пхенян тарафидан бу каби таҳдидли баёнотлар одатий эканини қайд этди.

Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Корея ярим оролида вазият изидан чиқиб кетиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

Лавровга кўра, вазият назорат этиб бўлмайдиган паллага кириши мумкин.

Жума куни АҚШ ҳарбий учоқлари ўзаро ҳарбий машқлар доирасида Жанубий Корея осмонида пайдо бўлганига жавобан расмий Пхенян Американинг Ҳавай, Гуам ва Жанубий Кореядаги ҳарбий базаларини нишонга олиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин Америка учоқларининг Жанубий Корея ҳаво ҳудудида пайдо бўлишини "улар бизнинг минтақада ядро уруши келтириб чиқариш учун ҳар қандай амалга қўл уришмоқда" деб таърифлаган.

Ким Чен Ин "америкалик империалистлар билан ҳисоб-китоб қилиш вақти етди", деб айтди.

Пайшанба куни Америка ва Жанубий Корея ҳарбий машқлар чоғида бомбардимончи учоқлар парвозини йўлга қўйганди.

Вашингтон минтақадаги ҳар қандай "ҳолат"га тайёр эканлигини айтган.Америка Қўшма Штатлари эса B-2 учоқлари Американинг ўз иттифоқчилари ҳимоясига қодирлиги ва лозим бўлганда мўлжални тез ҳамда аниқ олиши ҳақида баёнот берган.

АҚШ Мудофаа вазири Чак Ҳагел: "Шимолий Кореяликлар ўз амалларининг ҳатарли эканини тушуниб етишлари керак", деб айтди.

"Биз Шимолий Кореянинг иғволарини жиддий қабул қиламиз ва жавоб берамиз", деди у.

Шимолий ва Жанубий Корея 1953 йили ўзаро ўт очишни тўхтатиш билан якунланган қуролли можародан сўнг расман ҳануз уруш ҳолатидадир.

Жанубий Кореяда минглаб аскарларини жойлаштирган АҚШ вазият кесинлашган пайтда Сеул мавқеини қўллаб-қувватлаб келади.
XS
SM
MD
LG