Линклар

Подмосковьенинг Жуковский шаҳрида ҳам шаҳар ҳокимлигига сайловда ғолибликни Путиннинг “Единая Россия” партияси қўлга киритганига қарамасдан, кузатувчилар сайлов давомида оммавий қонунбузарликлар, жумладан сайлашнинг янгича “методлари” қўлланилганини айтмоқда.

31 март куни Россиянинг айрим минтақаларида шаҳар ҳокими ва маҳаллий депутатлар кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди.

Москва вилоятининг илм-фан марказларидан бири бўлган Жуковский шаҳридаги мэрлик лавозими учун ўтказилган муддатдан олдинги сайлов сиёсий жанжални келтириб чиқарди.

Асосан, зиёлилар яшайдиган бу шаҳарда “Единая Россия” партиясига ишонч даражаси ўта паст бўлишига қарамасдан, сайловнинг расмий натижаларига биноан бу лавозимни единоросс Андрей Войтюк эгаллади.

Москва вилоят сайлов комиссияси тарқатган маълумотга кўра, овоз беришда 37 фоиз сайловчи иштирок этган.

11 нафар номзод орасида 36,7 фоиз овоз олган маҳаллий МЧС маркази раҳбари Андрей Войтюк ғолиб, деб топилди.

Кейинги ўринларни Прохоровнинг “Гражданская платформа” ҳаракати вакили Игор Новиков (27,6 %), коммунист Александр Аниканов (25%)лар эгаллади.

Номзодлар орасида сайловчиларнинг, тахминан 4 фоиз овозини эгаллаган яна бир ғаройиб шахс –“Ўргимчак” тахаллуси билан ижод қилувчи қўшиқчи Сергей Троицкий ҳам бор эди.

Маҳаллий полиция бўлимларига сайлов давомидаги қонунбузарликлар тўғрисида 45 га яқин аризалар тушганига қарамасдан, вилоят Сайлов комиссияси раиси Ирек Вильданов “бу бузилишлар сайлов натижаларига шубҳаланишга асос бўла олмаслигини” журналистларга маълум қилди.

- Сайлов мутлақо легитим ва унинг натижалари устидан шикоят қилишга асос йўқ, деб ҳисоблаяпмиз. Барча қийинчиликлар ортда, Жуковский эса янги бошлиққа эга бўлди, деган Ирек Вильданов қандай қийинчиликларни назарда тутаётганини очиқламади.

Айни пайтда, овоз бериш участкаларида фуқаролар ва кузатувчилар томонидан видео ва фотога олинган оммавий қонунбузарликлар тўғрисида материаллар эълон қилинишда давом этмоқда.

Россиянинг бошқа минтақаларида, хусусан Уралда, деярли барча сайловларда “Единая Россия” номзодлари ғолиб чиққани айтилмоқда.

Мутаҳассислар Жуковскийда “ҳокимият партияси” саналган “Единая Россия” томонидан янги сайлов технологиялари ишлатилганини гапирмоқда.

Озодлик бу техлологияларга алоҳида тўхталиб ўтишга қарор қилди...


“Менинг номимдан пул тарқатганлар – провокатор!”

Москва вилояти Сайлов комиссияси томонидан аллақачон шаҳар мэри, деб эълон қилинган Андрей Войтюк сайлов куни журналистларни матбуот анжуманига чақирди.

Маълум бўлишича, Жуковскийнинг бир нечта жойларида ҳар бир овоз учун сайловчиларга минг рублдан пул тарқатилган.

“Тарғибот пункти. Жуковский шаҳри” деб ёзилган бир парча қоғозда унинг эгаси номзод “Войтюк Александр Петровичга”нинг расмий ташвиқотчиси экани кўрсатилган.

“Эътиборингизни қаратаман – бу аниқ провокация”, дейди йиғилганларнинг эътиборини карточкадаги “Александр Войтюк”, деган ёзувга қаратган Андрей Войтюк.

- Қизиғи, бунақа жойларни қанчалик кўп аниқлашга уринилса, бундай ифлос жойлар шунчалик кўпаймоқда. Менга бунинг кераги йўқ! Мен усиз ҳам аниқ олдиндаман. Кимга овоз етишмаётганига қаранг, шунда тушунасиз бунинг кимга кераклигини, деди Андрей Войтюк.

Мустақил кузатувчилар эса буни янги технологик сайлов усули экани, кейинчалик судда жавобгар Андрей эмас “номаълум Александр Войтюк“ бўлишини гапирмоқда.

Youtube порталида эса овоз берган сайловчиларнинг шу “ҳужжат” эвазига ваъда қилинган пулни олаётгани тасвирланган видеолавҳалар пайдо бўлди.


“Единая Россия” рейтинги пасаймоқда”

Жуковскийнинг олдинги ҳокими Александр Бобовников “Единая Россия” вакили бўлган ва ЦАГИ ўрмони можароси давомида шаҳар жамоатчилиги босими остида шу йилнинг 21 январида истеъфога кетган. Ўшанда шаҳар аҳолисининг ўрмон ўртасидан ўтадиган шоссе йўлини айлантириб ўтиш таклифига “юқоридагилар” буйруғини бажараётганини айтган Бобовников қурилиш давом этишини маълум қилган.

“Стратегик жойни” беришни истамаётган ҳукумат партияси эндиликда минтақаларда нуфузи кескин пасайиб кетганини ҳисобга олиб, номзодларни “Единая Россия” номидан эмас, балки якка номзод сифатида сайловларга қўймоқда.

"“МЧС номзоди” саналган Андрей Войтюк сайловларда “Единая Россия” фаол аъзоси эканини яшириб келди", дейди Озодлик билан суҳбатлашган “Голос” кузатувчилар ассоциацияси мувофиқлаштирувчиси Роман Удот.

- Сўнгги пайтларда ҳокимият партияси аъзолари бу партияга алоқадорлигини яшириб сайловларда иштирок этаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. “Единая Россия”нинг рейтинги шу қадар ёмонки, номзодлар якка номзод сифатида сайловларда иштирок этиб, айни пайтда партия ва ҳокимиятнинг ёрдамидан фойдаланиб келмоқда. Хулоса қилишим мумкинки, ўзини “”Единая Россиядан”, деб айтишга уяляпти, дея кулади сиёсатшунос Роман Удот.


“Ўргимчак” Войтюкка овоз берганларга пул тўлаяпти”

Москва вилояти бўйича Ички ишлар бошқармаси сайлов куни ва ундан кейин 45 қонунбузарлик тўғрисида полицияга ариза келиб тушгани, 16 киши “ноқонуний агитация” олиб боргани учун ҳибсга олингани ва кейинчалик қўйиб юборилганини маълум қилди.

Сайлов бошланиши биланоқ, номзодлардан бири бўлган “Коррозия металла” рок гуруҳи лидери Сергей “Ўргимчак” Троицкий штаби сайловчилар овозларини 500 рублга сотиб олаётгани тўғрисида гап тарқади. Сайловдан кейин овоз берганларга яна 1000 рублдан берилиши айтилди.

Бироқ кейинчалик “Ўргимчак”нинг номини “шартномада” яна ўша “номаълум Александр Войтюк” эгаллади.

Олдинроқ Химки шаҳридаги худди шундай сайловларда мағлуб бўлган Сергей Троицкий Жуковский сайловларига бағишлаб, ҳатто қўшиқ ёзган эди.

PR-мутахассислар ва блогерлар сайлов натижаларига кўра сайловчиларнинг 3 фоиз овозини йиға олмаган мусиқачи Сергей Троицкий реал сайловчиларнинг бир қисми овозини ўзига тортиш ва шу билан бирга сайловчиларнинг овозларини Войтюкка сотиб олиб бериш учун хизмат қилаётганини тахмин қилмоқда.

Мавжуд ҳукуматга аҳолининг нисбатан мухолифлиги кучли бўлган Жуковский шаҳрида яна бир бор “Единая Россия” вакили ғолиб чиққанини кузатувчилар мухолифатчиларнинг парокандалиги билан ҳам боғлади.

Сиёсий технологиялар бўйича мутахассис Сергей Митин бундай номзодларнинг турли сайловларда иштирок этиши номзодларга ишончни камайтираётгани, аҳолининг сиёсий фаоллигини сусайтириб, ноқонуний амаллар учун кенг йўл очиб беришини таъкидлади.

Жуковский шаҳридаги сайлов, шунингдек "уйида ўтириб, сайловда иштирок этганлар" сонининг кўплиги билан ҳам тарихда қоладиган бўлди.
XS
SM
MD
LG