Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:05

Г.Каримова: Машинам ойнасини синдирганлар жазосиз қолмоқда


Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Интернетдаги саҳифасида уч тилда эълон қилинган блоги орқали ёзишича, Женевадаги уйида БМТ томонидан берилган хизмат машинасининг ойналари синдирилган ва почта қутисига ғалати нарсалар ташлаб кетилган.

"Машинамнинг ойнасини чилпарчин қилишди"


Гулнора Каримованинг Женевадаги уйи - "Ўзбекистоннинг БМТ Миссияси ҳудудидаги ер ости гаражидаги хизмат машинасининг ойналарини чилпарчин қилишди".

Бу ҳақда 31 март куни Гулнора Каримова ўзининг wordpress.com саҳифасида ўзбек, рус ва инглиз тилларида эълон қилинган "Пул тўлаетганларнинг асаби бардош бера олмаганда" номли блогида ёзган.

Каримова хоним БМТ Миссиясига қарашли хизмат машинасининг ойналари чилпарчин қилингани "ҳақиқат изловчи" мухбирлар эътиборидан четда қолаётганига ажабланиш билдиради.

Ушбу блогда воқеа қачон ва ким томонидан содир қилингани ёзилмаган. Лекин Гулнора бутун блоги давомида жорий йилнинг 2 мартида Женевадаги "уйига бостириб борган" шахсларни, аниқроғи, Мўътабар Тожибоева ҳамда собиқ элчи Крейг Мюррейни анча ёзғирган. Жумладан, уларни дирижёр ёрдамида шоу ижро қилувчи "қўғирчоқ"қа қиёслайди.

Женевадаги уйига "ноқонуний тарзда киришга уринган шахслар почта қутисига ғалати буюмларни ташлаб" кетганлари ҳақида ҳам ёзган Гулнора, бу ҳаракатни жиноий жавобгарлик, деб ҳисоблайди. Айни пайтда блогда почта қутисига нима ташлангани очиқланмаган.

Каримова Швейцарияда содир бўлган ушбу воқеаларни махсус буюртма асосида, яхши йўлга қўйилган, "бироқ анчагина чапани тарзда" амалга оширилган шоу, деб ҳисоблайди.

"Бирлари буюртма беришса, бошқалари пул тўлаб, ижод қилишади, қолганлари эса ижро этадилар", деб ёзади Гулнора блоги орқали.

Каримова хоним кейинги пайтларда ўзига нисбатан "қизиқ, креатив ва унчалик бўлмаган кўргазмали чиқишлар" намойиш этилганини тилга олиб, буни ўзининг қайсарлиги, ишонган нарсасини ҳимоя қилиши, ошкора ва фаол бўлгани эвазига "ҳақ тўлаш", деб ҳисоблайди.

Гулнора бу "ҳақ тўлаш" уни қўрқитиш ва шантаж қилиш ҳисобига бўлаётганини таъкидлайди.

М. Тожибоева: машинанинг ойнасини биз синдирмадик


Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси, ҳозирда Францияда яшаётган "Ўтюраклар клуби" ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева Озодлик билан суҳбатда Гулнора Каримованинг Женевадаги уйига борган пайти унинг ертўласидаги машинасига тегмаганликлари айтади.

- Йўқ, биз машинанинг ойнасини синдирмаганмиз. Кейин биз, Гулнора Каримова айтганидек, у ерда шовқин-сурон ҳам қилмаганмиз, дейди Мўътабар Тожибоева.

Ҳуқуқ фаолига кўра, улар почта қутисига фақат ташриф қоғози ташлаган.

- Почта қутисига биз “визитная карточка” ташлаганмиз. Эшикни тақиллатиб, “звонок”ни чалганмиз. Ҳеч ким бизга жавоб бермаган. Кейин шу ерга келиб-кетганлигимизнинг изи қолиши учун мен ва Крейг Мюррей ўзимизнинг “визитка”мизни почта қутисига ташлаганмиз, дейди Мўътабар Тожибоева.

Ҳозирда 2 март кунги воқеа бўйича терговолди жараёни давом этмоқда. Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, уларнинг Гулнора Каримова уйига боргани бўйича Денис Макаров исмли шахс номидан полицияга шикоят аризаси берилган.

Тожибоевага кўра, полицияга берилган аризада Денис Макаров БМТдаги Ўзбекистон ваколатхонаси атташеси сифатида қайд қилинган.

Озодлик мухбири Женевага қўнғироқ қилиб, Денис Макаров билан телефон орқали боғланганида, у Гулнора Каримовага алоқаси борлигини инкор қилди.

- Сиз телефон рақамимни қаердан олдингиз? Мен у кишини танимайман. Мен у ерда ишламайман, деди ўзини Денис Макаров деб таништириб, рус тилида гаплашган йигит.

Солиқ ҳисобидан маош оладиган оддий мулозима


Каримова хоним 2008 йил сентябр ойидан буён Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ қароргоҳи ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили ҳисобланади.

Лекин Каримова хоним сўнгги ойларда Женевадаги иш ерида кўринмай қолган.

Bilan журнали 2011 йилда Ўзбекистон биринчи қизларининг бойлиги 1 миллиард долларни ташкил этади, дея уларни Швейцариянинг энг бой кишилар рўйхатига киритган эди.

Швейцария матбуоти улар 2009 йилда Женева кўли соҳилида ҳашаматли виллаларни сотиб олганлари ҳақида ёзган.

Bilan журналига кўра, Гулнора Каримова сотиб олган уй нархи 19 миллион АҚШ долларига тенгдир.

Ўзини давлатдан маош олиш ҳисобига яшайдиган давлат мулозими қилиб кўрсатишга уриниб келаëтган Гулнора Каримова Bilan журналига берган интервьюсида бу бойликлар юзасидан изоҳ бермаган.
XS
SM
MD
LG