Линклар

logo-print

“Ўш садоси” газетаси муҳаррири қотилликда айбланиб қўлга олинди


Ўзбек тилида чиқадиган "Ўш садоси" газетаси бош муҳаррири Муҳаммадсоли Исмоилов

Ўзбек тилида чиқадиган "Ўш садоси" газетаси бош муҳаррири Муҳаммадсоли Исмоилов

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигидан олинган маълумотда айтилишича, Ўш вилоят ҳокимиятининг нашри бўлган “Ўш садоси” газетасининг бош муҳаррири Муҳаммадсоли Исмоилов 2010 йилги қирғин кунлари жиноят содир этганликда айбланмоқда.

Ўшдаги ўз исмини айтишимизни истамаган гувоҳларнинг билдиришича, Муҳаммадсоли Исмоилов ва унинг бир қатор маҳалладошлари ўз қўшнисини ўлдирганликда айбланиб якшанба куни Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг Ҳудудий бош бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган. Айрим гувоҳлар 7 киши, айримлар эса 4 киши ҳибсда қолаётганини айтишмоқда.
2 апрел куни маҳбусларнинг 50 дан ортиқроқ яқинлари қариндошларининг аҳволини билиш учун Ўшдаги Ҳудудий бошқарма олдига йиғилган. Бироқ улар билан бошқарма расмийлари учрашмаган.

Бошқарма олдига йиғилганлардан бири ўзини таништиришни истамаган ҳолда, Муҳаммадсоли Исмоиловнинг қўлга олиниши юзасидан ўз таҳминларини айтиб берди. Унинг айтишича, Муҳаммадсоли Исмоиловнинг маҳалладошларидан бири 2010 йилги воқеадан сўнг йўқолиб қолган. Йўқолган одамнинг турмуш ўртоғи эса ўз эрини сўнгги марта кўрган маҳалладошларини қотилликда айблаб, милицияга ариза берган.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Муҳаммадсоли Исмоилов ва у билан қўлга олинган маҳалладошлар милицияда калтакланган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг Ҳудудий бош бошқармасига хизмат юзасидан киришга муваффақ бўлган битта халқаро ва иккита маҳаллий журналистнинг айтишича, улар “Ўш садоси” газетаси бош муҳаррири Муҳаммадсоли Исмоиловни қўлидан кишанланган ҳолда терговчи кабинетида ўтирганини кўришган. Хавфсизлик нуқтаи назаридан ўз номини айтишимизни истамаган мухбирларга кўра, Муҳаммадсоли Исмоиловнинг юзида калтак излари сезилмаган, лекин унда тараддуд аломатларини пайқаганлар.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Жўрабой Абдраимовнинг айтишича, Муҳаммадсоли Исмоилов 2010 йилги Ўш қирғинида иштирок этганликда гумонланиб қўлга олинган.

-У гўёки 2010 йил воқеаларига аралашганлиги учун қўлга олинган. Муҳаммадсоли Исмоиловга нисбатан эҳтиёт чорасини белгилаш учун судга олиб борилади. Ҳозир уни судга олиб боришга тайёргарлик кўрилаяпти, -деди Жўрабой Абдраимов.

“Ўш садоси” газетаси жамоаси айни пайтда судга Муҳаммадсоли Исмоиловни тергов ишлари ва ундан кейинги суд жараёни тугагунга қадар очиқда қолдириш илтимоси билан мурожаат тайёрлаётган экан. 2 аперл соат 17 гача олинган маълумотга кўра,”Ўш садоси” газетаси бош муҳарририга эҳтиёт чорасини белгилаш юзасидан суднинг қачон бошланиши ҳозирча аниқ эмас.

-Биз бу гапни эшитганимиздан сўнг ўзимизни йўқотиб қўйдик. Негаки бу бола ёмон одам эмас. У авжи қирғин кунлари ишхонада эмас, уйида ўтириб газета чиқарган инсон. У элликбоши бўлган. Муҳаммадсолидан ҳеч қандай ёмонликни кутиш мумкин эмас. Мен бу масалада губернаторнинг матбуот котиби билан гаплашдим, у губернаторнинг олдига кириб чиқди. Милиция бошлиғи билан ҳам гаплашдим. Ҳозир жамоамиз номидан судга мурожаатнома тайёрлаяпмиз, -деди “Ўш садоси” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Санталатхон Файзуллаева.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG