Линклар

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига қарашли Новкент туманида араблар яшайдиган Сарисиё, деган қишлоқ бор. Тили ва урф-одатлари ўзбекчалашиб кетган 362 хонадонлик қишлоқ аҳли ўтган асрнинг бошида Новкентга кўчиб борган 7 араб оиласидан кўпайган.

Ўзбеклашиб кетган новкентлик араблар


Бу қишлоқ Совет даврида Киров, деб номланган. 1990-йилларнинг ўрталаридан Сарисиё, деб атала бошлаган. Бунинг алоҳида сабаби бор ва уни баёнимизнинг охирида айтиб берамиз.

Лекин новкентликлар бу қишлоқни, асосан "Араб маҳалла", деган ном билан тилга олишади.

"Араб маҳалла"га бориб қолсангиз, қўлингизда таёқ бўлгани дуруст.

Йўқ, нотўғри тушунманг, одамлари жангари эмас, шунчаки ҳар бир уйда йўқ деганда, иккитадан ит бор. Сарисиёликлар фермерчиликка яқин бўлгани боис, уйларида мол-қўй кўп боқишади. Итлар эса ҳайвонларни қўриқлаш вазифасини бажаради.

Қишлоқ аҳли бегона кишиларга, айниқса журналистларга очилиб-тўкилиб гапиришни унчалик ҳушламайди.

Лекин бошқа қишлоқдагилардан фарқли ўлароқ ҳовлиси атрофини девор билан деярли ўрамайди.

Уйлар, асосан лойдан қурилган. Иморатларни чиройли қилиб, безаб олишган.

Дарвоза ўрнатганлари кам. Кимдир икки-уч кунга меҳмонга кетадиган бўлса, уйини қўшнига тайинлайди-да, кетаверади. Қишлоқ аҳлининг сўзларига кўра, бу бир-бирига бўлган ишонч белгисидир.

Андижондан келган етти араб оиласи


Сарисиёлик араблар бир неча аср аввал Марказий Осиёда динни тарғиб этиш мақсадида Саудия Арабистонидан келган арабларнинг авлодларидир. Ўзларини Қурайш қавмидан деб билишади.

Қирғизистонга келгунга қадар Ўзбекистоннинг Андижон вилояти атрофидаги қишлоқларда яшашган. Андижонда ҳозир ҳам араблар анчагина.

Ўтган асрнинг бошида деҳқончилик қилиш мақсадида еттита оила Андижондан Қирғизистоннинг Новкент тумани ҳудудига ўтиб, яшаб қолишган.

Дин тарғиб қилиш мақсадида Андижонга келиб қолган арабларнинг авлодлари маҳаллий ҳалқнинг урф-одатларини, ҳатто тилини ҳам ўзлаштириб олган.

Бора-бора янги авлод араб тилини унутиб, асосан ўзбек тилида гаплаша бошлаган. Тил унутилгани билан улар араблар авлоди эканидан фахрланишади. Ҳар бир хонадоннинг тўрида тасбеҳ ва Каъбанинг расми илинган.

Маҳаллий аҳоли фарзандларини фақат мактабда ўқитади. Олий ўқув юртларида билим олаётган араб ёшлари саноқли. Қишлоқ мактабида ва тиббий бўлимда маҳаллий мутаҳассисларнинг етишмаслигининг сабаби ҳам шунда.

Ўн бир йиллик Сарисиё мактабида дарслар қирғиз тилида ўқитилади. Ўқитувчиларнинг кўпчилиги қўшни қишлоқлардан келишади.

Новкентлик араблар, асосан деҳқончилик ва савдо ишлари билан кун кечиради. Ҳар бир оилада биттадан эркак савдогарлик билан шуғулланади. Россияга ишлаб кетганлари ҳам анчагина.

Сафарбек Расулов.

Сафарбек Расулов.

Қишлоқ ёшларининг лидери Сафарбек Расуловга кўра, асосан ўзбекча овқатлар пиширишади. Урф-одатлар эса аралаш - ўзбекча ва қиргизча. Арабча урф-одатлар деярли йўқ.

- Масалан, қиз узатадиган бўлсак, ўзбекча қилиб, ёр-ёр билан куёвникига олиб борилади. Сеп қилиш ўзбекча. Бирор киши қазо қилса, овоз чиқариб эркакларнинг йиғлаб туриши қирғизча… қирғизча одатлардан қиз олиб қочиш бор, деди Сафарбек Расулов.

Аммо, янги туғилган болаларга арабча исмлар деярли қўйилмас экан. Кўпинча ота-оналар фарзандларига ўзбекча, баъзи ҳолларда қирғизча исм беришади.

Паспортига эса миллати, асосан ўзбек, деб ёзилади. Бунинг сабабини Сафарбек қуйидагича тушинтириб берди:

- Совет даврида динга бўлган тушунча сал тескарироқ эмасмиди. Шу боис, паспортдаги миллати деган жойга араб, деб ёзиш тақиқланган. Яқин йиллардан бошлаб, араб деб паспорт олишга ҳаракатлар бошланди. Биз араб эканлигимиздан фахрланамиз. Ҳозир истаган ёш боладан миллатини сўраб кўринг, арабман деб жавоб беради, дейди ёшлар лидери.

Сафарбекнинг бу гапидан сўнг қишлоқ оралаб юриб, йўл бўйида ўйнаб этирган кичкина қизалоқни гапга тортишга ҳаракат қилдик.

Озодлик: Исминг нима?

- Нигора.

Озодлик: Неча ёшдасан?

- Беш ёшдаман.

Озодлик: Миллатинг нима, биласанми?

- Арабман…

Озодлик: Арабча биласанми?

- Энди ўрганаман…

Сарисиёлик қизлар шим киймайди


Сарисиёда бўйга етган қизлар калта кўйлак кийишмайди.

Бир пайтлар бу ерда рўмол ўраш шарт, деган тушунча ҳукм сурган экан. Ҳозир ундай эмас, турмуш қурмаган қизлар бош яланг юришни одат қилишган.

Аммо уларнинг қишлоқдан ташқарига ёлғиз чиқишига йўл берилмайди.


Қишлоқ фаолларидан бири Ирода опага кўра, қизлар 20 ёшга тўлмасдан турмушга узатилади.

- Бизнинг қишлоғимизда қизлар шим киймайди. Яқиндан бери унча-мунча кия бошлашди. Асосан, кўйлак-лозимда юришади. Шим кийиш тақиқланмаган, лекин қизлар кийишмайди. 17-18 ёшидан турмушга узатамиз.

Озодлик: Нега бунча эрта турмушга берасизлар?

- Яхши жойдан совчи келиб қолса, бериб юборамиз…

Озодлик: Демак, ота-оналарнинг хоҳиши билан турмушга чиқишаркан-да?

- Асосан, ота-она xоҳиши билан узатилади. Баъзи ҳоллардагина ўзлари ҳам танлаши мумкин, деди Ирода опа.

Суҳбатдошнинг айтишича, қишлоқ аҳли яқин йилларгача бошқа ҳудуддан қиз олмаган, бошқа ҳудудга қиз бермаган.

Араб номини сақлаб қолиш учун хамқишлоқлар бир-бирлари билан қуда бўлишган. 1990-йилларнинг ўрталаридан бошлаб, бошқа жойга қиз узатиб, бегонадан келин тушира бошланган.

Қишлоқнинг Сарисиё, деб номланишининг ҳам алоҳида тарихи бор.

Афсоналарга кўра, сарисиёликларнинг аждодлари ўзлари ҳақида терига сариқ бўёқ билан ёзишган экан. "Сари-сиё", деган сўз "сариқ сиёҳ", деган маънони англатади.


Санжар Эралиев.

Сарисиё. Март. 2013 йил.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG