Линклар

logo-print
Бухоро расмийларига кўра, хорижий давлатларга ишлашга кетган ва бирор фермер хўжалиги ишчиси бўлмаган фуқароларнинг томорқалари олиб қўйилади. Бундан буён фақат фермер ишчиси, ўқитувчи ва шифокорларга томорқа берилади.

“Томорқамизни тортиб олаяпти”

Бухоро вилояти Қоракўл тумани Жиғачи қишлоғида оддий аҳолининг томорқалари маҳаллий ҳокимлик томонидан тортиб олинмоқда.

Бу ҳақда жиғачилик 30 яшар Аминжон Озодликка маълум қилди.

- Бизнинг Қоракўл туманида Жиғачи қишлоғида 10 сотихлик ерларни давлат президент қарорини рўкач қилиб тортиб олаяптилар. Мустақилликдан кейин 10 сотих ер берилган эди колхозчиларга. Олдин 12 сотих эди. Кейин 10 сотих қўшилиб 22 сотих бўлди. Яқинда 15 кун, бир ой ичида 10 сотих ерни олиб фермерларга қўшиб бераяпти. У ë бу ëққа телефон қилишса, президент қарори деб ерини бермаган одамларга тумандан, вилоятдан милициялар чақириб мажбуран ўлчаб олаëтган эканлар, дейди Аминжон.



Ҳокимлик: "Томорқани олаётганимиз ҳақиқат"

Қоракўл туман ҳоким ёрдамчиси Фарҳод Қодиров аҳолидан қўшимча томорқа ерлари олинаётганини тасдиқлади. Лекин Қодировга кўра, аҳолига бошқа жойдан томорқа учун ер берилади.

- 10 сотихлик ерлар алмашлаб экиш учун берилган эди. Шунинг учун улар ҳаммаси алмаштириш учун олинди. Вақтинчалик берилган эди.

Озодлик: Энди у ерлар аҳолидан тортиб олинаяптими?

- Тортиб олинмаяпти. Уларга “Сизлар экманглар. Сизнинг ерингиз олинадида кейин яна бошқа ердан берилади” деб айтилаяпти, дейди ҳоким ёрдамчиси Қодиров.

“Фермер ишчиси бўлмаган одамга томорқа йўқ”


Айни пайтда Фарҳод Қодировнинг айтишича, ҳозир барчадан томорқа ерлар олинаяпти, бироқ янги жойдан ҳаммага ҳам томорқа берилмайди.

- Айримлар 10 сотихлик ер олганда, кўчиб кетган шаҳарга. Ерини топширмаган. Ëки бўлмаса мана Россияда, бошқа жойларда ишлаяпти. Фермерга манфаати тегмаяпти. Чет элга ишлашга кетган бўлса, томорқа берилмайди. Улар чунки фермерга ҳам даромад келтирмайди. Шунинг учун у ерлар олинади. Фақатгина фермерда ишлаган бўлса, кейин мана қишлоқ жойида бўлса, қишлоқ врачлик пунктида ишласа, ўқитувчи, мана буларни қўллаб-қувватлаш учун уларга томорқа берилади, уларнинг барибир ëрдами тегади фермерга, ана бу инсонларга берамиз, дейди Қодиров.

“Аҳолига шўр ерни берамиз, у ер қайта ишлангач яна оламиз”


Аҳоли фойдаланаётган томорқа ерларни эндиликда фермерларга бериш режалаштирилган. Қодировга кўра, аҳолига шўр ёки ҳосилдор бўлмаган жойлардан томорқа ажратилиб, бу ерлар аҳоли томонидан қайта ишлангач, қайтариб олинади.

- Бош вазир селекторда айтдилар шу томорқа ерларни алмашлаб экса, ҳосилдорлиги ошади, ернинг унумдорлиги кучаяди, яхши бўлади деганларидан кейин ерлар қайта алмашлаб экила бошланди. Мана шўр ерлар бор. Шуни халққа берсалар, халқ уни “ширин” қилади. Яхши қарайди. Кейин яна у ерни фермерга алмашлаб экишга берамиз, аҳолига эса яна бошқа жойдан томорқа берилади, деди Қоракўл туман ҳоким ёрдамчиси Фарҳод Қодиров.

Бухоро вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, аҳоли қўлидаги томорқа ерларни олиш жараёни нафақат Қоракўл, балки вилоят бўйича, қолаверса, бутун мамлакат бўйлаб амалга оширилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG