Линклар

logo-print

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда томчилаб суғориладиган ер майдонларини 2018 йилга бориб 25 минг гектарга етказмоқчи. Бу ҳақда Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги расмийлари маълум қилди.

Вазирлик расмийларига кўра, янги барпо этилган боғ ва узумзорларнинг барида томчилаб сўғориш йўлга қўйилади.

2012 йилга қадар Ўзбекистонда томчилаб сўғориладиган ер майдонлари 1 ярим минг гектар майдонни ташкил этган.

Дарёларида сув камайиб, ёғингарчилик оз бўлаётган мамлакат учун бу жуда кам. Мутахассисларга кўра, томчилаб суғориш пахтачиликда сарф қилинадиган сувнинг 65 фоизини, боғдорчиликда сарфланадиган сувнинг 55 фоизини тежаш имконини беради. Бундан ташқари томчилаб суғоришнинг хосилдорликка ҳам ижобий таъсири бўлади.

Аввалроқ Ўзбекистонда томчилаб суғоришни йўлга қўйган фермерларни беш йилга ер солиғидан озод қилиш ҳақида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани ҳам хабар қилинганди.

Гидрометеорогларга кўра, ўтган асрнинг 70-йилларидан бери Ўзбекистон иқлими бир даражага исиган. Бу кетишда 2050 йилга бориб Ўзбекистнда иқлим яна 1 даражадан 2 даражагача исиши мумкин.

Жаҳон банки ҳам бу ҳақдаги башоратларни 4 апрел куни эълон қилган “Иқлим ўзгариши оқибатлари ва Марказий Осиёда қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштириш” номли ҳисоботида эълон қилганди.

Жаҳон банки экспертлари ҳисоб-китобига кўра, 2050 йилга бориб минтақада ҳаво ҳарорати исиши баробарида ёғингарчилик кескин камайиши мумкин.
Сув манбалари катта бўлмаган ва аҳоли сони жадал кўпайиб бораётган минтақада иқлим исиши сув тақчиллигини яна ҳам кучайтириб юбориши мумкин.

“Агар маҳаллий фермерларга сув ресурслари ва ирригация инфротузилмаларидан кенгроқ фойдаланишлари учун лозим ёрдам берилмаса келаси ўн йилликларда Марказий Осиёнинг айрим жойларида иқлим ўзгариши озиқ-овқат ишлаб чиқаришга салбий таъсир кўрсатиши ва қишлоқ аҳолиси даромадларини пасайтириб юбориши мумкин”, - дейилади Жаҳон банки ҳисоботида.

Ўзбекистонда кўпчилик аҳоли қишлоқ хўжалиги ҳисобига кун кўради. Шу боис иқлим ўзгаришининг оқибатлари айниқса ўзбекистонликлар учун фожеавий бўлиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG