Линклар

Пхенян расмийлари Жанубий Кореядан борадиган мутахассисларнинг Шимолий Кореядаги Кэсон саноат ҳудудига киришини тақиқлаб қўйди. Бу ҳудудда қолаётган 800дан ортиқ жанублик ишчи эса қайтиб кира олмаслиги боис ишини йўқотишдан қўрқиб, ҳудудни тарк этмаётир.

Пхеняннинг қарори ортидан Кесон эркин саноат ҳудудида қолаётган Жанубий кореялик мутахассисларнинг хавфсизлиги кун тартибига чиқди.

Жумладан, Жанубий Корея Шимолий Кореядаги эркин саноат ҳудуддаги ўз фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш учун ҳар қандай чора, жумладан, “ҳарбий чора” қўллашга ҳам тайёрлигини билдиргани бундай эҳтимолни янада кучайтирди.

Жанубий Корея Мудофаа вазири Ким Куан Жин бу билан боғлиқ режа ишлаб чиқилаётганини айтди.

Чоршанба куни эрталаб расмий Пхенян жанубий кореялик мутахассисларнинг Кэсон саноат ҳудудига киришини тақиқлаб қўйгани ҳақида маълум қилган.

Жанубий Кореянинг Бирлашув масалалари бўйича вазирлиги матбуот вакили Ким Юнг Сок бу ҳақда журналистларга маълум қилди.

- Бугун эрталаб, Шимолий Корея саноат ҳудудига киришни тақиқлаб қўйганини бизга маълум қилди. У ердаги ишчиларимиз чиқиб кетишлари мумкин экан, лекин киришлари тақиқланган. Ҳукуматимиз юзага келган бундай вазиятдан таассуфда эканини баён қилади, деди Ким Юнг Сок.

Ҳозирда Кесонда 800дан ортиқ жанубий кореялик мутахассис бор. Улар мазкур ҳудуддаги юздан ортиқ заводда шимолий кореялик ҳамкасблари билан бирга ишлашади.

Мазкур ҳудудга тақиқ жорий этилганидан бир соат ўтиб, саноқли жанубий кореялик ўз мамлакатига қайтди.

Жанубий Кореянинг Бирлашув масалалари бўйича вазирлигига кўра, ҳозирда кўпчилик жанубий кореялик мутахассис ва тадбиркорлар масала тинч ечим топади, деган умидда кўнгилли равишда Кэсонда қолмоқда.

Жанубий кореяликларнинг Кэсондаги саноат ҳудудига киришига тақиқ Корея ярим оролдаги вазият ўта таранглашган паллада юз берди.

Шимолий Корея ўтган шанба куни жанубий қўшниси билан "уруш ҳолати"га кирганини эълон қилганди.

Расмий Пхенян ўтган феврал ойидаги ядровий синови ортидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан киритилган жазо чоралари ва АҚШнинг қўшниси билан ҳамкорликда амалга оширган йиллик ҳарбий машғулотидан ғазабда.

Ўтган ҳафта Шимолий Корея стратегик ракеталари АҚШнинг Гуам ва Ҳавайи ороллари ҳамда мамлакатнинг асосий қисмидаги ҳарбий базаларига қаратилганини эълон қилди.


Шимолий Корея ўз ядровий дастурини янада тараққий топтириш аҳдида қатъий эканини ошкора баён этиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG