Линклар

Қирғизистон пойтахтида кеча уч йил муқаддам Бишкек марказий майдонида ўққа учган намойишчилар хотирланди.

Маросимда президент Алмазбек Атамбаев бошчилигидаги давлат мулозимлари апрел қурбонларининг айримлари дафн этилган “Ата-Бейит” ёдгорлик мажмуасидаги қабрларга гулчамбарлар қўйди.

Маросимда расмий нутқлар сўзланмади, фақат Қуръон тиловат қилинди. Сўнгра президент Атамбаев 'иккинчи қирғиз инқилоби'да ҳалок бўлганларнинг оилалари билан мулоқот қилди.

2010 йилнинг 7 апрел куни Бишкек марказий майдонида минглаган одам Қурмонбек Бакиев ҳокимиятига қарши митинг ўтказганди. Ҳукумат биноси қаршисида бўлиб ўтган бу норозилик намойиши чоғида 87 киши ҳалок бўлган, юзлаб одам тан жароҳати олган. Бу воқеалар собиқ президент Қурмонбек Бакиевнинг ҳокимиятдан чекинишига олиб келган.

Апрел қурбонларидан 28 нафарининг жасади “Ата-Бейит”да, қолган маййитлар эса ўз қишлоқларида дафн қилинган.
XS
SM
MD
LG