Линклар

logo-print

Ўзбекистон ва Уммон қўшма инвестиция ширкати тузди


Уммон Ташқи ишлар вазирлиги Бош котиби Саид Бадр Бин Ҳамад Ал-Бусайдий.

Уммон Ташқи ишлар вазирлиги Бош котиби Саид Бадр Бин Ҳамад Ал-Бусайдий.

Ўзбекистон ва Уммон Султонлиги низомий капитали 500 миллион АҚШ долларига тенг бўлган “UzOmanCapital” қўшма инвестиция ширкати тузди. Ширкатнинг вазифаси икки томон учун инвестиция имкониятларини ўрганиб таклифлар беришдан иборат.

Oman Tribute нашри хабарига кўра, янги ширкат акцияларининг 75 фоизига Уммон ҳукумати номидан Давлат бош заҳира жамғармаси, 25 фоиз акцияга эса Ўзбекистон инвестиция жамғармаси эгалик қилади.

Ширкат икки мамлакатдаги инвестиция имкониятларини ўрганиш, уларни аниқлаш ва икки томонга таклифлар бериш бўйича иш олиб боради.

Уммон Ташқи ишлар вазирлиги Бош котиби Саид Бадр Бин Ҳамад Ал-Бусайдий бошчилигидаги делегация тугаётган ҳафтада Тошкентга уч кунлик ташрифи чоғида Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири Элёр Ғаниев билан қўшма инвестиция ширкати тузиш ҳақидаги низомий ҳужжатларга имзо чекди.

Маълумотларга кўра, янги ширкат бош қароргоҳи Тошкентда жойлашади. Фаолият доираси кенгайганидан кейин Уммонда ҳам ширкат идорасини очиш режаланган.

Уммон ва Ўзбекистон делегациялари ўртасидаги музокара чоғида томонлар нефт ва газ ширкатлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга, икки томоннинг инвестиция имкониятларини ўрганишга келишиб олдилар.

Oman Tribute нашрига кўра, Тошкентга сафар қилган Уммон делегацияси таркибида Уммон савдо ва саноат палатаси раиси Ҳалил Бин Абдулла Ал-Хонжий, Давлат бош заҳираси жамғармаси раҳбари Абдулсалом Бин Муҳаммад Ал Муршадий, Уммон инвестиция жамғармаси Бош директори, Уммон Нефт ширкати ва Омран нефт ширкати бош директор ўринбосари, ҳукумат расмийлари, ишбилармон доиралар вакиллари бўлган.

Эслатиш жоизки, жорий йил март ойи бошида Уммон Инвестиция жамғармаси Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида цемент заводи қуриш лойиҳасида иштирок этишни рад қилган эди.

Буни ҳукуматдаги манбага асосланиб Times of Central Asia Интернет нашри маълум қилган.

Манбага кўра, Уммон Инвестиция жамғармаси мазкур лойиҳа даромад келтирмайди, деган хулосага келганидан сўнг келишувни бекор қилган.

2010 йилда Ўзбекистон ва Уммон Сурхондарё вилоятида цемент заводи қуриш учун қўшма корхона ташкил этиш тўғрисида ҳукуматалараро келишув имзолаган эди.

Хабарга кўра, мазкур лойиҳа қиймати 250 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.
XS
SM
MD
LG