Линклар

Украина президенти собиқ Ички ишлар вазирини авф этди


Украина собиқ Ички ишлар вазири Юрий Луценко, Киев шаҳар суди, 2011 йил 9 июн.

Украина собиқ Ички ишлар вазири Юрий Луценко, Киев шаҳар суди, 2011 йил 9 июн.

Украина Президенти Виктор Янукович собиқ Бош вазир Юлия Тимошенконинг яқин иттифоқчиси, тўрт йиллик қамоқ жазосини ўтаётган собиқ Ички ишлар вазири Юрий Луценко ва яна беш кишини авф этиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Авф этилганлар рўйхатида Юлия Тимошенко йўқ.

Украина президентининг Интернетдаги расмий сайтида якшанба куни эълон қилинган баёнотда Украина ва Европа Иттифоқи расмийлари, жумладан, Полша собиқ президенти Александр Квасниевский ва Европа парламенти собиқ президенти Пат Кокс ҳам илтимос билан мурожаат қилганидан сўнг президент Виктор Янукович олти кишини авф этиш ҳақидаги фармонга имзо чеккани билдирилган.

Украина президенти собиқ Ички ишлар вазири Юрий Лиценкодан ташқари Атроф-муҳитни сақлаш вазири Георгий Филипчукни ҳам авф этган.

Бироқ авф қилганлар орасида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганлик айби билан етти йиллик қамоқ жазосини ўтаётган собиқ Бош вазир Юлия Тимошенко йўқ.

Тимошенконинг тарафдорлари собиқ Бош вазир сиёсий сабабларга кўра қамалганини иддао қилиб келади.

Луценко давлат маблағини қонунга хилоф равишда сарфлаганлик ва 2004 йилги президентлик сайловида ғолиб чиққан Виктор Юшенконинг заҳарланиши бўйича олиб борилаётган текширувда гумондор шахсларни қонунга зид равишда кузатиш ҳақида буйруқ берганлик айблари билан тўрт йиллик қамоқ жазосини ўтаётган эди.

Януковичнинг авф ҳақидаги фармони Луценко устидан суд ҳукми ўз кучида қолдирилганидан бир неча кун кейин эълон қилинди. Собиқ Ички ишлар вазири қамоқ жазоси муддатини 2014 йил декабригача ўташи керак эди.

Тимошенко ва Луценконинг озодликдан маҳрум этилгани Украинанинг Европа Иттифоқига интеграциялашишида асосий тўғаноқ сифатида кўриб келинмоқда.

Европа Иттифоқи демократик андозалар хусусида хавотир билдириб, Украина билан ҳамкорлик ҳақидаги муҳим келишувни имзолашни бир неча марта кечиктирган.

“The New York Times” газетасига жума куни фикр билдирган Украинанинг Европа Иттифоқидаги элчиси Константин Елисеев Киев муҳим ислоҳотлар ўтказишда “сезиларли муваффақиятга эришгани”ни таъкидлаган.

Элчи Брюссел жорий йил ноябрида Киев билан ҳамкорлик ҳақида келишув имзоламаса, мантиқсизлик бўлишини қўшимча қилган.

2010 йилги президентлик сайловида озгина фарқ билан Тимошенкони мағлубиятга учратган Виктор Янукович авф эълон қилишдан мақсад Украина қонунларини “юмшатиш” ва қамоқда сақланаётган одамлар сонини камайтиришдан иборат эканини билдирган.

Март ойида Янукович собиқ Бош вазир Тимошенко 2009 йилда Россия билан газ ҳақида шартнома имзолаш орқали Украинага етказган зарарини қоплаш ҳақида ўйласа, мақсадга мувофиқ бўлишини айтган.

Юрий Луценко президент Янукович бошқарувига омма норозилиги кучайиб бораётган бир пайтда авф этилди.

2 апрел куни беш мингдан ортиқ одам Киев марказига йиғилиб, Янукович партиясидан пойтахт ҳокими лавозимига сайлов ўтказишни талаб қилди.

Мухолифат аъзолари, жумладан, бокс бўйича жаҳон чемпиони Виталий Кличко президент Янукович ва унинг Регионлар партияси ютқазиб қўйишдан қўрқиб, сайлов муддатини белгиламаётганини айтди.
XS
SM
MD
LG