Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:35

"Ўш садоси" бош муҳаррири уй қамоғига чиқарилди


“Ўш садоси” газетасининг бош муҳаррири Муҳаммадсоли Исмоилов газетага саккиз йилдан бери раҳбарлик қилиб қелмоқда.
“Ўш садоси” газетасининг бош муҳаррири Муҳаммадсоли Исмоилов газетага саккиз йилдан бери раҳбарлик қилиб қелмоқда.

Ўшда қамоққа олинган “Ўш садоси” газетасининг бош муҳаррири Муҳаммадсоли Исмоилов уй қамоғига чиқарилди. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги эса унга нисбатан очилган жиноят ишининг айрим тафсилотларини очиқлади.

2010 йилдаги Ўш қирғинида одам ўлдирганликда гумонланиб 31 март куни қўлга олинган “Ўш садоси” газетаси бош муҳаррири Муҳаммадсоли Исмоиловга нисбатан эҳтиёт чорасини белгилаш юзасидан суд жараёни 2 апрел куни соат 19 дан кейин бошланган. Маҳалла аҳли ва “Ўш садоси” газетасининг Муҳаммадсоли Исмоиловни тергов тугагунига қадар очиқда қолдириш юзасидан киритган илтимоси инобатга олинган. Суд томонидан Муҳаммадсоли Исмоиловга икки ойлик уй қамоғи эҳтиёт чораси белгиланди.

“Ўш садоси” газетаси бош муҳаррири билан бирга судга олиб келинган яна икки гумонланувчи эса суд қарори билан Ўш шаҳар милицияси ҳибсхонасида қолдириладиган бўлди.

“Озодлик” даги маълумотларга қараганда эҳтиёт чорасини белгилаш юзасидан суд ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган. Муҳаммадсоли Исмоиловнинг судда иштирок этиш учун келган ўттиздан ортиқ маҳалладошлари ва ҳамкасблари суд залига киритилмаган.

Ўш вилоят прокурори Айбек Турганбаев газета бош муҳаррирининг ҳибс қилиниши унинг миллати ва касбий фаолияти билан боғлиқ эмаслигини билдирди. Унинг айтишича, Муҳаммадсоли Исмоилов Ўш қирғини пайтида ўзбек миллатига мансуб бўлган ўз қўшнисини ўлдирганликда гумонланмоқда. Вилоят прокурори мазкур иш юзасидан аввал хабар қилинганидай 7 одам эмас, уч киши қўлга олинганини айтиб ўтди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Жўрабой Абдраимов эса Муҳаммадсоли Исмоилов 2010 йилда бедарак йўқолган миллатдошининг ўлдирилишига алоқадор бўлган гуруҳга раҳбарлик қилганликда гумонланаётганини билдирди. Унинг айтишича, мазкур иш юзасидан Қирғизистон Жиноят Кодексининг 97-моддаси (одам ўлдириш)га биноан жиноят иши очилган.

Расмий маълумотда айтилишича, 2010 йилда Ўш яқинидаги Шарқ қишлоқ округига қарашли Имомота маҳалласида истиқомат қилувчи ўзбек миллатига мансуб Анвар Маҳмудов йўқолиб қолган. Йўқолган одамнинг турмуш ўртоғи Ажар Маҳмудова эса ўз эрини сўнгги марта кўрган маҳалладошларини қотилликда айблаб, милицияга ариза берган.

Бироқ Муҳаммадсоли Исмоиловнинг маҳалладошлари ва ҳамкасблари муҳаррирнинг жиноятга қўл урганига ишонмайдилар.

Ўшда ўзбек тилида чоп этилувчи “Ўш садоси” газетаси ҳукуматга қарашли бўлиб, Қирғизистондаги энг кекса нашрлардан бири ҳисобланади. Бу йил “Пахта учун”, “Ленин йўли” мустақилликдан сўнг “Ўш садоси” номи билан чоп этила бошлаган газета ўзининг 81 йиллигини нишонлайди.
XS
SM
MD
LG