Линклар

logo-print

Ўзбекистон Россиядан олий сифатли бензин ва дизел импортини қайта йўлга қўймоқда. UzGazOil масъуллари бунинг сабабини мамлакатдаги ёнилғи тақчиллигига барҳам бериш ва аҳолининг сифатли бензинга бўлган эхтиёжини қондириш нияти билан изоҳлашмоқда.

UzGazOil ширкати масъулига кўра, ҳозирда Россиядан келтирилган AI-80 маркали сифатли бензин аллақачон Қашқадарё, Самарқанд ва Бухоро ёнилғи қуйиш шаҳобчаларида сотилмоқда.

– Россиядан бензин экспорти ўтган ҳафтадан бошланди. Ҳозир шу вилоятлар заправкаларида шу импортний бензин сотилмоқда, - деди UzGazOil ширкати масъули.

Ўзбекистонда ҳозир А-93 ва А-95 турдаги бензиннинг бир литри 1.650 -1.800 сўм атрофида экани айтилади. Лекин, Россиядан келтирилаётган AI-80 бензинининг литри 2700 сўмдан сотилмоқда.

- Сабаби Россиядан келтирилгани - сифатли, шунинг учун қиммат. Нақд пулга ҳам, карточкага ҳам сотамиз, - дейди Бухородаги АЁҚШ ходими.



Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари қатори Ўзбекистон ҳам Россияда ишлаб чиқарилган олий сифатли бензин ва дизел ёнилғисининг анъанавий харидорлари ҳисобланади.

2011 йил май ойида Россия Энергетика вазирлигининг мамлакат нефт ширкатларига четга бензин сотишни тўхтатиш ҳақдаги тавсияси ортидан Ўзбекистонга ҳам бу мамлакатдан автомобил ёнилғиси экспорти тўхтаб қолганди.

Бу эса Ўзбекистонда олий сифатли бензин тақчиллигини келтириб чиқарган ва натижада Ўзбекистонда шундоқ ҳам қиммат бўлган олий сифатли бензин нархларининг янада ошиб кетишига олиб келганди.

Мутахассислар фикрича, Ўзбекистоннинг ўзидаги нефтни қайта ишлаш корхоналарида олий сифатли бензин ишлаб чиқариш имкониятлари йўқ.

Бензин таъминоти масаласида Ўзбекистон ва Россия орасида амал қилувчи ҳукуматлараро шартнома имзоланмаган.

Россиядан Ўзбекистонга бензин келтириш ишлари билан эса турли хил хусусий ширкатлар шуғулланади.

2011 йилга қадар Ўзбекистон Россиядан йилига 150 минг тонна атрофида AI-80, АI-93 ва АI-95 турдаги олий сифатли бензин сотиб олган.

Аммо маҳаллий таҳлилчилар фикрича, 29 миллион кишилик аҳолига эга Ўзбекистоннинг ёнилғи бозори учун бу катта кўрсаткич эмас.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг кўпгина вилоятлари ҳамон бензин тақчиллигини бошдан кечирмоқда.

Хоразмда бензинни ноқонуний равишда баланд нархда олиб-сотиш ҳоллари нафақат кўчаларда, балки ёнилғи қуйиш шаҳобчаларида ҳам авжига чиққан.

Хивалик ҳайдовчи Ҳакимжон шаҳардаги АЁҚШларда бензинни устига нарх қўйиб сотишаётгани гувоҳи бўлганини айтади:

- Заправкага борсанг, фақат 10 литр берaяпти. Давлат нархи 1850 сўм бўлган бензинни заправкада узоқ навбатда туриб оласиз. Шунда ҳам фақат 10 литр беради, ҳар литрига 150 сўм миндириб, 2000 сўмга беради. 10 литрдан кўпроқ сўрасанг¸ нархи яна ошади, 2200 сўм дейди, яна кўпроқ оламан десанг¸ нархни яна кўтаради. Берсанг бер, бўлмаса бензин йўқ, бор қаерга борсанг бор, деган гапни эшитасиз¸ дейди хивалик ҳайдовчи Ҳакимжон.

Расмийлар Ўзбекистон бўйлаб бир неча ойдан бери кузатилаётган ёнилғи тақчиллигининг сабаблари ҳақида шу вақтгача изоҳ бермаганлар.

XS
SM
MD
LG