Линклар

Бош прокурор инсон ҳақларини бузган амалдорга жазони кучайтирмоқчи


Ўзбекистон Бош прокурори Рашиджон Қодиров.

Ўзбекистон Бош прокурори Рашиджон Қодиров.

Ўзбекистон Бош прокурори Рашиджон Қодиров инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун талабларини бузган давлат идоралари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, мамлакат парламентига тақдим этмоқчи.


12uz.com сайтининг ёзишича, бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокурори Олий Мажлис юқори палатасида (Сенат) берган ҳисоботида айтган.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича амалдаги қонунчиликка риоя қилиниши юзасидан прокуратура назоратини янада кучайтириш чоралари ҳақида депутатлар олдида ҳисоб берган Рашиджон Қодиров фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича мавжуд меъёрий-ҳуқуқий база, ташкилий-ҳуқуқий механизмларни татбиқ қилиш бўйича ишлар бугунги кун талабларига тўла жавоб бермаслигини урғулаган.

“Жой-жойларда мансабдор шахслар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасидаги қонун талабларини эътиборсиз қолдириш, фуқароларнинг мурожаат ва шикоятлари бўйича чора кўрмаслик, фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий, меҳнат ва бошқа манфаатларига дахлдор масалаларни ҳал қилишда суиистеъмол ҳолатлари бўлиб турибди”, дея қайд этган Бош прокурор бу каби камчиликларга йўл қўяётган идоралар қаторида Давархитектқурилиш, Давгеодезеркадастр, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда бошқа давлат ташкилотларини тилга олган.

- Фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бўйича қонунчилик талабларига эътиборсизлик, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқмай ташлаб қўйиш, улар томонидан кўтарилган муаммолар юзасидан чора кўрмаслик ҳолатлари бўйича прокурорларнинг қарорлари ва таклифлари асосида тегишли мансабдор шахслар интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилдилар, бу борада жиноий ишлар қўзғатилган ҳолатлар ҳам бўлди, - деган Ўзбекистон Бош прокурори.

Айни пайтда қароргоҳи Парижда бўлган “Ўтюраклар клуби” халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева Ўзбекистон Бош прокурорининг мамлакат фуқаролари ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги самимиятига ишонмаслигини айтади.

- Бу ерда энг кулгили жойи инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича бир қатор вазирликларни санаб ўтган. Давлатархитектурақурилиш, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигини санашдан олдин, биринчи ўринда, инсон ҳуқуқлари бузилишига прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар тизими, ундан кейин ҳокимиятлар, Сайёра Рашидова (Ўзбекистон Омбудсмани назарда тутилмоқда – таҳр.) ва Акмал Саидовлар (Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори назарда тутилмоқда – таҳр.) ҳам киритилганда ҳақиқат кўринган бўларди. Нима учун мен Сайёра Рашидова ва Акмал Саидовларни ҳам айтаяпман? Боиси прокуратура, милиция, Миллий хавфсизлик хизмати, ҳокимиятлар томонидан ҳуқуқи бузилаётган фуқаролар айнан Саидов ва Рашидовага қилган мурожаатлари бўйича ҳам ҳеч қандай ижобий натижа олаётганлари йўқ, деб ҳисоблайман. Рашид Қодиров яна ҳар доимгидек кўзбўямачилик билан шуғулланган, - дейди Мўътабар Тожибоева.

Ўзбекистон Бош прокурори ўз ҳисоботида 2012 йилда инсон ҳуқуқларига оид қонунлар моҳиятини фуқароларга тушунтириш мақсадида мамлакат бўйлаб 125 минг тадбир ўтказилгани, оммавий ахборот воситаларида 23 мингдан зиёд чиқишлар қилинганини айтган.

“Ўтюраклар клуби” раҳбари Тожибоева хоним эса Ўзбекистон Бош прокурори Рашиджон Қодировнинг матбуотда чиқиш қилишдан кўра долзарброқ ишлари борлигини урғулайди.

- Биринчи ўринда Бош прокуратура жамоатчилик назоратини йўлга қўйишга ташаббускор бўлиб чиқиши керак, деб ўйлайман. Иккинчиси, прокуратура айнан шу қонунлар ижроси бўйича назоратни кучайтириш керак, деб ҳисоблайман. Яна Рашид Қодиров Бош прокурор сифатида қамоқхонадаги қийноқларга чек қўйиш учун айнан жазони ижро этиш муассасаларида қонунчиликка итоат этилиши устидан назорат қилувчи Махсус прокуратура иш-фаолиятини қайтадан кўриб чиқиши керак. Уларнинг қилаётган ишлари қай даражада реал фойда бераяпти – мана шунга алоҳида урғу бериши керак, деб ўйлайман, - дейди “Ўтюраклар клуби” халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG