Линклар

logo-print
Ўзбекистон чегарасидаги Божхона хизмати постларига чекланган импорт товарларининг яна бир рўйхати тарқатилди. Шоколад 3 апрел куни тарқатилган озиқ-овқат маҳсулотлар рўйхатидан ўрин олган хорижий емаклардан биридир.

Хориждан мебел олиб келадиган хусусий тадбиркорлардан бири 3 апрел куни Ўзбекистон чегараларидаги божхона постларига импорти чекланган маҳсулотларнинг 20 вараққа жойланган рўйхати тарқатилганини хабар қилди.

Бу рўйхатлар Ўзбекистон президентининг мамлакатда ички ишлаб чиқаришни қувватлаш мақсадида импортни қисқартиришга қаратилган 29 март кунги фамони асосида ишлаб чиқилган

Озодлик манбасининг исми сир қолиши шарти билан айтишича, бу рўйхатнинг икки варағидан озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олган.

- Переченнинг листи чиқибди. Таможняга олиб келишибди бугун. Мен телефон қилиб сўрадим. Иккита варағида озиқ-овқат маҳсулотлари бор экан. Озиқ-овқатларнинг ҳам кўпи камайтирилган, шоколадлар айниқса, деди бу тадбиркор.

Унинг айтишича, 5 апрел куни импорти чекланган маҳсулотларнинг тўлиқ рўйхати божхоначиларга тақдим қилинади.

- 5 апрел куни келишиб, чегарадаги божхоначиларга махсус программа ўрнатиб бериб кетишаркан. Ичида чекланадиган ё тақиқланадиган ҳамма товарларни кодлари бўларканда энди менинг тушунишимча, деди тошкентлик тадбиркор.

Тошкент шаҳридаги қандолат маҳсулотларини сотувчи қатор дўконлардан олинган маълумотларга кўра, 3 апрел кунги рўйхатдан хориждан келиши мутлақо тақиқланган ширинликлар ҳам ўрин олган.

Озодлик ҳозирча тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотларига оид тўлиқ маълумотни олишга муваффақ бўлмади.

Аммо бу борада хабар қилган тошкентлик манбага кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларига муқобил хорижий маҳсулотлар тақиқланган.

Худди шундай мамлакатнинг ўзида чиқаётган уй-рўзғор буюмларининг хорижий муқобиллари ҳам тақиқлангани айтилмоқда.

Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитасидан ҳозирча бу борада бирор расмий маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Аммо, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги Божхона постларидан биридаги манбага таяниб, исми сир қолиши шарти билан сўзлаган тошкентлик иқтисодчига кўра, тақиқланган маҳсулотлар рўйхати ҳам анчагина узун бўлиши кутилмоқда.

"Асосан, ўзимизда чиқадиган битовой техникалар ва озиқ-овқатлар тақиқланади, дейишяпти. Лекин, ҳали ҳеч нарса маълуммас. 5 апрелгача кутиш керак", деди иқтисодчи.

Бунга қадар Ўзбекистонга олиб киришда бевосита бўлмасада, билвосита кескин чекловга учраши кутилаётган импорт маҳсулотларнинг дастлабки рўйхати пайдо бўлган эди.

Ундан халқ истеъмоли молларининг 10 дан ортиқ тури ўрин олган:

- уяли алоқа тармоқлари ёки бошқа симсиз алоқа ‎тармоқлари учун телефон аппаратлари,
- овқатни тайёрлаш ва иситиш учун қурилма,
- кондиционерлар,
- электр ёки бошқа турдаги музлатгичлар, ‎
- совутгичлар,
- уй-рўзғор идишларини ювиш машиналари,
- маиший ёки кирхоналар учун кир ювиш ‎машиналари,
- чангютгичлар,
- микротўлқинли печлар,
- маиший турғун электр плиталари,
- телевизион ва видео билан ишловчи ускуналар,
- Қисилган ёки суюлтирилган газ учун идишлар ва ҳоказо.

Lex.uz сайтида берилган ҳужжатга кўра, булар "махсус назорат идентификация белгилари билан мажбурий маркировка қилиниши керак бўлган четдан келтириладиган истеъмол товарлари”дир.

Бундан ташқари, 1 апрелдан Ўзбекистоннинг чегаралардаги Божхона назорат пунктлари Ўзбекистонга кираётган товарлар ва транспорт воситалари назоратини кучайтиришга оид янги тартибда ишлай бошлаган.

Бу эса импортни чеклашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирларнинг яна бир йўналишидир.

Яъни, Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистонга ҳаво, темир йўл, автомобил йўли ва сув транспорти орқали келаётган товарлар "ишончлилигини ошириш мақсадида" назоратини кучайтириш тартибини жорий этди.

Бу тартиб ҳам "мамлакатга кириб келаётган импорт товарлари контрабандаси олдини олиш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни қувватлаш" нияти билан изоҳланган 2013 йилнинг 29 мартидаги Ўзбекистон президенти фармони асосида ишлаб чиқилди.

Озодлик жараён ривожини кузатмоқдава мавзуга оид қўшимча тафсилотлар билан сизни таништириб боради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG