Линклар

Жаҳон Банки Марказий Осиёда иқлим ўзгариши сув тақчиллигини яна ҳам кучайтириб, минтақада озиқ-овқат саноатига жиддий зиён етказиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Бунинг олдини олиш учун эса экинлар турини кўпайтириш, сув иншоотларига кўпроқ сармоя ётқизиш ва фермерларга об-ҳаво ҳақида ишончли ахборотни вақтида етказиш тавсия қилмоқда.


Марказий Осиё иқлими келаси ўн йилликларда 25 фоизга ўзгариб кетиши ва бунинг ўзбекистонликлар учун оқибатлари фожеавий бўлиши мумкин.

Бу ҳақдаги башоратлар Жаҳон Банкининг 4 апрел куни эълон қилинган “Иқлим ўзгариши оқибатлари ва Марказий Осиёда қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштириш” номли ҳисоботида эълон қилинди.

Жаҳон Банки экспертлари ҳисоб-китобига кўра, 2050 йилга бориб минтақада ҳаво ҳарорати бир ярим- икки даражага ошиши, ёғингарчиликлар эса кескин камайиши мумкин.

Шунингдек, Сув манбалари катта бўлмаган ва аҳоли сони жадал ошиб бораётган минтақада иқлим исиши сув тақчиллигини яна ҳам кучайтириб юбориши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

“Агар маҳаллий фермерларга сув ресурслари ва ирригация инфротузилмаларидан кенгроқ фойдаланиши учун зарур ёрдам берилмаса, келаси ўн йилликларда Марказий Осиёнинг айрим жойларида иқлим ўзгариши озиқ-овқат ишлаб чиқаришга салбий таъсир кўрсатиши ва қишлоқ аҳолиси даромадини пасайтириб юбориши мумкин”, дейилади Жаҳон Банки ҳисоботида.

Ўзбекистон аҳолисининг 70 фоиздан ортиқ аҳолиси кўпчилик аҳоли қишлоқларда яшайдиган ва асосан,қишлоқ хўжалиги ҳисобига кун кўради.

Шу боис, иқлим ўзгаришининг оқибатлари, айниқса, ўзбекистонликлар учун жуда оғир бўлиши мумкинлиги айтилди.

Банк мутахассислари иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини камайтириш мақсадида Марказий Осиёнинг тўрт республикаси учун тавсиялар ҳам ишлаб чиққан.

Қишлоқ хўжалиги экинлари турини кўпайтириш, сув инфротузилмаларига кўпроқ сармоя ётқизиш ва фермерларга об-ҳаво ҳақида ўз вақтида ишончли ахборот бериб туриш ана шу тавсиялардандир.

Жаҳон Банки огоҳлантирувига кўра, агар иқлим ўзгариши олдини олиш учун зарур чоралар кўрилмаса, шу асрнинг якунига бориб дунё бўйлаб ҳаво ҳарорати 4 даражага ошиб кетиши мумкин.

Навбатдаги ҳисоботида Жаҳон Банки етарли чора кўрилмаган тақдирда дунёда кейинги юз йил ичида денгиз сатҳининг ошиши, озиқ-овқат етишмаслиги ва об-ҳавонинг кутилмаган тарзда ўзгариши билан боғлиқ муаммоларга дуч келиши эҳтимолидан ҳам огоҳлантирмоқда.

Жаҳон Банки прогнозларига кўра, гарчи дунё давлатлари ҳавога заҳарли газларни чиқариш бўйича мажбуриятларини тўлиқ бажарган тақдирда ҳам дунё ҳароратининг бу юз йиллик якунига қадар 3 даража ўсиши олдини олиш имконсиз бўлиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG