Линклар

Ўзбекистон Самарқандда қуёш электр станциясини қурмоқчи


Ўзбекистон мамлакатда қуёш электр станцияси қуриш учун бош пудратчини танлаш тендерини эълон қилади. Самарқанд вилоятида қурилиши режалаштирилаётган электр станцияси 100 МВт кучга эга бўлиши айтилмоқда.

Ўзбекистонда чиқадиган “Новый Век” нашрининг хабар қилишича, умумий қиймати 240 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа учун тендер шу йилнинг сентябр-октябр ойларида эълон қилинади. Лойиҳа хорижий кредитлар ва Ўзбекистон ҳукумати ҳисобидан молияланиши айтилмоқда.

Ўтган ойда айни нашр, ҳукуматдаги манбага таяниб, қуёш электр станцияси лойиҳасини ишлаб чиқишга Норвегиянинг International Development Norway ширкати жалб қилиниши тўғрисида хабар қилган эди.

Янги қуёш электр станциясининг қуввати нефт эквивалентида 50 миллиард тоннадан ортиққа тўғри келиши, бу эса Ўзбекистонда ҳозирга қадар аниқланган тикланувчи энергия жами заҳираларга тенг эканини ёзди ярим-расмий нашр.

Шу йилнинг феврал ойида Ўзбекистон ҳукумати ва Осиё Тараққиёт банки мамлакатда қуёш энергиясини ривожлантириш лойиҳалари учун 2012-2015 йилларда 200 миллион долларга тенг кредит тақдим қилиниши тўғрисидаги меморандумни имзолаган эди.

Ўзбекистонда кейинги йилларда электр энергияси тақчиллиги юзага келган. Айниқса, қиш мавсумларида вилоятларда аҳолига электр қуввати ўта чекланган миқдорда етказилади.
XS
SM
MD
LG