Линклар

Ўзбекистонда тиббий хизмат пулликми ёки текин?

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистондаги туғруқхоналарда айниқса порахўрлик кучайгани айтилади

Ўзбекистондаги туғруқхоналарда айниқса порахўрлик кучайгани айтилади

Навбатдаги "Баҳс майдони"да ўзбекистонлик дўхтирларнинг бугунги фаолияти, уларнинг пора олиш ёки олмаслиги ҳақида баҳс юритилди.

"Баҳс майдони"нинг навбатдаги сонига ушбу мавзуни танлашга Озодликнинг "Эркин микрофон"ида билдирилган фикрлардан бири сабаб бўлди.

“Болам касал бўлиб, дўхтирга олиб бордим. Биринчи дўхтир кўриб, тўрт ярим минг сўм сўради. Андиша қилиб бердим. Анализга юборди. У дўхтир ҳам пул олди. Андиша қилиб, индамадим. Рентгенга юборишди, унга ҳам тўлашга тўғри келди. Киссамда бир тийин қолмади. Яна пул сўрашган эди, кейин ёрилдим. Ахир бизда тиббий хизмат бепул-ку. Кейин поликлиника бош врачига чиқиб, ҳаммангни устингдан ёзаман, деб тўполон қилдим. Бош врач: "ўзингизни босинг" деб чиқиб кетди ва барча тўлаган пулларимни қайтариб олиб берди. Булар андишани отини қўрқоқ қўйишди, лекин ўзбекнинг андишаси тугаса ёмон бўлади”, деди наманганлик Баҳром.

Биргина наманганлик Баҳром эмас, балки Озодлик радиосига мурожаат қилган кўпчилик ўзбекистонликлар бугун дўхтирлар аксарият ҳолларда беморни бепул даволамаслиги, доим пул ёки бошқа бир нарса таъма қилиши ҳақида гапирадилар.



Ўзбекистон тиббий хизмат кўрсатиш текин эканлигига қарамай, оддий поликлиникаларда, туғруқхонларда порахўрлик урчиётгани айтилади. Тингловчиларга кўра, ҳозир ўтказилаётган жарроҳлик амалиётлари фақат пора бериш билан амалга оширилмоқда.

Бироқ, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган дўхтирлардан бири уларни пора олишга мажбур қилаётган омиллар борлиги, озгина маошнинг ўзига тирикчилик қилиш қийин бўлиб қолгани ҳақида гапирган эди.

Аммо, духтурга иши тушган одамлар уларнинг нафси тобора ҳакалак отиб бораётганидан шикоят қиладилар.

Хўш, бугун Ўзбекистондаги поликлиника, беморхона ёки туғруқхоналарга иши тушган одамлар порасиз даволана оладими?

Дўхтирлар бугун беморларни текинга даволайдими?

Беморнинг ёки унинг яқинларининг ўз ҳуқуқини талаб қила олмаслиги бу ўзбекнинг андиша қилишими ёки қўрқоқлиги?

Тиббиёт соҳасини порахўрликдан тозалаш учун нима қилиш керак?


Навбатдаги Баҳс майдонида ана шу саволлар устида мунозара юритилди.

Баҳсда Самрқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги болалар шифокори Абдурайим Бозоров, Наманган вилоятининг Поп туманидан терапевт-шифокор Баҳодир ака, хоразмлик тингловчи Қаҳрамон Матёқубов ва тошкентлик иккинчи гуруҳ ногирони Абдуқаҳҳор Мусаев иштирок этди.

Абдуқаҳҳор Мусаев: -Бу врачлар шаънига туҳмат эмас. Бошимдан ўтганини гапиряпман. Ҳамза туманида Эргашев номли поликлиника бор. Мисол учун ўзим яқинда болнисага ётиш учун бордим. Эшигига катта қилиб ёзиб қўйган, хизматлар текин деб. Дўхтирни олдига кирдим, анализ топширинг, деди. Анализга кирсам 5 минг берасиз, деди. Кардиограмма қилдиргани кирдим. Бу ҳам 5 минг. Ана ёзиб қўйибсизларку бепул деб десам, энди бу қоғозда, дейди. Бу бир шингил холос, медицинанинг бошқа ҳамма соҳаларида хизматлар ҳам, қаровлар ҳам пуллик. буни исботлаб бериш жуда осон...

Абдурайим Бозоров: -Бу нарса ҳар битта тумандаги тиббиёт бўлими бошлиқларига бориб тақалади. Тўғри, пора олиб ишлайдиган дўхтирлар ҳам бор, буни инкор қила олмаймиз. Ахир одамларнинг ўзлари келтириб беради. Лекин биз олмаймиз. Агар олганимизда ҳозиргидек велосипед эмас. балки баъзи дўхтирлардай супер мошинлар миниб юрардик...

Қаҳрамон Матёқубов: -Йўқ, айбни фақат дўхтирлардан эмас, балки одамларнинг ўзларидан қидириш керак. Масалан, роддомда чақалоқ туғилса, суюнчи деб, фаррошдан тортиб бош врачини чўнтагигача пул тиқишади. Аслида бунинг сабаби бош врачлар. Бош врач бўлишлик ҳозир таниш-билишчилик ва катта пора эвазига бўляпти....

Баҳодир ака: -Мушук офтобга текинга чиқмагандек, духтурлар ҳам текинга ишламайди деган гапда жон бор. Биз ўзбеклар сабаб ва оқибатни яхши тушунмаймиз. Бу оқибат. Жамиятнинг оқибати тиббиётда ҳам намоён бўляпти. Бутун амаллар ҳозир сотилаётгандан кейин, албатта порахўрлик бўлади-да. Лекин пора билан дўхтирларни тақдирлашни фарқига бориш керак. Бемор яхши бўлиб соғайгандан кейин хурсанд бўлиб бир ош қилиб беради, ёки бир совға беради. Лекин бу пора эмас, халқимиз шунга ўрганган. Лекин дўхтирларга ҳам осон эмас. Юзлаб комиссия бор, э юзлаб. Уларни ҳаммасини рози қилиш керак, зиёфат қилиш керак. Агар бу харажатларни врач чўнтагидан қилса оч ва яланғоч қолади.... бу жамиятнинг касали.....

Баҳснинг тўлиқ вариантини қуйида тингланг:

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG