Линклар

logo-print

Ўзбекистонда Россия авиаширкатлари пули конвертация қилиниши мумкин


Президент Каримовнинг 15 апрел куни Москвага кутилаётган расмий ташрифи арафасида Ўзбекистон ва Россия делегациялари учрашди. Бу учрашувда Ўзбекистон томони Россия авиаширкатларига тегишли пулларни конвертация қилишга ваъда берди.

Россия Федерацияси Ҳаво транспорти федерал агентлиги Ўзбекистон ва Россия делегациялари ўртасида бўлиб ўтган сўзлашувда Россия авиаширкатларнинг Ўзбекистон ҳудудида йўловчилар ташишдан тушган пулларни конвертация қилиш ва Россия авиаширкатларининг Ўзбекистон ҳудудидаги йўловчи ташиш шартлари муҳокама қилинганини билдирди.

Агентлик сайтида эълон қилинган протоколда Ўзбекистон томони 2013 йил 1 январидан бери Россия авиаширкатларининг Ўзбекистондаги ҳисоб рақамларида йиғилиб қолган пулларни 15 апрелгача конвертация қилиши билдирилган.

Ҳужжатда Россия томони мамлакат авиаширкатларининг қолган маблағларини конвертация қилиш тартиби ва муддати бўйича 15 апрелгача қарор қабул қилиниши кераклиги қайд этилган.

Ўзбекистон ушбу масалани ҳал қилиш учун зарурий чоралар кўрилишини билдирган.

Протоколда, келтирилган масалалар ҳал бўлмаса, Россия томони 2013 йил 20 апрелдан бошлаб Ўзбекистонга тегишли авиаширкатлар парвозини чеклаш ҳуқуқини сақлаб қолиши билдирилган.

Март ойи охирида Россия ҳаво транспорти эксплуатантлари уюшмаси (АЭВТ) авиаширкатлар номидан Россия ҳукуматига мурожаат қилиб, Ўзбекистонга парвозлар амалга ошираётган авиаширкатлар кўп йиллардан бери чипталар савдосидан тушган пулларни конвертация қилиш ва Россияга ўтказиш муаммосига дуч келаётганини билдирган.

Уюшма маълумотига кўра, конвертация муаммоси сабабли Россия авиаширкатлари ўзининг 50 миллион доллардан ортиқ маблағидан фойдалана олмаяпти.

Россия Федерацияси Ҳаво транспорти федерал агентлиги раҳбари маслаҳатчиси Андрей Прянишников Озодлик билан суҳбатда 2012 йилнинг 13 декабрида Иқтисодий масалалар бўйича Россия ва Ўзбекистон давлатлараро комиссия имзоланган Протоколда рус авиаширкатлари Ўзбекистонда ҳам эркин конвертация қилинадиган валюта, ҳам ўзбек миллий сўмида олди-берди қилиш ҳуқуқига эгалиги белгиланганини айтди.

- Айтиш жойизки, бу муаммо анча олдин пайдо бўлган эди. Ҳар ҳолда Ўзбекистон тарафи бу муаммони ҳал этишга тайёрлигини билдирди. Акс ҳолда, мазкур йиғилишда қўйилган талаблар бажарилмаса, Россия 2013 йил 20 апрелдан бошлаб Ўзбекистон авиакорхоналарига қарашли самолётлар парвозига чекловларни жорий этади, деди учрашувда иштирок этган Прянишников.

У Россиянинг ўндан ортиқ авиаширкатига қарашли самолётлар Ўзбекистонга парвоз қилаётганини қўшимча қилди.

- Аэрофлот, Трансаэро, Кимавиа, Владивосток Авиа, Газпромавиа, Донавиа, Московия, Россия, Сибир, Татаристан, Уралские авиалинии, UT air ва Якутия ширкатларига қарашли самолётлар Ўзбекистонга парвоз қилмоқда, деди Андрей Прянишников.

Вазир ўринбосарлари даражасидаги Россия-Ўзбекистон делегациялари учрашуви Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 15 апрел куни Москвага расмий ташрифи арафасида бўлиб ўтди.

Андрей Прянишников Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттириш кераклигини таъкидлади.

- Шундай вазият юзага келди. Шунга қарамай, биз бир-биримиз томон учишимиз керак, бир-биримиз билан дўст бўлишимиз керак. Биз иқтисодий, маданий алоқаларни, одамлар ўртасидаги алоқаларни қўллаб-қувватлашимиз керак. Биз барибир учишни тўхтатиб қўя олмаймиз, деди Россия Федерацияси Ҳаво транспорти федерал агентлиги расмийси.

Москва учрашувида томонлар Ўзбекистон-Россия ўртасида ҳаво қатновини янада ривожлантириш бўйича 20-27 апрел кунлари Тошкентда маслаҳатлашув ўтказишга келишиб олган.

22 аъзодан иборат Россия делегациясига РФ Транспорт вазири ўринбосари Валерий Окулов, беш аъзодан иборат Ўзбекистон делегациясига эса Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Акмал Камолов бошчилик қилган.
XS
SM
MD
LG