Линклар

Британия собиқ Бош вазири Маргарет Тетчер 87 ёшида вафот этди. Тэтчернинг матбуот котиби Лорд Белл мамлакат собиқ раҳбари душанба куни инсультга чалиниши ортидан вафот этганини билдирди. Тетчернинг соғлиғи бир неча ойдан бери ёмон аҳволда эди.


Испанияга сафар қилаётган Британия Бош вазири Дэвид Камерон Маргарет Тетчер вафоти муносабати билан “биз буюк етакчидан, буюк бош вазир ва буюк британияликдан жудо бўлдик", дея таъзия билдирди.

- Ундан қолган меърос унинг ўз мамлакатига чин дилдан хизмат қилгани, мамлакатимизни қутқариб қолгани ва бу билан улкан жасорат кўрсата олганидир. Одамлар унинг ютуқлари мевасини ўнлаб йиллар ва балки асрлар давомида билиб боради. Бу унинг меъросидир,- деди Дэвид Камерон.

Маргарет Тетчер вафот этгани эълон қилиниши ортидан Камерон Испанияга қилаётган сафарини тўхтатишини эълон қилди.



Дэвид Камерон душанба куни кечқурун Испаниядан Францияга жўнаб кетиши кутилаётган эди. Бироқ бу сафар ҳам кейинга қолдирилди.

Бош вазир маъмурияти Маргарет Тетчер Лондондаги Авлиё Павел черкови қабристонига ҳарбий эҳтиром билан дафн этилишини билдирди. Аммо бу давлат дафн маросими бўлмайди.

Бэкингҳем саройи Қироллича Елизавета II Маргарет Тетчернинг ўлимидан чуқур қайғуга ботганини билдирди.



Европа Комиссияси Президенти Жозе Мануэл Баррозо Маргарет Тетчерни “буюк давлат арбоби” дея, таъзия изҳор қилди.

- У ягона бозор яратишда ёрдам берган. У Темир Парда ортида бўлган Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларини Европа оиласига қўшишда етакчи рол ўйнаган,- деди Европа Комиссияси президенти.

Собиқ СССР президенти, Нобел Тинчлик мукофоти лауреати Михаил Горбачёв Тетчер вафоти муносабати билан Интерфакс агентлигига берган интервюсида “Маргарет Тетчер буюк сиёсатчи ва ёрқин шахс эди. У хотирамиз ва тарихда чуқур из қолдирган”, деди.

“Темир Леди” лақаби билан кўчиликка танилган Маргарет Тэтчер 1979 – 1990 йилларда Британия Бош вазири бўлган.

1992 йилда Британия парламентининг Лордлар Палатаси унга Баронесса Тэтчер унвони ва Пэресса (Лордлар палатаси аъзоси-таҳр.) мақомини берган.

Тэтчер Британиянинг биринчи ва ҳозирча ягона аёл бош вазири сифатида тарихга кирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG