Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:26

Тошкентда сохта коммуналчилар пенсионерларни ўлдирган


Сўнгги олти ой мобайнида Тошкент шаҳрида ёлғиз пенсионерларни тунаш ва ўлдириш ҳолатлари сони йигирматадан ошган. Ички ишлар ходимлари дастлаб бу жиноятни содир этганликда гумон қилинган бир эркак ва аёл айби исботланмагач, ҳибсдан озод қилинганини айтмоқда.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бўлимидаги манба сўнгги олти ой мобайнида пойтахтда ёлғиз қарияларни ўлдириш ҳолатлари кўпайганини тасдиқлади. Бироқ ушбу манба улар сони ва қотиллик тафсилотларига тўхтала олмаслигини билдирди.

Fergana.ru агентлигининг ёзишича, ўтган йилнинг охиридан бошлаб шу кунгача пойтахтнинг турли даҳаларида ёлғиз пенсионерлар ва уй бекаларини тўнаш ва ўлдириш ҳолатлари сони йигирмадан ошган.

Тошкент шаҳар Ҳамза тумани Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, дастлаб ушбу қотилликларда ўрта ёшлардаги бир аёл ва бир эркак гумон қилинган. Бироқ икки гумон қилинган шахслар қўлга олингач, қотилликларни улар содир этмагани аниқланган.

"Осиё миллатига мансуб ўрта ёшлардаги бир эркак ва бир аёл қотилликларда гумон қилиниб, қидирувга берилганди. Уларнинг суратларини шаҳар кўчаларига ҳам ёпиштиргандик. Уларни қўлга олдик. Бироқ қотилликларни бу икки киши содир этмагани аниқланди. Бизда ҳозир бошқа қўшимча маълумотлар бор. Ҳозир қотилликда гумонланган бошқа шахсларни қидираяпмиз", деди Ҳамза ИИБнинг ўзини таништирмаган ходими.

Суҳбатдош қотилликка оид бошқа тафсилотларни очиқламади.

Тошкент шаҳар "Маҳалла" жамғармасидан олинган маълумотга кўра, ёлғиз қарияларни ўлдириш ва тунаш ҳолатларида коммунал хўжалиги ходимлари гумон қилинмоқда.

"Бизга милициядан хабар бўлди. Жиноятчилар коммуналчилар ниқоби остида пенсионерларни алдаб, уйиларига кирган. Улар ўзларини "электрдан ёки газдан келдик" деб таништирган. Уйга киргач қарияларни бор-будини тунаган ва уларни ўлдирган ҳолатлари ҳам кўп бўлган. Шунинг учун бизга маҳаллаларда тушунтириш ишларини олиб бориш топширилди. Биз коммуналчиман деб келган бегона одамларни уйга киритмаслик ҳақида маҳаллаларда тушунтириш ишлари олиб боришни мўлжаллаяпмиз", деди Тошкент шаҳар "Маҳалла" жамғармасининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходимаси микрофонсиз суҳбатда.

Пойтахтнинг Учтепа туманидаги уй-жой мулкдорлари ширкат (аввалги ЖЭК)лардан бирининг ходими исмини очиқламаслик ва овозини ёзиб олмаслик шарти билан айтишича, ёлғиз қариялар билан боғлиқ қотилликлар ортидан ширкат ходимлари ҳам милицияга чақирилган.

"Коммуналчи" суҳбатдошга кўра, шаҳардаги уй-жой мулкдорлари ширкатларида ишловчи ходимларнинг милиция бўлимларида бармоқ излари олинган.

Ёлғиз қарияларни ўлдириш ва тунаш воқеалари бўйича текширувни Тошкент шаҳар прокуратураси олиб бормоқда.

Жорий йилнинг 17 феврал куни Тошкент шаҳрининг Миробод тумани "Тонг нури" маҳалласида яшовчи 91 ёшли Ҳакима Авлоний ҳам ўз уйида номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилган эди.
XS
SM
MD
LG