Линклар

Дубайдаги "The Meyana Theater" залида 28 март куни бўлиб ўтган концертда ўзбек шоу- бизнесидан четлатилгани айтиб келинган ашулачи Юлдуз Усмонова ва қизиқчи Обид Асомовлар Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова тарафидан олқишланди.

Интернетдаги Youtube.com порталига юкланган видеотасвирда Гулнора Каримова Юлдуз Усмоновани шарафлаëтган онлар акс этган.

Рус тилида гапирган Каримова хоним ўзи тиккан кийимни Юлдузнинг эгнида кўришдан ғурурланганини таъкидлайди:

-Юлдуз бугун менинг кийимимда. (Бу гап айтилиши билан Юлдуз Усмонова завқи жўшиб кулади¸кулгига Гулнора Каримова ҳам қўшилади) Мен келишга ваъда берувдум. Мана мен келдим ва менда янги нарса бор ! Мен тиккан либос Юлдузнинг эгнида бошқалардан кўра, башангроқ туради, чунки у ҳақиқий юлдуз. Мен манави сумкани олиб келувдум¸ энди у сизники бўлсин¸ деди Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова қўлидаги елим ҳалтани Юлдуз Усмоновага бераëтиб.



Ана шу гапдан кейин чалинган қарсаклар фонида Гулнора Каримова Юлдуз Усмонованинг “Гулисан” қўшиғига муносабат билдиради:

-Бу қўшиқ Янги йилда менга сюрприз бўлди. Мен бундай катта совғани бошқалардан олмаганман. Бу ерда ўтирганлар менинг гапимга қўшилса керак. У туғилганидаëқ юлдуз бўлиш учун яралган. Юлдуз бу исмни жуда юқори кўтариб юрибди. Мен унга ва унинг аҳил командасига миннатдорлик билдираман. Мен уни жуда севаман.

Ана шундан кейин Гулнора Каримова узун бўйнини эгиб ўз севгисининг исботи ўлароқ Юлдуз Усмоновани қучоқлаб ўпди.

“Пластилин каби ëпиштирган Гулноранинг отасига балли.”

Дабдурустдан маъносини тушуниш мушкул бўлган бу гап Юлдуз Усмонованинг тилидан миннатдорлик изҳри сифатида янгради.

Youtube.com порталидаги тасвирда Юлдуз Усмонова президентнинг қизига миннатдорлик маърузасини рус тилида бошлаб ўзбекча давом эттирди:

-И хочу сказать, жудаям кўпчилигинглар гап орқали биласизлар холос (Гулнора Каримова ҳақида айтиляпти) Ўзи мана шунақанги бир садда қиз (содда қиз демоқчи) Бир одамни атрофига пластилинга ўхшаб ëпиштириб бир нарсалааа қиб ташлайди... Отангга балли қиз бу. Чунки қатта бўсаям ўзини атласини тошийди. Қатта бўсаям ўзбеглигини оборади. Шунинг учун Оллоҳдан юққани рост бўлсин (нима юққани ҳақида аниқлама йўқ) Ҳаммамизни йўлимизни рост қисин. (Обид Асомов тарафга қараб қўяди) Халқни йўли очилсин. Мана шунақанги қизларимизниям йўли очиқ бўлсин, дейди собиқ депутат ва икки бора ҳаж қилган халқ артисти Юлдуз Усмонова. (ашулачининг гапириш тарзи сақланди)

Дубайдаги концерт ҳақида биздан рухсатсиз ëзманглар

Дубайдаги "The Meyana Theater"га концерт борасида сўраб телефон қилганимизда гўшакни ўзини Равшан, деб таништирган йигит кўтарди:

-Концерт ҳақида матбуотта ëзиш мумкин эмас. Биздан расмий рухсат лозим, дея ўз гапини рус тилида бошлаган концерт маъмури бирданига ўзбек тилининг самарқанд лаҳжасида концертга сиëсий тус берманглар, деб талаб қилди.

Дубайдаги концерт ҳақида Юлдуз Усмонованинг расмий сайтида мана бу сатрлар бор:

“Концерт Юлдуз Усмонова мухлисларининг давомли қарсаклари остида ўтди. Концерт олдидан сатирик, комик ва “Қийшиқ ойна” артисти Обид Асомов примадонна чиқиши олдидан томошани қизитиб берди. Юлдуз Усмонова Дубайдаги концерт залига йиғилган томошабинларга Ўзбекистон президентининг қизига бағишланган қўшиғини куйлаб берди.”

Остида тама яширинган маддоҳлик

Ўзбекистон телевидениеси, радоиси ва концерт залларида қўшиқларига бир неча йилдан буён тақиқ қўйилган Юлдуз Усмонованинг президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага бағишланган “Гулисан” қўшиғини санъатшунослар мадҳиячилик ёрдамида катта саҳнага қайтиш тамаси билан изоҳламоқда.

Қордан қўрқмас чучмома,
Гуллайверсанг қишда ҳам,
Қишнинг Гулисан.
Ҳар кўнгилга йўл топиб,
Исëнини ололсанг,
Кўнгил Гулисан.

Озодлик билан суҳбатда ўзбек шоираси Мунаввара эса бу қўшиқни маддоҳликдан бошқа нарса эмас, деб атади:

- Мен қўшиқни эшитдим, матнни ўқидим. Агар шу шеър қўшиқ бўлган бўлса, у на шеър ва на қўшиқ, у бир маддоҳлик холос. Иймон деб, эътиқод деб яшайдиган одам ҳеч қачон иймонини нафс учун, саҳна учун сотмаслиги керак. Юлдуз Усмонова жуда баландда эди, унга тақиқ қўйилгани уни янада баландга олиб чиққан эди. Нега бунчалик пастлади, тушунмадим. Бу қўшиқ унга обрў келтирмайди. Чунки, санъатнинг асосий мухлислари бунинг қўшиқ эмаслигини билиб турибди. Бу лаганбардорлик холос ва бунинг умри жуда қисқа бўлади,- дейди шоира Мунаввара.

Юлдуз Усмонованинг ўзи бу қўшиқ борасида изоҳ бермаслигини маъмури орқали Озодликка билдирди.

Бу йил 50 ëшга кирган Юлдуз Усмонова 2010 йили Озодликка берган суҳбатида Ўзбекистондаги шоу бизнесга қайтиш учун ҳеч кимга ялинмайман, деб даъво қилган эди:

- Биздан қилиқ ëки зарда чиққани йўқ. Лекин бир нарсани айтиб қўяй. Мерседес не нуждается в рекламе, дейди-ю. Это не нужно. Ватанни ким яхши кўради? Ичида яшаган эмас¸ ташқарида ватаннинг мазасини билганлар соғинади. Соғинганлар соғинади. Соғинганлар қийматини билади. Шунинг учун ҳаммага ҳар нарса, деб тош отавермаслик керак. Я не ищу виноватых¸ дейди-ю. Ижодимни қилиб юрган одамман мен. Мен керакманми - мана менинг хизматим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG