Линклар

АҚШ Жанубий Кореяга жанговор учқичлар жўнатди


АҚШнинг "B-2 Spirit" русумидаги бомбардимончи учқичи.

АҚШнинг "B-2 Spirit" русумидаги бомбардимончи учқичи.

АҚШ Жанубий Корея билан ўтказилаётган ҳарбий машқларга “F-22" стелс русумидаги энг замонавий учқичларни жўнатди. Мазкур ҳарбий машқлар Шимолий ва Жанубий Корея ўртасида вазият кескинлашган бир пайтда ўтказилмоқда.


АҚШ ва Жанубий Корея ҳарбийлари биргаликда ўтказаётган машқларга Вашингтон “F-22 Raptor” русумидаги радар илғамайдиган энг замонавий жанговор учқичлар жўнатди.

Ўтган ҳафтада АҚШ қўшма ҳарбий машқларга “B-2” русумидаги иккита бомбардимончи учқични жўнатган эди.

Шимолий Корея Қўшма Штатларининг ушбу хатти-ҳаракатини провокация дея бахолаган.

Душанба куни Жанубий Корея Президенти Пак Ким Ҳё Мудофаа вазири Ким Кван Жин ва бошқа қўмондонлар билан учрашди.

Учрашувдан сўнг Жанубий Корея президенти ўз мамлакати Шимолий Кореянинг тахдидларини “жуда жиддий қабул қилиши”ни айтди.

- Жанубий Корея ва унинг халқига қарши ҳар қандай провокация бўлса, сиёсий оқибатларни ўйламай дастлабки жавоб кескин бўлиши керак, дея баёнот берди Жанубий Корея президенти.

Айни пайтда, Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ун 31 март куни ўз мамлакатининг янги старатегик мақсадини эълон қилди.

Ҳукмрон Ишчилар партияси марказий қўмитаси ялпи мажлисида сўзлаган Ким Чен Ун Шимолий Корея ўз ядровий қудратини ошириш ва халқаро санкцияларга қарамай, мамлакат иқтисодиётини қайта тиклаш йўлидаги ишларни давом эттиришини таъкидлади.

Шимолий Корея жорий йил февралида учинчи ядровий синов ўтказганидан кейин Корея ярим оролида вазият кескин тус олди.

Пхеняннинг ядровий синовига жавобан БМТ ва Вашингтон Шимолий Кореяга нисбатан қўшимча санкциялар жорий қилди.

30 март куни Шимолий Корея икки корейс давлати ўртасида “уруш ҳолати” эълон қилди.

Ўтган ҳафтада Шимолий Кореянинг давлат қарашли ахборот воситалари узоқ масофага учадиган ракета қисмлари АҚШнинг Гуам, Ҳаваи ва Қўшма Штатлар ҳудудидаги базаларни нишонга олаётганини хабар қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG