Линклар

logo-print
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Тошкент вилояти Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоят ҳокими Рустам Ҳолматовни ишдан олаëтиб¸ унга қарши жиддий айбловларни илгари сурди.

Ўзбекистон президенти Тошкент вилоятининг эндиликда собиқ ҳокими Рустам Ҳолматовни қўл остидагиларни мунтазам таҳқирлаш¸ шахсий қамоқхона очиб, одамларни ўзбошимчалик билан қамоқда сақлаш ва коррупцияга оид бир қатор жиноятларда айблади.

Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими Рустам Холматовга нисбат берилган жиноятларни санаëтиб, Ўзбекистон Президенти "ҳокимнинг қилмишларини халқ менданам яхши билади", дея таъкидлаб ўтди.

- Буни майдалаб ўтиришни ҳам ҳожати йўқ¸ нега деганда, ҳаммаси сизлар учун аëн. Халқ ҳамма нарсани билади. Кимнидир мажлисда беобрў қилиш¸ унга нисбатан куч ишлатиш¸ кимнидир обориб, Янгйўлда бир кеча қамаб қўйиш... Бу қайси қонунда ëзилган? Қаерда бундай нарсани эшитиш мумкин? Нимани ўйлаган бу одам? (Зарда билан минбарни муштлайди.) Кимнидир воситачи қилиб қўйган бу жаноб. Айланиб юриш ва воситачи вазифасини бажариш. Кимдандир қуруғини олиш ва ҳоказо бу воситачини иши бўлган... Хом ҳаëл билан юриш¸ бу (иш )очилмайди, деб юриш калтабинликдир, деб таъкидлади президент.

Бу гаплардан кейин Ислом Каримов Рустам Ҳолматов жиноятларига сабаб бўлган асосий омилга эътибор қаратди:

- Мансабда ўтирган одамларни бузадиган нима, деб мендан сўрасангиз айтар эдим: Бу — нафс балоси. Туппа-дуруст бўлиб ишни бошлайди. Кейин атрофидаги пасткашлар уни йўлдан оздиради. Агар мен жазо берадиган бўлсам, биринчи навбатда бу одамга эмас¸ шуни бузган одамларга¸ лаганбардорларга жазо берар эдим, деди ўз маърузасида президент.

Ана шундан кейин Ислом Каримов¸ Рустам Ҳолматов жиноят йўлига кириб¸ эл-юрт олдида ишончни йўқотганини тан олиб, ўз ихтиëри билан ишдан кетиш ҳақида ариза берганини очиқлади.

Тошкент вилояти Халқ депутатлари кенгаши депутатлари Ўзбекистон президентининг таклифига кўра¸ Рустам Холматов аризасини қондириш борасида бир овоздан қарор қабул қилди.

Сессиягача "уюшган жиноий гуруҳ раҳбари"¸ деган айблов остида бўлган Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими Рустам Xолматовнинг кейинги тақдири борасида Ўзбекистон президенти маърузасида аниқ ишоратлар бор эди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Тошкент вилояти Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги маърузасида¸ “жиноятчи ҳам одам¸ у ҳам кечиримга лойиқ”¸ деган маънода ишоратлар қилди.

- Одамлар ҳеч қачон жиноятчи бўлиб туғилмайди. Ҳеч қачон. Энди у киши ҳақида кўп гапириш мумкин. Лекин¸ бизлар кечиримли халқ. Имконият берамиз. Майли қинғир-қийшиқ ишларга йўл қўйибсан. Лекин¸ барака топкур, кўрсатган зарарингни қопла. Бор¸ ўзингни оқлашинг учун нима керак бўлса сенга ташкил қилиб берамиз¸ дея Ўзбекистон президенти ишдан кетаëтган ҳокимини умидлантирди.

Бу гапдан кейин Ўзбекистон президенти Рустам Холматовнинг мол-мулки мусодара қилинмаслиги ҳақида ишоратли гап қилди.

- Совет даврида ким қамалса, уни бор йўқ мол-мулки мусодара қилинар эди. Бу нима дегани ўзи¸ боласини нима айби бор? Хотинини нима айби бор? Нима учун унинг боласи отаси боис камчилик кўриши керак.Биз бу мусодара қилиш тизимини 15 йил олдин йўқ қилдик¸ деб таъкидлади президент.

Ўзбекистон президенти маърузасини залда ўтириб эшитган ва исми айтилишини истамаган оққўрғонлик фермер Озодлик билан суҳбатда вилоятнинг собиқ ҳокими фақат ишдан олиниш билан қутулиб қолганини айтди.

- Ўзи президент санаган жиноятларни бошқа одам қилганида камида 20 йил қамоққа кетган бўлар эди. Аммо¸ бизда ҳокимлар қамалмайди. Қолаверса¸бугун танқид қилинаëтган ҳоким 2008 йилда Каримовни ўзи тарафидан мақтаб-мақтаб лавозимга қўйилган эди дейди¸ оққўрғонлик фермер.

Тошкент вилоят ҳокимиятининг ўзини Умаржон, деб таништирган мулозими собиқ ҳоким қамалмасдан тинчгина уйида истирохат қилаëтганини айтди.

- Кеча телефонда гаплашдим. У киши тинчгина уйларида ўтирибди. Қамалибди, деган совуқ гаплар нотўғри¸ дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасидаги манбаларига таянган мустақил журналист Абдураҳмон Ташановдаги маълумотларга кўра, собиқ ҳоким Рустам Холматовнинг жиноий фаолияти кейинги икки ой мобайнида тафтиш қилиб келинган ва Холматовга нисбатан "уюшган жиноий гуруҳ раҳбари"¸ деган жиддий айблов илгари сурилган.

- Айни пайтда Холматовга нисбатан очилган жиноий иш ëпилмайди. Аммо, собиқ ҳоким президент тарафидан кечирилган ҳисобланиб¸ бу жиноий иш судга ҳам оширилмайди¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.


Президент таниқидига нишон бўлган "Шуҳрат" орденлари совриндори

Ўзбекистон президенти тарафидан калтабин ва нафсга берилган "порахўр, коррупционер", дея айбланган 52 яшар Рустам Холматовнинг асл касби иқтисодчидир.

У 1999 йилда «Шуҳрат» ордени билан, 2002 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.

2008 йилдан 2013 йилгача Тошкент вилоятига ҳокимлик қилган сенатор Рустам Холматов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Илм-фан, таълим, маданият ва спорт масалалари бўйича қўмитаси аъзоси эди.

Холматов 1998-2000 йиллар оралиғида Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани ҳокими бўлган.

2000-2003 йиллар оралиғида эса Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоятнинг Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси раиси бўлган.

2003-2008 йиллар давомида вилоятнинг Қуйичирчиқ тумани ҳокими, 2008 йилнинг 16 декабрида эса Тошкент вилояти ҳокими этиб тайинланган.

Унга қадар қарийб 3 миллионга яқин аҳоли истиқомат қиладиган ва республиканинг маъмурий жиҳатдан муҳим ҳисобланган бу вилоятга Зиёвуддин Ниёзов раҳбарлик қилган эди.

2013 йил 1 апрелдан бошлаб, Тошкент вилоятига генерал Аҳмаджон Усмонов ҳоким қилиб тайинланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG