Линклар


Шимолий Корея ўз ҳарбийларига агрессияга қарши “шафқатсиз ҳужум” қилишга рухсат берилгани ва ядровий қуролдан фойдаланиш эҳтимоли ҳам соқит этилмаслиги тўғрисида Вашингтонни огоҳлантирди. АҚШ Мудофаа вазирлиги Пхеняннинг бу таҳдидини жиддий қабул қилди.

Корея Марказий ахборот агентлиги мамлакат Қуролли кучларининг исми зикр этилмаган матбуот котиби сўзларига таяниб тарқатган хабарига кўра, мамлакат қўшинларига АҚШ агрессиясига қарши “қақшатқич амалий жавоб зарбаси бериш”га рухсат этилган.

Пхеняннинг ушбу огоҳлантириши Пентагон АҚШнинг Тинч океанидаги Гуам ҳудудида ракета ҳужумидан мудофаа тизими кучайтирилишини маълум қилганидан сўнг эълон қилинди.

Пайшанба куни Жанубий Корея Мудофаа вазири Шимолий Корея узоқ масофага учадиган ракетасини мамлакат шарқий соҳилига кўчирганини айтган эди.

Бироқ Ким Кван-жин у АҚШ ҳудудигача етиб борадиган ракета экани ҳақидаги маълумотни инкор қилди.



Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Ви Йонг-саб мамлакат ҳарбий кучлари ташқи таҳдидни бартараф қилишга тайёр, деди.

-Бизнинг қуроллар шай ҳолатда турибди. Шимолий Кореянинг бугунги баёнотига келсак, бизнинг ҳарбий тайёргарлигимиз аллақачон юқори даражага келтирилган. Биз ҳар қандай бўҳронни ҳал қила оламиз, дея баёнот берди Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги матбуот котиби.

Пайшанба куни Япония ҳукумати матбуот котиби Йошихиде Суга Пхеняннинг кескин баёнотлари Токиони қўрқита олмаслигини таъкидлади.

Бир кун олдин АҚШ Мудофаа вазири Чак Ҳейгел Вашингтон Шимолий Кореянинг таҳдидларини жиддий қабул қилишини айтган эди.

- Улар ҳозир ядровий қудратга эга. Улар қанотли ракетага эга. Шу боис уларнинг тажовузкорлиги ва кескин баёнотлари кучаймоқда. Уларнинг сўнгги ҳафталардаги хатти-ҳаракатлари бизнинг, Жанубий Корея ва Япония каби иттифоқчиларимизнинг манфаатларига реал ва аниқ таҳдид касб этмоқда. Шимолий Кореянинг таҳдидлари АҚШга қаратилган, дея баёнот берди АҚШ Мудофаа вазири.

Таҳлилчилар фикрича, Шимолий Корея АҚШ ҳудудига зарба бериш воситаларига эга эмас, балки Жанубий Корея ёки Япониядаги АҚШ ҳарбийлари нишонга олиниши мумкин.

Айни пайтда, 4 апрел куни Шимолий Корея расмийлари жанубий кореяликларнинг икки давлат ўртасида бирга барпо этилган саноат ҳудудига ишга келишларига иккинчи кун рухсат бермади.

“Кэсон” мажмуаси танг аҳволга тушган Шимолий Корея режимининг ягона валюта тушуми манбаси ҳисобланади.

Пхеняннинг ушбу ҳудуддан йилига 80 миллион АҚШ доллари миқдорида даромад кўриши айтилади.

Шимолий Корея жорий йил февралида учинчи ядровий синов ўтказганидан кейин Корея ярим оролида вазият кескин тус олди.

Пхеняннинг ядровий синовига жавобан БМТ Шимолий Кореяга нисбатан қўшимча халқаро санкциялар жорий қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG