Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:22

"Апрел ўртасида “Abu-Sahiy”да нархлар қимматлайди"


1 апрелдан кучга кирган импортни чеклашга қаратилган янги тартиб ҳозирча бозорлардаги хориж товарларининг нархига таъсир қилгани йўқ. “Abu-Sahiy” бозоридаги тадбиркорларга кўра, апрел ойининг ўрталаридан бошлаб нархлар қимматлаб кетиши мумкин.

"Ҳозирча товарларни эски нархда сотаяпмиз"


Тошкентдаги “Abu-Sahiy” бозорида смартфонлар савдоси билан шуғулланувчи исмини ошкор қилмаётганимиз савдогар йигитга кўра, бугунги кунда унинг дўконидаги товарлар эски нархда сотилаяпти.

-iPhone-5 телефони 2 миллион 400 минг сўм, Смартфон Nokia Lumia-800 нархи 2 миллион сўм деяпмиз. Энди бу бозор, келишиб яна бироз тушириш мумкин. Барчаси ҳозирча эски нархда. Янги чеклов нархларга ҳали таъсир қилмади. Чунки дўкондаги товарлар аввал олиб келинган, дейди савдогар йигит Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.



Тошкентлик савдогарнинг айтишича, “Abu-Sahiy” бозорида нарх-наво апрел ойининг ўртасидан бошлаб, кўтарила бошлаши мумкин.

-1 апрелдан бошланган янги тартибдан кейин Карго орқали товар олиб келиш ва унинг растаможкаси қанчага тушишини билмаяпмиз. Март бошида Карго очилгач, кўпчилик сотувчилар бор пулига чет элдан товар олиб келиб, омборга босиб ташлади. Ҳозир шу товарларни сотаяпмиз. Товарлар ярим ой-бир ойга етса керак. Шунинг учун тахмин қилиш мумкин, апрелнинг ўртасидан бошлаб бозордаги нарх кўтарила бошласа керак. Бизнинг ҳаражатимиз қанчага қимматласа, товар нархи ҳам шундан келиб чиқиб ошади, дейди тошкентлик савдогар.


"Карго хизмати ҳам қимматлайди"


“Abu-Sahiy” ширкатидан олинган маълумотга кўра, Тошкентдаги хориждан юк ташиш ва уни расмийлаштириш маркази - Карго хизматида 3-4 кун ичида нархлар қимматлаши кутилмоқда.

“Ҳозирда нархнинг қанчага қимматлаши ўрганилмоқда. Янги тартибдан сўнг ҳаражатлар қанча бўлишини аниқлаш керак. Узоғи билан ҳафта охиригача янги нархларни эълон қиламиз”, деди “Abu-Sahiy” ширкатининг Карго хизмати вакили микрофонсиз суҳбатда.

“Abu-Sahiy” хориж товарлари импорти билан шуғулланувчи мамлакатдаги монополист ҳисобланади.

Компания нафақат Тошкентдаги Абу-Саҳий бозорини, балки мамлакатдаги деярли барча бозорларни хориж моллари билан таъминлаб келади.

"Ҳужжат йиғишга анча вақт кетади"


Янги тартибга кўра, эндиликда хориждан импорт товарларини олиб келиш учун ўндан ортиқ янги ҳужжат тақдим қилиниши шарт.

Дубайдан мебел олиб келиб Урганчда сотадиган хоразмлик Рустам исмли йигит ҳужжатларни йиғиш ва товарларни божхона текширувидан ўтказиш учун ортиқча вақт сарфланиши ўз бизнесига салбий таъсир қилишидан хавотир билдирди.

-Роса кўп ҳужжат талаб қилишаяпти. Энди мен Дубай божхонасидан ҳам декларация олиб келишим керак экан. Бусиз бизни божхоначилар қабул қилмас экан. Яна қанча ҳужжат бор. Буларни тўплаш учун вақт керак. Кейин товар Ўзбекистонга келгач, ўзимизникилар яна роса текширармиш. Товар дўконимга келгунча анча вақт кетса керак. Бу, албатта, савдога ҳам ёмон таъсир қилади-да, дейди хоразмлик тадбиркор йигит.

Ўзбекистон президентининг товарлар контрабандасининг олдини олиш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни қувватлашга қаратилган фармонидан келиб чиқиб қабул қилинган "Товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтишни тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарор 1 апрелдан кучга кирди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:48 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG