Линклар

logo-print

Четдан мол олиб келадиган ўзбекистонлик тадбиркорлар шу ой бошидан 45 тур махсулот импортига 10 фоиздан 30 фоизгача акциз солиғи белгилангани ҳақда хабардор қилинди.



Божхоначилар импорт билан шуғулланадиган тадбиркорларга қўшимча акциз солиғини солиш кўзда тутилган чўчқа ёғи, картошкадан тортиб велосипед ва электр буюмларигача бўлган махсулотлар рўйхатини пеш қилишмоқда.

Айниқса, пиво, сигарет, атр совун, тери ва трикотаждан тайёрланган кийимлар, совутгич, чангютгич, дазмол ва кондиционер каби аҳоли кенг истеъмол қиладиган махсулотлар импортига акцизлар оширилмоқда.

Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси ходимларидан бири мамлакатда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар рақобатдошлигини ошириш ва ишлаб чиқаришни рағбатлантириш мақсадида четдан келтирилаётган айрим махсулотларга божхона тўловлари миқдори оширилганини тасдиқлади.

- Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқариш мумкин бўлган ва ишлаб чиқарилаётган барча махсулотлар импортига акциз солиғи қўлланилади,- деди ўзбекистонлик божхоначи.

Аммо, Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси ходими импортга қўшимча акциз солиқлари жорий этилиши айнан қандай норматив ҳужжатга асосланиши ҳақдаги саволни жавобсиз қолдирди.

- Қандай ҳужжат керак бўлса, божхона постида кўрсатилади,- деди ўзбекистонлик божхоначи.

Гарчи, бу каби чоралар Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рақобатдан ҳимоя қилиш ҳамда сифатсиз махсулотларнинг мамлакатга кириб келиши олдини олиш мақсадида қилинаётган эса-да, тадбиркорлар ҳам истеъмолчилар ҳам акциз солиқларининг оширилишини хоҳлашмайди.

Бахтиёр ака Тошкентда кийим бош савдоси билан шуғулланади.

- Олдин ўзимизда ишлаб чиқаришни яхшилаб йўлга қўйиб олсин, кейин акцизни оширса бўлади. Ҳозирги аҳволда бу истеъмолчиларни анча қийин аҳволга солиб қўйиши мумкин. Чунки акцизни оширса нарх-наво ҳам бозорда осмонга чиқиб кетадику,- дейди тошкентлик тадбиркор Бахтиёр ака.

Лекин, Ўзбекистоннинг расмий статистик маълумотларига қаралса, 2012 йилда Ўзбекистонда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ундан аввалги йилдагига қараганда ўртача 8 фоизга кўпайганини кўриш мумкин.

Шунингдек, озиқ-овқат, металлургия, кимё ҳамда тўқимачилик соҳаларида ҳам ишлаб чиқариш ўртача 25 фоиз ортган.

Лекин, Ўзбекистон бозорларига назар солсангиз, истеъмолчиларнинг талаби асосан импорт махсулотлари ҳисобига қондирилаётганини кўриш мумкин.

- Тўғри, ишлаб чиқариш ривожланмоқда. Сўнгги йилларда, айниқса, текстил ширкатлари кўпайди. Балки шу корхоналарда четдан импорт қилинаётган молларга қараганда сифатлироқ махсулот ишлаб чиқарилаётгандир. Лекин, мен Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган шу махсулотларни бозорда сотилаётганини кўрмадим. Бозорга борсангиз, у ерда сотилаётган махсулотларнинг тўқсон фоизи импорт,- дейди Бахтиёр ака.

Ўзбекистонга мол олиб кирувчи хусусий савдогарлар янги жорий этилган акциз солиғидан ташқари бир қатор моллар, жумладан, ноозиқ-овқат маҳсулотларига 70 фоиз ҳажмида ва озиқ-овқат маҳсулотларига 40 фоиз ҳажмда ягона божхона тўлови тўлашлари керак бўлади.

- Бу билан ҳукумат четдан мол келтириб осонгина пул қилаётган тадбиркорларга четдан махсулот олиб келиб ўтирманглар, шу махсулотларни ўзимизда ишлаб чиқаринглар, демоқчи. Лекин, буни ҳали кўрамиз, чунки ўн йил олдин ҳам шундай гаплар айтилган эди,- дейди тошкентлик тадбиркор.

1 апрелдан Ўзбекистоннинг чегаралардаги Божхона назорат пунктлари Ўзбекистонга кираётган товарлар ва транспорт воситалари назоратини кучайтиришга оид янги тартибда ишлашни бошлади.

2013 йилнинг 4 мартида қабул қилинган "Товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтишни тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари" тўғрисидаги қарор 1 апрелдан кучга кирди.

Ўзбекистонда импортга чекловни кучайтириш кўзда тутилган айни ҳужжатга мувофиқ хориждан товар келтираётган юк ташувчилар божхоначиларга ўндан ортиқ янги ҳужжатни тақдим қилиши шарт бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG