Линклар

Ўзбекистоннинг Самарқанд ва Бухоро вилоятларида давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фуқароларнинг мурожаатларига қисқа муддатда жавоб бериш тажрибаси синаб кўрила бошлади. Бу “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини синовдан ўтказиш бўйича ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Олий Мажлиси қонунчилик палатасининг бу ташаббуси мамлакат президенти томонидан маъқулланиб, бу хусусда махсус фармойиш ҳам қабул қилинган.

“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Самарқанд ва Бухоро вилоятларида 2013 йил давомида синовдан ўтказилади.

Бу қонун лойиҳасига кўра, жамоатчилик давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақида яхши хабардор бўлиши керак.

Янги қонунда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинлиги ҳамда қонуний манфаатларига тааллуқли ҳукумат қарорлари тўғрисидаги ахборотдан аҳолининг янада кенг фойдаланишини таъминлаш кўзда тутилган.

Масалан, жисмоний ва юридик шахсларнинг расмий талаби у рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн беш кундан ошмайдиган муддатда кўриб чиқилиши шарт.

Шунингдек, янги қонунда оммавий ахборот воситалари ходимларининг расмий идораларга юборган сўровлари ёки мансабдор шахслар билан интервью ташкил қилиш тўғрисидаги талаби етти кундан ошмайдиган муддатда кўриб чиқилиши лозим.

Бунда ахборот олиш талаблари ёзма, жумладан, электрон ҳамда оғзаки шаклда бўлиши ва бевосита, ахборот олишдан манфаатдор шахсларнинг ваколатли вакиллари орқали юборилиши ҳам мумкин. Буларнинг барчаси фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқларини янада кенгайтиради.



“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун жамиятда фикрлар хилма-хиллигини, сўз ва сайлов эркинлигини кенгайтиришга хизмат қилиши айтилади.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ҳукумати бу икки вилоят мисолида аҳолининг cўров-талаблари, ариза ва шикоятлари маҳаллий ҳокимият идораларида йиллаб чанг босиб қолиб кетмаслигини олдини олишга қаратилган ҳаракатларини бошлаган кўринади.

Бухоро вилояти ҳокимлигининг умумий бўлим мудири Қобил Зокировнинг Озодликка айтишича, бу қонун фуқаролар ва ҳокимият муносабатларидаги шаффофликни таъминлашга хизмат қилади:

- Биринчидан, қонунийлик таъминланади. Иккинчидан фуқаро ўз аризалари жавобидан қониқиш ҳосил қиладими, шунга эришиш. Агар фуқаро ўз аризасига асосли ва тўлиқ жавоб олса иккинчи марта мурожаат қилмайди. Энг муҳими шаффофлик таъминланади. Лекин фуқароларнинг аризалари ҳам адресли бўлиши керак. Ҳамма шикоятларни ҳам ҳокимият кўриб чиқолмайди,- деди Қобил Зокиров.

Бироқ, кузатувчилар фикрича, бугун коррупция урчиган Ўзбекистондаги маҳаллий ва бошқарув идораларида бу ҳаракатлар ҳеч қандай натижа бермайди.

Фуқаролар шикоятлари билан шуғулланадиган самарқандлик ҳуқуқ фаоли Маматқул Мухторовнинг айтишича, фуқароларнинг маҳаллий ҳукумат идораларига ёзган аризалари ойлаб, ҳатто йиллаб кўриб чиқилмайди:

- Ҳокимиятга ариза ёзсанг олти ойда ҳам жавоб бермайди. Милицияга ариза ёзсанг, “ҳа ундай қиламиз, ҳа бундай қиламиз” дейдида судраб юраверади. Ҳамма жойда порахўрлик ва таъмагирлик авж олган. Маҳаллий ҳокимиятлар халқдан тамоман узилиб қолган. Президентни ўзига ёзилган аризалардан ҳеч қандай натижа бўлмаяптию, маҳаллий ҳукуматдан хафа бўлмасак ҳам бўлади,- дейди Маматқул Мухторов.

Ҳуқуқ фаоли фикрича, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун қабул қилинганда ҳам ҳеч нарса ўзгармайди:

- Йўқ, йўқ. Бу янги қонундан бир грамм ҳам натижа бўлмайди. Чунки маҳаллий ҳокимлар халқни назар-писанд қилмайди. Бўлмаса оддий бир нарса, халқ икки йилдан буён свет ва газ йўқ деб ёзади. Барибир фойдасиз. Ўзбекистонда қайси бир қонун яхши ишлаб кетган эдики, буниси амалга ошса,- деди самарқандлик ҳуқуқ фаоли Маматқул Мухторов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG