Линклар

Қароргоҳи Ню Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ўзбек расмийларини қамоқхонада соғлиғи ўта ёмонлашган журналист Муҳаммад Бекжонни тўхтовсиз озод қилишга чақирди.


Қўмитанинг мухолифатдаги “Эрк” газетаси собиқ муҳаррири Муҳаммад Бекжон ҳали ҳам ўзбек қамоқхонасида қолаётгани қораланган баёноти 2 апрел куни ёйинланган.

Навоий вилоятидаги Зарафшон жазони ўташ муассасасида сақланаётган 59 ёшли Муҳаммад Бекжоннинг соғлиги ўта ёмонлашгани ҳақида Озодликка 31 март куни унинг рафиқаси Нина Бекжон маълум қилганди. Март ойи ўрталарида Муҳаммад Бекжонни кўриш учун қамоқхонага борган Нина Бекжон турмуш ўртоғининг ошиғич жарроҳлик амалиётига эҳтиёжи борлигини айтганди.

- Аҳволи жуда оғир. Грижаси бор, деярли эшитмайди, қарийб кўрмайди. Балки сил касали қўзигандир... Менимча, зудликда тиббий кўрикдан ўтказиб, жарроҳлик амалиётига ётқизиш керак. Шу вақтгача соғлигидан нолимаган. Лекин бу сафар: "Узоққа бормасам керак", деди, - дея турмуш ўртоғининг сўзларини келтирганди Нина Бекжон.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотига кўра, Муҳаммад Бекжон дунёда энг узоқ қамоқхонада қолаётган ва сохталаштирилган жиноий иш бўйича қамалган журналистлардан биридир.

59 ёшли Муҳаммад Бекжон 1999 йил 16 феврал куни Тошкентда содир бўлган портлашларга алоқадорликда айбланиб, 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва бу муддат ўтган йили тугаши керак эди. Аммо у 2012 йилнинг 25 январ куни Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги қамоқхонада бўлиб ўтган маҳкамада “ички тартибни бузди”, деган айблов билан яна беш йиллик жазога ҳукм қилинган.

- Ўзбекистон Муҳаммад Бекжонов кечиктирилмасдан барча зарур муолажа билан таъминланишига кафолат бериши лозим. Биз Ўзбекистон расмийларини Муҳаммад Бекжон зарур ёрдам олиши учун уни зудлик билан озод қилишга чақирамиз, - дейди Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вакили Музаффар Сулаймонов.

Мухолифатдаги Ўзбекистон халқ ҳаракати ва Эрк партияси лидери Муҳаммад Солиҳнинг укаси бўлган Муҳаммад Бекжон Ўзбекистон қамоқхонасида қолаётган ягона журналист эмас. У билан бирга судланган журналист Юсуф Рузимурадов 15 йилга, 2008 йилда судланган Солижон Абдураҳмонов 10 йилга, 2010 йили эса ҳуқуқ фаоли ва журналист Дилмурод Саййид 12,5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG