Линклар

Жорий йилнинг 2 апрелидан эътиборан Ўзбекистон пойтахтида жамоат транспортида юриш ҳақи 14,28 фоизга кўтарилди.


“Тошшаҳартрансхизмат” ассоциацияси сайтида берилган маълумотга кўра, бугундан бошлаб тошкентликлар ва пойтахт меҳмонлари шаҳар транспортида юриш учун аввалгидек 700 сўм эмас, балки 800 сўмдан тўлайдилар.

Янги тариф шаҳар автобуслари, трамвайлар ва метрополитенга дахлдор бўлиб, бундан йўналишли таксилар мустасно. Шунингдек, шаҳар атрофига қатнайдиган автобусларда ҳам йўл ҳақи 800 бўлиши айтилмоқда.

“Тошшаҳартрансхизмат” ассоциацияси шаҳар транспортида юриш ҳақининг оширилишини ёнилғи ва эҳтиёт қисмларига сарфланажак харажатлар кўпайгани билан изоҳламоқда.

Шунингдек, ассоциация ойлик чипталар нархини ҳам оширган. Чунончи, апрел ойидан бошлаб автобус ва трамвай ойлик чипталари нархи аввалгидек 70 минг сўмни эмас, балки 80 минг сўмни ташкил қилади. Мактабдан олинмиш маълумотномага эга бўлган ўқувчилар ва талабалик гувоҳномасига эга бўлган студентлар бундай чиптани эндиликда 40 минг сўмга олиши мумкин (нарх ошмасидан аввал 35 минг сўм эди). Пенсия гувоҳномасига эга бўлган нафақахўрлар ва ногиронлар ҳам ойлик чиптани 2 апрелдан бошлаб аввалгидек 35 минг сўмдан эмас, 40 минг сўмдан олишлари керак бўлади.



Айни пайтда қатор тоифадаги кишиларнинг шаҳар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи сақланган. Бундай кишилар қаторига Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари, 1-гуруҳдаги уруш ногиронига ҳамроҳлик қилувчи киши, 1941-1945 йиллардаги урушда жабҳаортида меҳнат қилиб, орден ва медаллар билан тақдирланган кишилар, афғон уруши қатнашчилари, чернобилчилар, кўзи ожиз ногиронлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи шахс, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган шахслар, старшиналар, прапоршчиклар ва катта прапоршчиклар, мичман ва катта мичманлар, кичик сержант, сержант ва катта сержантлар ҳамда 7 ёшгача бўлган ёш болалар киради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG