Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:22

Андижонга муваққат ҳоким тайинланди


Андижон вилоят ҳокими Аҳмаджон Усмонов Тошкент вилояти ҳокими этиб тайинланганидан сўнг унинг Андижондаги вазифасини ҳокимнинг биринчи ўринбосари Шокиржон Шералиев бажариб турган эди. 4 апрел куни кечга яқин олинган хабарга кўра, Андижон вилояти муваққат ҳокими этиб Шуҳратбек Абдураҳмонов тайинланган. Янги ҳокимнинг эса Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида тайинланиши кутилмоқда. Сессиянинг қачон чақирилиши ҳозирча номаълум.

Шу пайтгача Андижон вилоят хокимининг аграр масалалар бўйича муовини бўлиб ишлаган Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон вилоятига ҳоким вазифасини бажарувчи қилиб тайинланди.

Қачон бўлиши ҳали аниқ бўлмаган Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоятга янги ҳоким тайинланиши кутилмоқда.

Андижон ҳокими Аҳмаджон Усмоновнинг Тошкент вилоят ҳокими қилиб тайинланиши ортидан бўшаб қолган ўринни ким эгаллаши ва сесиянинг айнан қачон бўлиши сир сақланмоқда.

Андижондаги мобил мухбиримизга кўра, янги ҳоким тайинлаш учун вилоятга келиши кутилаëтган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ташрифига алоҳида тайëргарлик кўрилмоқда.

Мухбиримиз вилоят ҳокимлиги жойлашган Фитрат кўчаси асфалти янгиланаëтгани ва бордюрлар бўялаëтганига гувоҳ бўлди.

-
Андижоннинг президент кўзи тушиши мумкин бўлган кўчаларидаги уйлар зудлик билан оқ ва яшил рангларга бўялмоқда, черепица ёпилмаган уйларнинг кўчага қараган томларига қизил ранг суртилмоқда
Андижоннинг президент кўзи тушиши мумкин бўлган кўчаларидаги уйлар зудлик билан оқ ва яшил рангларга бўялмоқда, черепица ёпилмаган уйларнинг кўчага қараган томларига қизил ранг суртилмоқда, деб хабар берди мухбиримиз.

Шу билан бирга Андижондаги "УзГазойл" ëнилғи қуйиш шоҳобчалари супуриб сидирилиб реклама лавҳалари зудлик билан янгиланган.

Андижон вилоят ҳокимлигида ишловчи, ўзини Ўктамжон, деб атаган мулозим сессияга тайëргарлик яхши кетаëтганини айтди. Телефон қилган мухбирнинг Озодликдан эканини билгач, мулозим сессияга ҳозирлик тафсилотларини айтмасликни маъқул кўрди.

Озодлик мухбири билан микрофонсиз сухбатлашишга рози бўлган вилоят хокимлиги ташкилий бўлими мулозимининг айтишича¸ Андижон вилояти хокимини алмаштириш тадбирига айнан Президент Ислом Каримовнинг келиши аниқ эмас.

"Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëев келиши эҳтимолга яқин", деди ўз исми айтилишини истамаган мулозим.

Ислом Каримов учун аталган театр

Андижон марказида жойлашган Аббос Бакиров номидаги театр артистларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда хоким алмашиши тадбирига жадал суръатда репетиция қилинаëтганини айтди.

Суҳбатдошга кўра, бу репетицияда Ислом Каримовнинг Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзга чиққан маърузачиларга муносабати эътиборга олинмоқда.

-Масалан, Тошкент вилоят сессиясида бир ўқитувчи аëл чиқиб Каримовга бағишлаб шеър ўқиди. Каримов бундан ўта таъсирланди. Буни инобатга олиб биз ундан ҳам таъсирли шеър ўқийдиган аëлни топиб қўйдик. Кейин андижонлик ëшларнинг ор-номус, ватанни севиш борасида чин дилдан гапиришини репетиция қиляпмиз.

Театр ижодкорининг Озодлик билан суҳбатига кўра вилоят хокимлигига ëндош бино бўлган барча бинолар янгидан бўялиб шиорлар осилмоқда.

- Бир сўз билан айтганда, Андижон раҳбарлар ташрифига ва янги ҳоким тайинланишига куну-тун тайëргарлик кўрмоқда. Эски ҳоким пайтида бошланган зўр ишларни янги ҳоким келган жойидан давом эттиришига ишонамиз. Раҳбарларимиз шарофати билан Андижонимиз янада гуллаб яшнайди, деди Андижондаги театр ижодкори.

Ким ҳоким бўлиши мумкин?

Ўзбекистонлик мустақил журналистлардан бири ўз манбаларига таяниб¸ хозир президент маслаҳатчиси бўлган 47 яшар Ихтиëр Абдуллаев Андижон вилояти ҳокимлигига номзод сифатида кўрилаëтганини айтган эди.

Айни пайтда Ўзбекистон Бош вазирига яқинлиги айтилган ва вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаётган Шокиржон Шералиев ҳам вилоятнинг бўлғуси ҳокими сифатида кўрилмоқда.

Андижон ҳокимлар учун жарима майдоними?

Андижонга ким ҳоким бўлади? Бу саволнинг аниқ жавобини суҳбатдошларимиз айта олишмади.

Андижон вилоятини Усмоновгача бошқарган икки ҳоким устидан ўз вақтида жиноят иши қўзғатилган эди.
Андижон вилоятини Усмоновгача бошқарган икки ҳоким устидан ўз вақтида жиноят иши қўзғатилган эди.

Андижонни 2006 йилдан бери бошқарганидан кейин Тошкент вилояти ҳокими қилиб тайинланган генерал Аҳмаджон Усмоновдан олдин вилоятни Сайдулла Бегалиев бошқарган эди.

2005 йил 13 май куни Андижонда юз берган исëн пайтида вилоятга раҳбарлик қилган Бегалиев бу воқеалардан кейин ишдан олинган ва 2007 йилда унинг устидан жиноят иши қўзғатилган.

Пировардида Бегалиевга нисбатан шартли жазо қўлланилгани айтилади.

Бегалиевгача Андижон вилоятини 1999 йилдан 2004 йилгача "Ўзбекистон қаҳрамони" Қобилжон Обидов бошқарган эди.

Қобилжон Одилов 2007 йилда Тошкент шаҳар суди тарафидан 2005 йил 13 майдаги Андижон исëнига алоқадорликда айбланиб, бир йил шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
XS
SM
MD
LG