Линклар

"Намоз ўқимайдиган йигит хизбчиликда айбланмоқда"


Россияда олинган бу суратнинг лавҳада тилга олинган воқеага алоқаси йўқ.

Россияда олинган бу суратнинг лавҳада тилга олинган воқеага алоқаси йўқ.

2013 йилнинг 28 мартида Москванинг Бабушкино туман суди ўзбекистонлик Авазбек Низомовни Россиядан чиқариб юбориш тўғрисида қарор чиқарди. Суд Ўзбекистонда “Ҳизб-ут Таҳрир”га алоқадорликда айбланаётган Авазбек қочқинлик статусини олиш арафасида эканини инобатга олмади.

2013 йилнинг 28 мартида Москванинг Бабушкино туман суди ўзбекистонлик Авазбек Низомовни Россиядан чиқариб юбориш тўғрисида қарор чиқарди. Суд Ўзбекистонда “Ҳизб-ут Таҳрир”га алоқадорликда айбланаётган Авазбек қочқинлик статусини олиш арафасида эканини инобатга олмади.

Авазбекнинг дўстларидан бири Ўзбекистонга бериб юборилишидан қўрқиб Москвадаги тергов изоляторида ўзини осиб ўлдирган эди.



Москва шаҳар Бабушкино туман судяси Юлия Скулина Ўзбекистон фуқароси Авазбек Низомовни Россия Маъмурий кодексининг 18.8 моддасини бузганликда айбдор, деб топди ва Ўзбекистонда сиёсий таъқиб остида эканини ҳисобга олмасдан, мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида қарор чиқарди.

Бу хабарни Озодлик радиосига тасдиқлаб берган Бабушкино туман суди расмийси Анна Ягудина Низомов Россияда яшаш ва қайддан ўтиш қоидаларини бузгани учунгина бадарға қилинаётганини айтди.

- 28 март куни судья Скулинанинг уни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳамда 2 минг рубл жарима солиш тўғрисида қарори чиқди. Қонунда белгиланган муддат тугаса у чиқариб юборилади, бироқ бу қарор устидан 10 кунлик муҳлатда арз қилиниши мумкин, деди Анна Ягудина.

20 ёшли Низомов Авазбек ва у билан бирга ўтган йилнинг 15 ноябрида Москванинг “Внуково” аэропортида Ўзбекистон сўрови билан самолётдан тушириб қолдирилган 23 ёшли Муҳаммадхўжаев Раҳматуллоҳ, 19 ёшли Фазлиддинов Абдусамад Нуриддин ўғли, 32 ёшли Жалолбоев Олим ва 29 ёшли Жалолбоев Ҳакимларни “Фуқаровий кўмак” Қўмитаси адвокати Роза Магомедова ҳимоя қилиб келмоқда.

Магомедова хоним наманганлик қолган йигитлар ҳам Авазбек каби Россия ҳукумати томонидан Ўзбекистонга бериб юборилиши мумкинлигидан хавфсираётгани ва шу боис 3 апрел куни суднинг бу қарори устидан шикоят қилишини Озодликка гапирди.

- Қолганларни ҳам шу тариқа бериб юборишади, деб қўрқяпман. Улар Ўзбекистонда айбланаётган моддалар асосида Россиядан бериб юборилмайдиган бўлди, буни маҳаллий судлар тасдиқлади. Аммо озодликка чиқарилиши билан Авазбекни “маъмурий қонунбузарлик” қилгани учун ҳибсга олди ва бериб юбормоқчи. Бундай ҳолат биринчи маротаба кузатилмаяпти, Абдусами Раҳмонов иши бўйича ҳам маъмурий қонунбузарлик асосида бериб юбормоқчи бўлишган. Мен ҳозир расмийларнинг ноқонуний ҳаракатлари устидан Страсбург Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш судига мурожаат тайёрлаяпман, деди адвокат Роза Магомедова.

Аниқланишича, 27 март куни Москва шаҳар прокуратураси Низомов иши материаллари билан танишиб чиқиб, уни Ўзбекистонга бериб юбориш мумкин эмаслиги тўғрисида қарор чиқарган. Маҳбус прокуратура қарори билан озодликка чиқарилиши ўрнига тўппа-тўғри тергов изоляторидан ФМС бошқармасига олиб борилган ва Москвада қайдга турмагани боис жавобгарликка тортилган.

Адвокат бу ишга бевосита Россия Бош прокуратураси аралашгани туфайли Авазбек Низомовнинг бериб юборилиши хавфи кучли эканини қўшимча қилди.

Роза Магомедова бугун эрталаб ака-ука Жалолбоевлардан бирини қаергадир олиб чиқиб кетишгани ва ҳозирда у қаерда экани тўғрисида маълумот йўқлиги хавотирга солаётганини айтди.

Калининграддан пул ишлаб уйига кетаётган наманганлик бу мардикор йигитлар Ҳизб-ут-Таҳрир ташкилотига алоқадорликда айбланиб, Наманган Ички ишлар бошқармаси сўрови билан халқаро қидирувга берилган.

7 декабр куни наманганликлар сақланаётган СИЗО-4 тергов изоляторига уч нафар Ўзбекистон ички ишлар ходимлари келган ва уларни сўроққа тутган. Маҳбуслардан олинган маълумотга кўра, уларга Ўзбекистонда ҳибс этилган бошқа бир танишининг тирноқлари юлинган ва калтакланган башараси тасвирга туширилган фотолар кўрсатилган, улар аллақандай ҳужжатларга қўл қўйишга мажбурланган.

Маҳбуслардан энг ёши бўлган Абдусамад Фазлиддинов ўзбек милиция ходимларининг гап-сўзларидан кейин тушкунликка тушиб қолган ва икки кун ўтиб – 9 декабр куни ўз камерасида чойшабдан арқон ясаб ўзини осиб ўлдирган.

Озодлик 2012 йилнинг 27 декабрида 19 яшар Ўзбекистон фуқароси Абдусамад Фазлиддиновнинг жасади яқинлари томонидан Москвадан Наманган шаҳрига олиб кетилгани ҳақида хабар берган эди.

“Мемориал” ҳуқуқ маркази ходими Баҳром Ҳамроев Москвада наманганлик мардикор йигитлар ушланиши ортидан, Россиянинг бошқа жойларида яшаётган бир нечта буларнинг танишларию ҳамшаҳарларига Ўзбекистон махфий хизмат ходимлари томонидан босим бўлгани кузатилганини хабар қилган эди.

20 ёш атрофидаги мардикорлар Баҳром Ҳамроев билан суҳбатда нима сабабдан қўлга олинганини англамаётгани, ҳеч қандай диний ташкилотларга аъзо эмаслигиги гапирган. Йигитлар шунингдек¸ Ўзбекистондан Калининградга бир йил олдин келгани, у ерда қурилишда ишлаб¸ қишки мавсум бошлангани боис Наманганга Янги йилни кутишга кетаётганини маълум қилган.

“Улар, билишимча, ҳатто намоз ҳам ўқимайдиган йигитлар эди”, деган эди Баҳром Ҳамроев.

Бу ўзбекистонликларнинг бирор диний ёки бошқа экстремистик ташкилотларга аъзо эмаслигига ишонган “Фуқаровий кўмак” қўмитаси раҳбари Светлана Ганнушкина Страсбургда бўлса ҳам уларнинг бегуноҳлигини исботлашга тайёр эканини Озодликка маълум қилди.

- Низомов масаласида чиқарилган қарор қонунга мутлақо зиддир, чунки бу одам қочқинлик мақоми аниқланиши арафасида турибди. Уни депортация қилиш ёки чиқариб юборишга суднинг ҳеч қандай ҳаққи йўқ эди! Ундан ташқари, Авазбек қонунга хилоф равишда полиция бўлимидаги қамоқхонада сақланмоқда. Ким уни боқяпти, ахир у ё Тергов изоляторига ёки Хориж фуқароларини сақлаш марказига жўнатилиши керак. У суддан олиб чиқилганидан бери Ярославское шоссе, 49 манзилидаги полиция бўлимида. Улар Низомовни гўё Ўзбекистон сўрови билан эмас, маъмурий қонунбузарлик моддаси асосида Ўзбекистон милициясига топширмоқчи! Афсуски, Россия судлари халқаро қонунларга зид қарорларни қабул қилишни давом этмоқда, улар ФСБдан келган буйруқларни бажариш учун ҳатто Россия қонунчилигини бузишга тайёр, дея муносабат билдирди Озодлик билан суҳбатда Светлана Ганнушкина.

Озодликнинг полициядан аниқлаштирган маълумотига кўра, ҳозирда Авазбек Низомов “Ярославское” полиция бўлимида, қолган наманганликлар Москванинг “Медведь” - 4-сонли тергов изоляторида сақланмоқда.
XS
SM
MD
LG