Линклар

logo-print

Қирғизистон жанубдаги чегарасини кучайтирмоқда


Суратда: Қирғизистон республикаси Чегара хизмати бошлиғи Токон Мамитов.

Суратда: Қирғизистон республикаси Чегара хизмати бошлиғи Токон Мамитов.

Қирғизистон республикаси Чегара хизмати бошлиғи Токон Мамитовга кўра, Норин ва Иссиқкўл вилоятларида 2 та чегара отряди қисқартирилди ва улар Қирғиз-Ўзбек ва Қирғиз-Тожик чегаралари кучайтирилди.


Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири саволларига жавоб бераётиб, бунинг сабабини тушунтирар экан, Мамитов бундай деди:

- Ўзбекистон ва Тожикистон билан ўртамиздаги чегарада делимитация ва демаркациялаш жараёни ниҳоясига етган эмас. Имзоланиши лозим бўлган шартномаларга ҳали қўл қўйилган эмас. Аниқланмаган участкалар ҳали кўп. Хуллас, жанубда қиладиган ишларимиз кўп. Шунинг учун ҳам Норин ва Иссиқкўлда 2 та отрядни қисқартирдик, деди Қирғизистон республикаси Чегара хизмати бошлиғи.

Қирғизистоннинг Норин ва Иссиқкўл вилоятлари шарқда Хитой билан чегарадош. Токон Мамитовга кўра, бу икки вилоят чегарасидаги отрядларни биттаданга қисқартириш Хитой билан чегарага оид муаммо йўқлиги билан изоҳланади.

- Хитой Халқ Республикаси билан чегарамиз тинч. Бундан ташқари биз Хитой билан Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзомиз. Учинчидан, Қирғизистон ва Хитой ўртасида, ШХТ аъзолари ўртасида чегара муҳофазасига оид келишувлар бор. Қолаверса, биз Хитой билан делимитация ва демаркация масалаларини ҳал қилиб бўлганмиз, деди Қирғизистон Чегара хизмати бошлиғи Токон Мамитов.

Қирғиз – Ўзбек чегарасига доир сўнгги давлатлараро сўзлашувлар 26 -27 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтди.

Қирғизистон ҳукуматининг чегарани аниқлаш ва чегара ҳудудларини ривожлантириш бўлими бошлиғи Қурбанбай Искандеровнинг ўз вақтида маълум қилишича, томонлар 2013 йилда ўтказиладиган сўзлашувлар жадвалини тузган ва уни имзолаган. Навбатдаги сўзлашувлар жорий ой охирида ўтказилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш бўйича давлатлараро комиссиянинг олдинги йиғилиши ўтган йил ёзида Фарғонада бўлиб ўтган эди. Ўшанда музокаралар натижаларида 1378 километрли ўзбек-қирғиз чегарасининг 1 минг 58 километри, яъни 70 фоизи аниқлангани эътироф этилган. Ҳозирги пайтда чегаранинг 354 километри аниқланмай қолмоқда. Бу ерда 50 дан ортиқроқ баҳсли ҳудуд жойлашган.

Бугунги кунда Ўзбекистон –Қирғизистон чегарасидаги 20 га яқин чегара-ўтказиш пунктларидан фақат биттаси-Ўш ва Андижон чегарасидаги “Дўстлик” чегара бекати очиқ ҳолатда. Ўш ва Жалолобод вилоятларининг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларидаги бошқа чегара бекатлари 2010 йил воқеаларидан сўнг ёпилган эди. Қирғизистоннинг Боткен вилояти билан Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти чегарасидаги ўтказиш пунктлари эса шу йилнинг 5-7 январида юз берган Сўх мажоросидан сўнг ёпиб қўйилган.

Қирғизистон томони Ўзбекистоннинг 60 мингдан кўпроқ аҳолиси бўлган Сўх туманини қамал ҳолатида қолдирган. Орадан бир оз вақт ўтгач сўхликларга Қирғизистон орқали юз километрга яқин йўл босиб, Ўзбекистонга бориб келиш имконияти яратилган.
XS
SM
MD
LG