Линклар

Президент реал даромад ошгани билан мақтанди

  • Садриддин Ашур

Мардикор аравакашлар навбатдаги мижозни кутмоқда

Мардикор аравакашлар навбатдаги мижозни кутмоқда

Тошкент вилоятида яшаётган аҳолининг реал даромади 2000 йилга нисбатан 10 бараварга яқин, иш ҳақлари эса 14 маротаба ошди. Тошкент вилояти халқ депутатлари Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида бу рақамларни келтирган президент бу муддат ичида нарх-наволар қанчага ошгани ҳақида гапирмади.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Тошкент вилояти халқ депутатлари Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида қилган чиқишида халқнинг турмуш тарзи яхшиланиб бораётгани учун "бизларни мақтаса бўлади", деди:

- Кимдир агар нимага эришяпмиз мана шу эркинлигимиз ҳисобидан, ишни тўғри ташкил қилиш ҳисобидан, деб сўраса агар бу рақамларни олиб келсак кимдир яна сизлар билан баҳсга тушиши мумкинми? Ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайди, ҳеч қайси мамлакат билан. Холисона гапирадиган бўлсак, фақатгина бизларни мақташга қолади. Лекин мақташга ҳам мардлик керак, деди Ислом Каримов.

Президентнинг мақтанишига сабаб бўлган рақамлар эса қуйидагича:

- Ойлик ўртача 14 карра ошадиган бўлса, ҳар қайси жонга тушадиган реал даромад тахминан 10 карра кўпайган бўлса?! Агарки шуни қадрини, бу рақамлар нимани беряпти деб солиштирадиган бўлсак , 12 йиллик даврни оладиган бўлсак, реал даромад 10 карра ошган бўлса?! Ўзимизни хизматимиз, ўзимизни фидойи меҳнатимиз эмасми бу? деди президент.

Бундан ташқари, президент аҳолининг 37 фоизи автомобилга эга бўлгани, баъзи оилаларда 2 тадан телевизор, деярли ҳар бир хонадонда музлатгич борлиги ҳақида гапирди.

Президентнинг сессияда чиқишини кўрган ўртачирчиқлик тадбиркор Наримоннинг айтишича, бу гаплар қуруқ сафсатадан бошқа нарса эмас.

- Реал даромад ҳақида гапирадиган одам нега реал нарх-наволар ошгани ҳақида гапирмайди? Мана бизни маҳаллага келиб кўрсин. Газ йўқ, овқат қиламан десангиз уч соатда зўрға пишади. Ичимлик суви йўқ, суғориладиган сув йўқ. Булар қайси реал даромадни назарда тутяпти, билмадим, дейди ўртачирчиқлик Наримон.

Янгийўл туманида истиқомат қиладиган ишсиз Шавкатжоннинг айтишича, президент иш ҳақларининг ошганини гапириш билан бирга нарх-наволарнинг қанчага ошганини ҳам айтиб ўтса яхши бўларди.

- Ўша йилларга солиштирганда балки ойликлар шунча ошгандир. Лекин нон, гўшт неча марта ошди, нархлар неча юз фоизга қимматлади. Ҳозир биргина бизни маҳалламизда беш-олтита мардикорлар группаси бор. Ҳар бирида 50-60тадан мардикор хотинлар бор. Нима иш десангиз қилади. Агар президент айтгандай бўлганда эди, булар мардикор бўлиб юрмасди,- дейди Шавкат.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG