Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:26

Усмонованинг қизи "соч парваришига “Ласетти” пулини сарфлаган"


Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова. (Сурат Sayyod.com сайтидан олинди.)
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова. (Сурат Sayyod.com сайтидан олинди.)
Абитуриентнинг 100 бали “туя қилинди”. Депутат ҳокимлардан қониқмаслигини маълум қилди. Жасоратли талаба ёнғинда уч норасидани қутқариб қолди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеаларни ёритди.


“Гаишник” пора устида қўлга олинди”

Сирдарё вилояти Ширин шаҳар Ички ишлар бўлими Йўл ҳаракати хавфсизлиги нозири Баҳриддин Тўхсанбоев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-моддасига кўра, порахўрликда айбдор, деб топилди (“Адолат кўзгуси”, 4 апрел).

Йўл нозири Тўхсанбоев жарималарни камайтириб бериш эвазига гулистонлик ҳайдовчидан пора олгани учун маҳкамага тортилган.

Жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар суди ички ишлар идораси вакилига 5 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган.


“Фарзандликка олиш масаласи судяларга олиб берилди”

Ўзбекистонда фарзандликка олиш масаласи эндиликда суд қарори билан амалга оширилади (“Даракчи”, 4 апрел).

Бу борада Ўзбекистон Фуқаролик процессуал ва Оила кодексларига ўзгартириш киритилган.

Ҳозиргача фарзандликка олиш масаласи васийлик органлари тавсиясига кўра, туман ва шаҳар ҳокимлари қарори билан ҳал этилган.

“Ҳокимлар томонидан бу масала кўрилаётган пайтда ҳамма вақт ҳам боланинг манфаатлари тўлиқ ҳисобга олинаяпти, деб айта олмаймиз. Агар расмий маълумотларга эътибор қаратсак, 2012 йилнинг 9 ойи мобайнида 2451 та қарор чиқарилган бўлса, шундан 42 таси бекор қилинган. Бизнинг назаримизда, бунинг биттаси ҳам кўп. Чунки ҳар бир бекор қилинган қарор ортида боланинг тақдири турибди”, деб ҳисоблайди бу борада газетага изоҳ берган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойша Охунова.


“Абитуриетнинг 100 бали уриб қолинган”

Ўзбекистон Бош прокуратурасига олий ўқув юртларига қабул имтиҳонлари юзасидан шикоятлар келиши кўпаймоқда.

Бу ҳақда Бош прокуратура вакили Аҳрор Арзиевнинг “Ҳуқуқ” газетасига маълум қилган.

Яъни, Фарғона вилояти Ёзёвон туманида яшовчи М.Кабировнинг фарзанди 2012 йилда Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғонага филиалига кириш учун тест топширган.

Яқинда шикоят асосида ўтказилган қайта текширувдан кейин абитуриентнинг жавоб натижалари 100 балга камайтириб ҳисоблангани аниқланган ва абитуриент давлат грантига қабул қилинган.

Шу каби шикоятларни қайта кўриш асосида фуқаро Г.Абдуллаева Тошкент тиббиёт академиясига давлат грантига, Ш.Муртазаева Тошкент давлат педагогика университетига тўлов-шартнома асосида талабаликка қабул қилдирилган.


“Чегарада 99 дона ноёб танга тўхтатилди”

Келес божхона постида маданий бойликларни ноқонуний олиб кетаётган фуқаро тўхтатиб қолинди (“XXI аср”, 4 апрел).

Тошкент-Москва йўналишидаги поездда кетаётган янгийўллик Н.Долидзенинг қўл юки орасидан XVIII-XX асрларда Россия ва Буюк Британия ҳудудида муомалада бўлган 99 дона қадимий танга ва икки асрлик тарихга эга орден ҳамда медаллар борлиги аниқланган.

Божхона идораси матбуот хизматига кўра, сўнгги пайтларда 2,5 минг донага яқин турли ноёб тарихий ва маданий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.


“Талаба ёнғинда уч болани қутқариб қолди”

Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Қушбеги даҳаси 17-уй 7-хонадонда рўй берган ёнғинда талабанинг жасорати билан уч боланинг ҳаёти сақлаб қолинди (“Ёнғин хавфсизлиги” журнали, 2013 йил 2-сон).

Кўп қаватли уйнинг 2-қаватидаги хонадонда ёнғин чиққанини сезган Тошкент давлат педагогика университети талабаси Ройиддин Тариев нарвон билан 2-қаватга чиқиб, балкон ойнасини синдирган ва ёнғин бўлаётган уйга кирган.

Жасоратли қўшни уч болани – 6 ёшли Холида, 5 ёшли Асадилло ва 3 ёшли Дурдона Жавлиевларни қутқариб қолган. Бу орада воқеа жойига етиб келган ўт ўчирувчилар алангани бартараф этган.

Айтилишича, хонадон бекаси Наргиза Тоштемирова ёнғин чиққан пайт бозорда бўлган.


“Усмонова соч парваришига битта машинанинг пулини сарфлаган”

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг қизи Нилуфар Усмонова сочини парваришлаш учун битта “Ласетти” машинасининг пулини сарфлаган.

Бу ҳақда сартарош Зуҳра Собирова “Даракчи” нашрига маълум қилган.

Маълум бўлишича, онаси изидан бориб, қўшиқ айтаётган ёш Усмонова сумка йиғишга ҳам муккасидан кетган. Ёш хонанданинг сумкалари сони 120 дан ошган.

“Тошкент давлат юридик институтини етти йилдан бери тамомлолмай ҳалакман. Дарсларга ўз вақтида қатнашолмаганим учун икки марта ўқишдан ҳайдалдим. Кўр ҳассасини бир марта йўқотса, мен икки марта йўқотганман”, деган Нилуфар Усмонова нашр мухбирига ўз одатлари ҳақида гапираркан..


“Sharq Telekom”нинг интернетидан мижозлар норози”

“Sharq Telekom” ширкати кўрсатаётган интернет хизмати сифатсиз экани мижозлар норозилигига сабаб бўлмоқда (“Новый век”, 4 апрел).

Қайд этилишича, компаниянинг “Sharq stream” тариф режасига кўра, мижозларга 512-1024 кбит/cекунд тезликда интернет хизмат кўрсатилиши керак. Амалда эса тезлик 100 кбит/секунддан ошмаётир.

Холида Меҳмонованинг ёзишича, ўзини “мамлакатдаги энг етакчи операторлардан бири” деб ҳисоблайдиган компанияда тўлов борасида ҳам тушунмовчиликлар мавжуд.

Бу борадаги вазиятни ҳал этиш учун ширкат билан телефон орқали боғланиш имкони эса амалда мавжуд эмас.


“Қишлоқ хўжалигида... сунъий йўлдошдан фойдаланилиши мумкин”

Ўзбекистон об-ҳавони кузатиш марказига “УниСкан-24” станцияси ўрнатилди. Мазкур ускуна “Terra” ва “Aqua Modis” сунъий йўлдошларидан ахборот қабул қилиш ва қайта ишлаш имконини беради (“ICT news” журнали, 2013 йил 2-сон).

Янги ускуна, аввало, ернинг ҳолати, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш билан боғлиқ маълумотларни тезкор олиш ва шунга кўра, ҳаракат қилишда асқотади.

Шунингдек, Чотқол, Угом, Пском, Қашқадарё, Сурхондарё ва Фарғона водийсидаги музликлар ва қор қопламларини кузатиб бориш, сув омборлари ва сув ҳавзаларидаги ўзгаришларни баҳолаб боришга ёрдам беради.

Айтилишича, янги тизими ҳозирда синовдан ўтказилмоқда. “Terra” ва “Aqua Modis” cунъий йўлдошлари Ерда табиий ўзгаришларни кузатиш мақсадида Америка фазовий тадқиқотлар агентлиги (НАСА) томонидан учирилган.
XS
SM
MD
LG