Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:06

Сурхондарёда ушланган мухолифатчилар 7 суткага қамалди


Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида уч кун аввал қўлга олинган эркчилар Шуҳрат Самиев ва Сафар Омонов 6 апрел куни маҳаллий суд қарори билан 7 кунга озодликдан маҳрум этилди.


Бу ҳақда Озодликка мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси Марказий кенгаши аъзоси Фахриддин Тиллаев маълум қилди.

Унинг айтишича, “Эрк” партиясининг уч вакили Қумқўрғон туманида 4 апрел куни ҳибсга олинган.

- Бу ерда уч киши - “Эрк” партиясининг Сурхондарё вилояти бўйича раҳбари Шуҳрат Самиев, партиянинг Қумқўрғон тумани бўйича раҳбари Сафар Омонов ва “Эрк”нинг Олтинсой тумани раҳбари тергов қилинган. Улардан икки нафари ҳибсга олинган, биттасига эса жавоб берилган, - дейди Фахриддин Тиллаев.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, паспорт режими баҳонаси билан қўлга олиниб, уч кун давомида Қумқўрғон туман ички ишлар бўлимининг дастлабки ҳибс камерасида оч-наҳор ҳолда сақланган эркчилар Самиев ва Омонов устидан маҳкама 6 апрел оқшомида бўлиб ўтган. Аввалроқ ҳужжатлари, ноутбук ва мобил телефонлари тортиб олинган бу эркчиларни суд ноқонуний фаолият юритганлик учун 7 кунга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарган.

Айни пайтда, Фахриддин Тиллаевга кўра, 7 апрел куни Шуҳрат Самиев ва Сафар Омонов Термиз шаҳрига олиб келинган.

- Бугун Термиз шаҳрига олиб келинибди улар. Қумқўрғон туман вақтинча сақлаш ҳибсхонасида шароит бўлмагани учун Термиз шаҳрига жўнатилган. Ҳозир улар Термиз шаҳридаги Ички ишлар бошқармасига қарашли ҳибсхоналарда сақланаяпти улар, - деди Фахриддин Тиллаев.

Шуҳрат Самиев ва Сафар Омонов аъзоси бўлган “Эрк” демократик партияси Ўзбекистон ССР Адлия вазирлиги томонидан 1990 йили расман рўйхатга олинганди.

Партия лидери Муҳаммад Солиҳ 1992 йилда ўтказилган президентлик сайловларида амалдаги давлат раҳбари Ислом Каримовга ягона рақиб бўлган.

Сайловдан кейинги таъқиб-тазйиқлар важидан Муҳаммад Солиҳ 1993 йили Ўзбекистонни тарк этганидан сўнг “Эрк” партияси мустақил Ўзбекистон расмийлари томонидан қайта рўйхатга олинмаган.

“Эрк” демократик партияси Марказий кенгаши аъзоси Фахриддин Тиллаев Қумқўрғонда қўлга олинган партиядошлари маҳаллий мулозимлар томонидан айнан ноқонуний фаолиятда айбланаётганини қўшимча қилди.

Ҳибсдаги мухолифатчилар тақдирини билиш учун Сурхондарё вилоят ички ишлар бошқармаси вакиллари билан сўзлашишга уринишларимиз самара бермади.

Қумқўрғон туман ички ишлар бўлими навбатчиси Сайнасуллаев эса 4 апрел куни ишда бўлмагани учун эркчилар қўлга олинганидан бехабар эканини, бугун якшанба бўлгани сабабли Озодликка бу борада маълумот бериши мумкин бўлган масъул шахслар ҳам йўқлигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG