Линклар

logo-print

Журналистик фаолиятим давомида муҳожирлар билан боғлиқ ажойиб ҳикоя ва ғаройиб инсонлар билан учрашишга тўғри келмоқда. Мен Москвада содир бўлган бир воқеани сизларга айтиб бермоқчиман...


Кечки қўнғироқларни ёмон кўраман... Айниқса, тунги 12 лардан кейингисини.

Энди уйқуга кетган эканман, бирдан телефон жиринглашидан уйғониб кетдим. “Кўтармайман, нима бўлса бўлди!”, деб ётавердим. Қўл телефоним тинимсиз жиринглайверганидан кейин, кимдир бекорга 12 дан кейин безовта қилмаса кераклигини ўйлаб, охири кўтаришга мажбур бўлдим.

Қўнғироқ қилаётган Россияда соат кечки 12 дан кейин менга қўнғироқ қилган рус миллатига мансуб биринчи киши эканидан ҳайрон қолдим. Одатда москваликлар соат 9 кейин безовта қилмайди, мабодо қилгудек бўлса - жуда беодоблик қилаётгани учун албатта юз маротаба кечирим сўрайди. Ўзимизникиларнинг тунда ёки эрталабга яқин тўртларда “Нима қиляпсиз, ака? Безовта қилмадимми?”, деб телефон қилишига-ку кўникиб қолдим...

Овозидан ёши катта кўринган рус киши мени мен эканимни тасдиқлатиб олди, кеч безовта қилаётганига кечирим сўраб, “Илтимос, сўраманг кимдан телефонингиз рақамини олганимни. Шунчаки, русча ва ўзбекчани яхши биладиган одам жуда зарур бўлиб қолди, шифохонада ётган аёлга ёрдамингиз керак бўлиб қолди”, деди.

Россия касалхоналарида ётган ўзбек муҳожирларига таржимоннинг ёрдами керак бўлиб қолганига сира ажабланмадим, чунки одатий ҳолга айланиб кетган. Менга собиқ ҳарбий полковник бўлган москвалик бу киши шаҳарнинг касалхоналаридан бирида ётган ўзбек аёлига ёрдамга отлангани жуда қизиқ туюлди. Рози бўлдим.

Биз Сергей Николаевич (телефон қилган одам ўзини шундай таништирди) билан эртаси куни эрталаб 9 ларда Москванинг туманларидан бирида кўришадиган бўлдик.

Сергей ака айтган бино шунчаки касалхона эмас, туғруқхона экани менинг қизиқишимни янада орттирди, бу ғайриоддий ҳодиса эканига ишончим кучайди.

Улкан “Ленд-Ровер” машинасида келишган жойимизда кутиб ўтирган Сергей Николаевич кўринишидан гавдали, ҳарбий форма кийишга ўрганиб қолган, “гражданский” кийимда юришга эса энди кўникаётган оқсоч 55 ёшлар чамасидаги киши экан.

- Гапнинг индаллоси, менинг биттаю-битта ўғлим бор. У сендан ёшроқ, 32 кирди. Келинимнинг аллақандай оғир касали туфайли туға олмаслигини аниқладик. Бормаган жойимиз қолмади, хуллас, дўхтирлар келин қизим бепушт эканини айтишди. Мен эса бой одамман, мен набира кўриш орзусида шунча йил юрдим, яхши оила қурдим, сидқидилдан хизмат қилдим. Лекин мен қийинчиликлардан чекинадиган одам эмасман. Бир таниш дўхтир “Ўғлинг соғ бўлса, бошқа аёлдан туғиб олаверсин”, деди. Келиним ҳам бизни қийналаётганимизни, фарзанд катта қилишни хоҳлаётганимизни тушуниб, дарров кўнди. Ана шунда мен суррогат она қидириб топдим,- деди дарров ўзига яқин олганини “сен”сираш орқали менга билдирган Сергей Николаевич.

Ҳарбий нафақахўрнинг айтишича, у танишлари орқали суррогат она бўлишга розилик берадиган аёлни қидиришга тушган. Унинг бизнесмен ўртоқларидан бири қўл остида ишлаётган саноқсиз ўзбеклар орасида бунақа операцияга кўнган аёллар ҳақида эшитгани ва айнан шулар орасида нисбатан арзон пулга бундай аёлларни топиш мумкинлигини маслаҳат берган.

Бироз вақтдан кейин бундай аёл ҳам топилди... У билан зарурий ҳужжатлар имзоланди, Москванинг энг илғор клиникаларидан бирида зарурий операция қилинди. Ўзбек қизи Сергей Николаевичнинг шаҳар четидаги вилласида яшади, уни бир қатор врачлар назорат қилди. Қилинган УЗИ суррогат онанинг қорнида иккита бола борлигини кўрсатди.

- Вақти-соати етди, 5 кун олдин иккита соғлом бола туғилди. Ана энди болалардан воз кечиш пайтига келиб, бу қизимиз керакли ҳужжатларга қўл қўйишдан воз кечяпти. Нима қилишни билмайман! Русчани ўзи мутлақо билмас эди, ҳозир умуман гапирмай қўйди, нима бўлаётганини биз тушунмаяпмиз, Настя фақат йиғлаяпти, келиним ва ўғлим қўярга жой топа олмаяпти... Нотариус олиб келганман, хонада врачлар комиссияси ва болалар васийлик ташкилотидан одамлар ўтирибди, сизни кутиб олишади,- деди ўзи перинатал маркази қабулхонасидан нарига ўтмаган ва мени келинининг қўлига топширган Сергей Николаевич.

Тушунишимча, менинг ўзбек эканлигимни билган Сергей Николаевич телефонимни олган одамлардан менинг журналист эканлигимни аниқлаштирмаган, кўринади. Акс ҳолда Россияда ҳозирча қонуний бўлмаган бу амалга ўзбек журналистини таклиф қилмаган бўлармиди...

Полина 30 ёшлар атрофидаги озғинроқ, кўринишидан жуда чарчаган аёл экан. Мени қўлимдан “подручка” олиб, у вазиятни тушунтиришга киришди.

- Сергей Николаевич менга вазиятни тушунтирдим, деди. Сиздан катта илтимос – бу ахмоқ қиз нега айнан ҳозир ҳужжатларга қўл қўйишдан бош тортяпти? Билиб беринг, нима хоҳлаётганини. Агар бугун расмийлаштирмасак, бир йиллик қилган ҳаракатларимиз зое кетади, кетган ҳаражатларимизни ҳисобга ҳам олманг. Мен Сергей Николаевич ва Лёняга ичим ачияпти. Ахир эрим охирги бир ҳафта деярли шу туғруқхонада ётди. Таътилга чиқиб олган ота-бола, сиз тасаввур қилмайсиз, қанчалик улар бу болачаларнинг туғилишини кутганини! Қолаверса икковиси ҳам аллақачон болаларни кўрди, эгизакларга исм ҳам топиб қўйишди, -дейди болалар метрикасига Ольга ва Анатолий деб исмлар қўйилганини менга айтган Полина.

Оёғимга бахилл илиб, елкамга оқ халат ташлаб хонага кирдим. Диваннинг бир бурчагида новча рус йигитини деразага қараб ўтирган экан. Диваннинг бошқа бурчагида кўзи ёшга тўла кўримсизгина, кичкинагина, далада чопиқ қилавериб қорайиб кетганлиги кўриниб турган ёш жувон. Иккаласи аразлагандек бири-бирига тескари қараб ўтирибди...

Ўрнидан туриб қўл бериб сўрашган Леонид ўзи программист экан, бунинг ҳаракатларида ҳам бениҳоят чарчоқ сезилди. Мен Лёнядан нариги хонада ўтирган комиссияга киришдан олдин аёл билан гаплашиб олишни сўрадим.

Фарғоналик Насиба (исми, яшаш жойи ўзгартирилган- таҳр.) оддий деҳқон қизи экан. Бу жусса билан қандай қилиб полвон қиз ва полвон ўғилни туққанини тасаввур қила олмадим. Афтидан, туғишда роса қийналган...

Бошқалардан ҳеч нарса билан фарқ қилмайдиган кўп оилали қишлоқ оиласида туғилган, ўқишни битириши билан эрга бериб юборилган, битта фарзандли бўлиб ажрашиб кетган. Эрсиз қолган ва ота-онасию яқинларининг гап-сўзига чидай олмаган Насиба, Ўзбекистонда оилавий бахтини топа олмасдан Россияга пул топгани кетган.

Россияда пул топиш қийин, жой топиш унданда қийин. Кимдир унга бепушт рус оиласига бола туғиб беришни таклиф қилган, бунинг эвазига унга яхши маблағ ваъда қилинганидан кейин у кўнган. Ахир бундай пулни у Россияда умр давомида ишлаб топа олмайди!

Диванда ўтирган Насибанинг устида ўзимизнинг қишлоқ аёллари кийишни хуш кўрадиган гулли хитой халати, оёғида ёғи чиқиб кетган, қаерда ишлаб чиқилганини ҳам аниқлаш қийин бўлиб кетган эски шиппак. Буларнинг сўзларига кўра, бир йилдан бери яхши еб-ичиб юрган бу бечора аёлнинг қўлларига эътибор бердим. Унинг ингичка қўллари қадоқ босган, момомнинг қўлларига ўхшаб ёрилиб кетган.

Инқиллаб, ҳансиллаб базўр ўтирганини кўриб раҳмларим келди...

- Синглим, мен сизнинг аҳволингиздан бохабарман. Айтинг, болларни бергингиз йўқми? Ишонинг, агарда сиз фарзандларингизни бермоқчи бўлмасангиз, уни сиздан ҳеч ким тортиб ололмайди, мен кафиллик бераман. Уларни Ўзбекистонга олиб кетаман, ўзим катта қиламан десангиз, ҳозир шу ердан олиб чиқишим мумкин. Мени фақат бир савол қизиқтиради... Ахир сиз буларникида бир йил яшадингиз, уларни нималаргадир ишонтирдингиз, шунақа бўлишини билиб шу ишга қўл урдингиз. Булар ҳозир сизнинг нима хоҳлаётганингизни тушунмаяпти. Нима қарорга келдингиз ўзи? - дедим.

Ҳамма руслар учун Настяга айланиб кетган Насиба бошини кўтармасдан:

- Тўғри, билиб қилганман. Энди ҳаммаси тугаганда қўрқиб қолдим... – Насиба яна кўзига ёш олди.

Хонанинг нариги бурчагида ҳамма нарсага лоқайд ўтирган ҳамшира қиз биз томонга қизиқиш билан қарар, дунёдаги ҳамма аёлларга хос қизиқиш билан ўзбекча гапларимиз орасида ниманидир тушунишга уринаётгани сезиларди.

- Мен сизга айтдим-ку, ҳеч нарсадан қўрқманг. Фақат кейинги қадамингизни яхшилаб уйлаб қўйинг. Бу икки болани олиб кеттингиз, дейлик. Уларни Фарғонада қолган котта опачаси олдига ташлаб келасизми, сал каттароқ қилиб? Сиз бир ўзингизни боқишга қийналаётган пайтда уларни кўтара олиш, етарли билим, тарбия бера олишингизга кўзингиз етадими? Булар ҳозир биз нима ҳақида гапираётганимизни билмайди. Охирги қарорингиз нима? Ичкарида одамлар кутиб қолди,- дейишим билан Насиба биринчи маротаба менга бошини кўтариб тик қаради.

Мунисгина, бечорагина қиздан бу нигоҳда асар ҳам қолмаган эди.

- Ака, мени тушунмадингиз, мен қўрқяпманки, булар менга пулни бермасдан алдаб уйга жўнатворади. Пулимни олиб беришга ёрдам беринг, - бу Насиба эмас, Москва тарбиясини кўрган ҳақиқий тадбиркор Настянинг гапи эди.

Кўчага чиқдик. Қалин қор ёғаётган экан. Ташқарида сигарет тутатиб турган Сергей Николаевич мени кўриб олдимга илдам қадамлар билан яқинлашиб келдию, кўзимга савол билан қаради.

- Сергей Николаевич, Настянгиз унга ваъда қилинган пул берилмаслигидан қўрқяпти экан. Мен ишлаган пулини берасиз, деб ваъда бервордим. Сизга ишонсам бўладими, ёлғончи бўлиб қолмайманми?

- Оббо қиз тушмагур! Гап бунда экан, денг! Э, мен ўзим қишлоғига олиб бориб қўяман. Фақат мен бир нарсадан қўрқятувдим – қўлига бунча пулни бериш Москвада жуда хавфли, биласизку. Бирор яқини бўлса пул ўтказмаси орқали Ўзбекистонга жўнатганим маъқул, деб уйлаб юргандим. Чин офицер сўзим, ахир гап пулда эмаску: мен икки карра бобо бўлдим! – дея хурсандчилигини яшира олмади Сергей Николаевич.

Қизимиз ўз насибасини оладиган бўлди, Сергей ака набирали, Полина ва Леонид ниҳоят орзусига эришди. Ҳаммаси, бир қарашдан, жой-жойида...

Фақат бу ҳодиса эртаклардаги каби “яхшилик ғалаба қозонди, ҳамма мурод-мақсадига эришди”, деб айтишга тилим бормайди - туғруқхонадан ғаш кўнгилда чиқиб кетдим.

Мен Сергей Николаевичнинг “Гап пулда эмаску!”, деганига “Йўқ, Сергей Николаевич, ҳамма гап айнан пулда!”, дея олмадим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG