Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:35

.UZ доменлари муддатини узайтириш тартиби ўзгарди


UZ домени маъмурияти доменлар муддатини узайтириш тартибига ўзгартиш киритди. Бундан мақсад Интернет сайтлари сони камайишига йўл қўймаслик ва муштарийлар сони кўпайишига ҳисса қўшишдан иборат экани айтилмоқда.

UZINFOCOM Компютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва амалга ошириш марказининг UZ миллий доменини ривожлантириш гуруҳи бош мутахассиси Владислав Дейхин Озодлик билан суҳбатда доменлар муддатини узайтириш бўйича ишлаб чиқилган янги тартиб 28 мартда кучга кирганини маълум қилди.

Дейхиннинг айтишича, бундан мақсад .UZ доменидан фойдаланувчилар учун қулайлик яратишдир.

- Олдин доменлар муддати тугашига икки ой қолганда уни узайтириш мумкин эди. Шундай фойдаланувчилар борки, доменни узайтирадиган пайтда улар хизмат сафарида бўлишлари мумкин ёки уларда молиявий муаммолар бўлиши мумкин. Шу боис уларга домен муддати тугашидан бир йил олдин уни узайтиришга имкон яратилди.

Масалан, сиз доменингизни 5 йилга рўйхатдан ўтказган бўлсангиз, тўрт йиллик муддат тугаши билан бир йил давомида ўзингизга қулай пайтда домен муддатини узайтиришингиз мумкин, - дейди UZ миллий доменини ривожлантириш гуруҳи бош мутахассиси.

Владислав Дейхинга кўра, ҳозир Ўзбекистонда доменлар номини рўйхатга оладиган 12 та қайдга олувчи (регистратор) бор. Улардан олтитаси Тошкент шаҳрида олтитаси вилоятларда фаолият юритмоқда.

- Ҳозир бизда домен номларини рўйхатга оладиган 12 та регистратор бор. Уларда нархлар бир-биридан катта фарқ қилмайди. Доменни бир йилга рўйхатдан ўтказиш ва узайтириш ўртача 25-30 минг сўмни ташкил қилади. Доменни бир йилдан ўн йилгача рўйхатдан ўтказиш мумкин, - дейди UZ миллий доменини ривожлантириш гуруҳи бош мутахассиси Дейхин.

Интернет сайтлари бир маромда фаолият олиб боришини таъминлаш мақсадида UZINFOCOM маркази жорий йил январ ойи ўртасида доменларни 10 йилгача рўйхатга олишга рухсат берган эди.

Дейхин ҳозир битта доменни 10 йилга рўйхатдан ўтказиш учун тахминан 250-300 минг сўмни тўлаш кераклигини қўшимча қилди.

UZ миллий доменини ривожлантириш гуруҳи бош мутахассисига кўра, 2013 йил 1 апрелига қадар .UZ доменида 16200 та сайт рўйхатга олинган. Улардан 7348 та домен (46%) жисмоний шахслар, 8852 та домен (54%) юридик шахсларга тегишли.

Айни пайтда 13676 та домен Ўзбекистонда яшовчи фуқаролар, 2524 домен Ўзбекистонда яшамайдиган хорижликлар томонидан рўйхатдан ўтказилган.

Владислав Дейхин UZINFOCOM Компютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва амалга ошириш маркази хорижда яшаётганлар қайси давлат фуқароси бўлишидан қатъий назар, http://cctld.uz/ сайти орқали .UZ доменида ўз сайтларини оча олишлари, рўйхатдан ўтказишлари ва домен муддатини узайтиришлари мумкинлигини урғулади.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги маълумотига кўра, 2012 йилда Ўзбекистонда Интернетдан фойдаланувчилари сони 9 миллиондан ошган.

Айни пайтда UZ доменида мустақил ахборот сайтлари ёки расмийлар сиёсатига муқобил мулоҳазаларни акс эттирадиган веб-ресурслар йўқ.

Ўзбекистонда эркин ахборот ёйинлайдиган бошқа хорижий доменли сайтларга кириш учун тўсиқ қўйилган.

Кенг тасмали алоқа ва Интернет тармоғи тадқиқи билан шуғулланувчи Ookla ширкати 2013 йил 10 январ куни эълон қилган ҳисоботда Ўзбекистонни Интернет тезлиги энг суст ва заиф бўлган давлатлар қаторига қўшган.

Ўзбекистон Интернетдан маълумотлар юклаб олиш тезлиги бўйича 180 та давлат ичида 166-ўринни (1,81 Мбс) эгаллаган.
XS
SM
MD
LG