Линклар

Ўз твитларида Озодликни бош вазир биринчи ўринбосари Рустам Азимовни пиар қилганликда айблаган @GulnaraKarimova ўз издошлари билан қизғин муҳокамаларида давлат мулозимининг "4 миллиард долларлик" бойлиги ҳақидаги иддаолардан гап очди.

Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова, деб ишонилган Twitterнинг фаол фойдаланувчи @GulnaraKarimova 1 апрел кунги ёзишмаларида Озодлик радиосини Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимовни пиар қилганликда айблади.

"Энг қизиғи, нима учун Озодлик Рустам Азимовнинг пинҳона пиари билан шуғулланаяпти?", дея ўз издошларига савол ташлади @GulnaraKarimova ва Озодлик мақоласига линк берди.

Бу мулоқотда иштирок этган Dr.Chase, Госслужащий, Riovacio каби твиттерчилар бу борада @GulnaraKarimovaни қувватлаб, Рустам Азимовни эса танқид қилдилар.

Бу танқидлар давомида Бош вазир ўринбосари яширин тарзда Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф, мазмундаги иддаолар ўртага ташланди.

Ўзбекистон сиёсатидаги муҳим фигуралардан бири ва муҳими, президент Ислом Каримовга ворис, деб кўрилган Рустам Азимов билан Twitter орқали курашини давом эттирган @GulnaraKarimova янги айбловларни илгари сурди.

@GulnaraKarimova: "Ҳақиқатда, қизиқ фикр: агар Озодлик доимий равишда расмий Ўзбекистонни танқид қилиб келса, нима учун бирдан Азимовни бу қадар пиар қилаяпти ёки у ҳукумат вакили эмасми?!" дея савол ташлайди.

Бундан ташқари унинг твитларидан бирида: "Бу ерда йигитлар айтишяптики, 4 миллиард доллар!!! Азимовда бор" деган шарҳ ҳам қолдирилди.

Бундан ташқари, бунчалик маблағи бўлган давлат мулозимининг Озодлик радиоси муассиси бўла олиши ҳам мумкинлиги ҳақидаги қочиримлар ўртага ташланди.

Ўзбекистон Бош вазири биринчи ўринбосарига нисбатан ўта жиддий айбловлар илгари сурилган ёзишмалар жараёнида @GulnaraKarimovaни қувватловчилар унга қарши ҳужумлардан ҳам огоҳлантирмоқдалар.

Жумладан, Tadbirkor номи остида шарҳ қолдирган фойдаланувчи @GulnaraKarimovaни унга қарши "ҳар йил уйдирмалар" пайдо бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирар экан, Ўзбекистоннинг кичик тадбиркорлари унинг тарафида экани ҳақида ёзди.

Бунга жавобан ўзини Ўзбекистондаги мулозимларнинг ноқонуний ҳаракатлари ҳақида жамоатчилик билан очиқ мулоқот юритаётган, саволларга очиқ жавоб бераётган, жасур сиёсатчи ўлароқ кўрган @GulnaraKarimova бу вазифадан ҳориганини ҳам ёзди.

Қизиғи, бу твитларда ҳам Рустам Азимовнинг қилгани иддао қилинган қонунбузарликлардан мамлакат президентининг хабари йўқлигига шаъма қилинди.

Рустам Азимов шахсига қарши қаратилган бу чиқишлар @GulnaraKarimova твитларидаги илк чиқишлар эмас.

У 25 март кунги твитларида ҳам бош вазир ўринбосарини коррупцияда, хусусан Осиё тараққиёт банки ва Ўзбекистон қайта қуриш ва тараққиёт жамғармасидан келаётган пулларнинг ноқонуний ўзлаштирилишига алоқадорлигини иддао қилган эди.

У кунги твитларда ҳам Рустам Азимовнинг ўзи ва оиласига оидлиги айтилган бир қатор айбловлар илгари сурилган эди.

24 март куни wordpress блогида эса Гулнора Каримова Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларига хусусидаги баҳслар, бунга оид лойиҳалар доирасида ўтказилаётган тендерлар юзасидан фикр билдирган ва бунда ҳам Азимов номини тилга олган эди.

Россия ва Ғарб нашрларида бу жараён Ўзбекистон сиёсий майдонида мисли кўрилмаган ҳолат сифатида ва хусусан, Озодликка сўзлаган таҳлилчилар буни мамлакатда ҳокимият учун кураш бошланганига ишорат ўлароқ баҳолаган эдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG