Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:41

Украина Абдуллажоновни Тожикистонга бермади


Тожикистон собиқ бош вазири Абдумалик Абдуллажонов 58 кунлик ҳибсдан сўнг Киевдаги тергов изоляторидан озод қилинди. Украина Бош прокурори қарорига кўра, Абдуллажоновнинг АҚШдан бошпана олган сиёсий қочқин экани тасдиғини топгач, у қўйиб юборилган.

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмонга мухолиф бўлган мамлакат собиқ бош вазири Абдумалик Абдуллажонов 4 апрел куни Киевдаги тергов изоляторидан озод қилинди.

Украина Бош прокурори унинг озод қилиниш ҳақидаги қарорга имзо чекар экан, Абдуллажоновни Тожикистонга экстрадиция қилиш ҳақидаги сўровни ҳам рад этди.

Тожикистондаги “Перспектива плюс” халқаро ташкилотининг раҳбари Ойнихол Бобоназарованинг Озодлик радиоси тожик хизматига айтишича, Украина зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажарган.

“Украина Абдуллажоновни Тожикистонга экстрадиция қилмайди. Бу билан мамлакат ҳукумати зиммасидаги халқаро мажбуриятларни бажарди ва Европа Иттифоқи ҳамда халқаро ташкилотлар билан алоқалари ёмон бўлишини истамади. Чунки, Абдуллажонов АҚШда яшаётган сиёсий қочқин", деди Ойнихол Бобоназарова.

Абуллажоновнинг адвокати Андрей Федурнинг айтишича, энди унинг ҳимоясидаги шахсга ҳеч қандай хавф-хатар йўқ. Лекин, Абдуллажонов яқин соатлар ичида унга 1999 йилда сиёсий бошпана берган АҚШга учиб кетади.

Абдумалик Абдуллажонов АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳридан учиб келган пайтида 5 февралдан 6 февралга ўтар кечаси Киевнинг "Бориспол" халқаро аэропортида Интерпол сўрови асосида ҳибсга олинган эди.

64 ёшли Абдумалик Абдуллажонов 1992 йилда Тожикистон Бош вазири бўлган. Бир йил бу вазифада ишлагандан сўнг Тожикистоннинг Россиядаги элчиси бўлган.

1994 йилги президентлик сайловида Абдуллажонов Тожикистоннинг амалдаги Президенти Эмомали Раҳмонга муқобил номзод бўлган.

Бу сайловда Раҳмон ғалаба қозонгандан сўнг, Абдуллажонов уни сайлов натижаларини сохталаштирганликда айблаган эди.

1994 йилнинг охирида Абдуллажонов Тожикистонни бутунлай тарк этди.

Тожикистон Бош прокуратураси Абдуллажоновга президент жонига суиқасд қилиш, 1998 йилда Сўғд вилоятига уюштирилган исёнчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиев билан ҳамкорлик қилиш ва давлат тўнтаришига уриниш каби айбловлар қўйган.

Абдуллажонов 2013 йил ноябр ойига мўлжалланган Тожикистондаги президентлик сайловида қатнашиш ниятини билдирган, бироқ мамлакатда узоқ вақт яшамагани боис ҳар қандай муқобил номзодни дастаклашга рози бўлган.
XS
SM
MD
LG