Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:22

Обама одам мияси тадқиқига $100 миллион ажратиш ниятида


АҚШ Президенти Барак Обама.
АҚШ Президенти Барак Обама.
АҚШ Президенти Барак Обама одам мияси фаолиятини тадқиқ қилиш лойиҳаларига 100 миллион доллар ажратишини сўраб, Конгрессга мурожаат қилиш ниятида. Бу тадқиқотлар натижасида Алцгеймер ва бошқа нейрологик касалликларга даъво топилишига умид қилинмоқда.


АҚШ Президенти Барак Обама Конгрессдан одам мияси фаолиятини тадқиқ қилиш лойиҳаларига 100 миллион доллар ажратишини сўрамоқчи.

У бу ҳақда сешанба куни Оқ Уйга йиғилган олим ва тадқиқитчилар билан ўтган учрашувида эълон қилди.

- Инсон сифатида биз бир неча ёруғлик йили узоқликда бўлган галактикаларни аниқлай оламиз. Атомдан ҳам кичикроқ бўлган, энг майда заррачаларни ўрганамиз. Аммо, ҳозиргача икки қулоғимиз ўртасида жойлашган бир ҳовуч нарсанинг сирларини очганимиз йўқ, деди АҚШ президенти.

Оқ Уй расмийлари “BRAIN Initiative” деб номланган лойиҳа, яъни илғор инновацион нейротехнологиялар ёрдамида одам мияси фаолиятини тадқиқ қилиш орқали нейрологик ва руҳий касалликларни даволаш йўллари топилишига умид қилмоқда.

Обама Паркинсон касаллиги, эпилепсия каби касалликлар мураккаблигини шифокорлар тўлиқ ўргана олмагани боис самарали даволаш усуллари топилмаганини қайд этди.

- Натижада, биз ҳозиргача Алцгеймер ёки аутизм каби касалликларни даволай олмаяпмиз ёки унинг салбий оқибатларини тўлиқ тугата олмаяпмиз. Ҳатто, дунёдаги энг кучли компютер ҳам биз каби интуицияга эга эмас. Бизни улкан сирларни очиш вазифаси кутмоқда. “BRAIN Initiative” лойиҳаси одам мияси қандай ишлаши, ўйлаши, ўрганиши ва эслаб қолиш қобилиятини батафсил ўрганишда олимлар учун зарур восита бўлади, деди Барак Обама.

АҚШ президенти тадқиқотлар нафақат дунёдаги миллионлаб балки, миллиардлаб одамнинг ҳаётини яхшилашига ишонч билдирди.

Агар Конгресс мазкур лойиҳани молиялаштиришга рози бўлса, АҚШдаги Саломатлик Миллий институти, Мудофаа бўйича илғор тадқиқотлар агентлиги ва Миллий илм-фан жамғармаси одам мия фаолияти бўйича тадқиқотларни бошлайди.

Ахборот агентликларига кўра эса Обама таклиф қилган 100 миллион долларлик лойиҳа учун маблағ ажратишга Конгресс розилигини олиш қулай бўлмайди.

Конгресс аъзолари ҳади давлат бюджети борасида бир келишувга эришгани йўқ. Шу сабаб, ўтган ой бошидан ҳаражатлар автоматик равишда икки фоизга қисқартирила бошланди.

Обама лойиҳада иштирок этишни истаган хусусий ширкатлар ва университетлар федерал ташкилотлар билан ҳамкорлик қилса, уларни рағбатлантиражагини айтди.

Одам мияси фаолиятини ўрганиш билан шуғулланиб келаётган олимлар Оқ Уй ташаббусини олқишламоқда.

Европа Комиссияси томонидан молиялаштириладиган Европанинг Одам мияси бўйича тадқиқотлар маркази директори Ричард Фракковиак АҚШ президенти эълон қилган ташаббусдан мамнун бўлганини айтди.

Европа вакили ўзи ва ҳамкасблари мия фаолиятини ўрганишда “имкон қадар яқин ҳамкорлик қилиши”ни таъкидлади.

Ричард Фракковиак “BRAIN Initiative” лойиҳаси нейродегенерация ва руҳий касалликлар муаммосини ҳал қилишда дунё бўйича кенг ҳамкорликка туртки бўлишини башорат қилди.
XS
SM
MD
LG