Линклар

logo-print

Ўзбекистон президентининг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, агар актёрлар “муносиб рол ўйнамаса”, улардан унвонлар олиб қўйилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.


Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов актёр ва режиссёр Мурод Ражабовнинг фаолиятини кескин танқид қилган.

Ўтган ҳафта “Ўзбеккино” агентлигининг сўнгги 7-8 йиллик фаолияти бўйича ўтказилган мажлисда Султонов филмларда қишлоқ манзараси ғариб аҳволда кўрсатилишига эътироз билдирган.

“Shov-shuv.uz” Хайриддин Султоновнинг: “Нега қишлоқ манзараси ғариб аҳволда кўрсатилади? Қишлоқларда пахса уй, молхонадан бошқа жой йўқми? Қишлоқлардаги шунча ўзгаришларни, замонавий тараққиётни режиссёрлар кўра олмаяптими?” – деб айтган сўзларидан иқтибос келтиради.

Президент маслаҳатчисига кўра, “олди-қочди» мавзуларни экранга олиб чиқаётган, чўнтагини қаппайтиришдан бошқасини ўйламайдиган чаласавод режиссёрларни тўғри йўлга соладиган давр келди. Шунингдек, у бор умид «Ўзбеккино» миллий агентлигининг янги бош директори Жаҳонгир Қосимовдан эканлигини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, март ойида «Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директорлигига Аъзам Исҳоқов ўрнига Жаҳонгир Қосимов тайинлангани эълон қилинган эди.

Kun.uz нашрининг ёзишича, сўнгги бир ой ичида биронта янги кинопремьера бўлгани йўқ.

"Кўплаб фильмларнинг анонслари телевидение “айлантирилаяпти”, бироқ “Севги фариштаси-2”, “Жаноб хотдогчи”, “Хазон” ва бошқа шу каби фильмлар ҳали ҳам рухсат ололгани йўқ. Зебо Наврўзованинг “Эркаклар фасли” фильми эса муҳокамалардан ҳам ўтолгани йўқ", деб ёзди Kun.uz.

Ҳозирда Ўзбекистонда кино-видеомаҳсулотлар ишлаб чиқаришга изн олган ташкилотлар сони 700 га етган.

“Ўзбеккино” миллий агентлигига кўра, Ўзбекистонда йилига 50 дан зиëд бадиий филмлар суратга олиниб экранларга чиқарилмоқда.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маиший мавзудаги, кам бюджетли филмлар Марказий Осиëдаги кинотомошабинлар тарафидан яхши қабул қилинаяпти.

Айни пайтда Болливуд йўлидан кетаëтган ўзбек киносининг "сони кўпайгани сайин сифат пасайиб кетяпти", деган танқидлар ҳам айтилмоқда.

Кинони дурдона санъат деб билган Гулчеҳра Жамилова каби ижодкорлар "оз бўлсин-соз бўлсин" деган гапни таъкидлаб, бемаза қовуннинг уруғи каби кўпайган “киноасарлар”дан нолишади.

Ўзбек киноси ва театр санъатининг етук арбобларидан бири Баҳодир Йўлдошев Озодлик билан суҳбатда ўтган йили Ўзбекистонда суратга олинган 50 та филмдан бор-йўғи 3 таси кино деб айтилишга лойиқ, деб билишини айтганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG