Линклар

logo-print

Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазири ўз буйруғи билан бир марталик гастрол-концерт гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлади.


Бу ҳақда Ўзбекистон қонунчилигига оид ҳужжат ва материалларни ёйинловчи norma.uz сайти хабар қилади.

8 апрелдан бошлаб кучга кирган мазкур низомга мувофиқ, концерт ва бошқа томошаларни уюштирмоқчи бўлган ҳуқуқий шахслар бир марталик гастрол-концерт гувоҳномасини олиш учун тадбир ўтказиладиган кундан 30 кун олдин “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасига ариза, давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси, тадбирнинг тасдиқланган дастури ёки сценарийси ҳамда гувоҳнома олиш учун пул тўланганини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси каби қатор ҳужжатларни топширишлари керак бўлади.

Низомда Тошкент шаҳрида ўтказилажак тадбир уюштирувчисидан гувоҳнома учун энг кам ойлик маошнинг 5 баробари миқдорида, вилоятлар марказларида ўтказиладиган тадбир уюштирувчисидан энг кам ойлик маошнинг 3 баробари миқдорида, бошқа аҳоли пунктларида ўтказиладиган тадбир уюштирувчисидан энг кам ойлик маошнинг 1 баробари миқдорида йиғим олиниши кўрсатилган. Агар Ўзбекистонда энг кам ойлик маош миқдори шу кунда 79 590 сўм экани эътиборга олинса, тадбир уюштирувчилари эндиликда концерт гувоҳномаси олиш учун 79 590 сўмдан 238 770 сўмгача йиғим олиниши келиб чиқади.

Концерт уюштирувчиси “Ўзбекнаво”га топширган бу пулнинг тўлов қоғози ҳамда юқорида зикр этилган яна учта ҳужжат 10 кун мобайнида экспертлик комиссияси томонидан ўрганиб чиқилади. Комиссия хулосасига кўра эса “Ўзбекнаво” директори гувоҳнома бериш ёки бермаслик тўғрисида буйруқ чиқаради.

Низомда бир марталик концерт гувоҳномаси бериш рад этилган тақдирда ҳужжатлар камчиликларни бартараф қилиш учун уюштирувчи-аризачига юборилиши қайд этилган. Камчиликлар бартараф қилинганидан кейин экспертлик комиссияси ҳужжатларни 3 кун давомида кўриб чиқиши лозим. Бу камчиликлар экспертлик комиссияси томонидан белгиланган муддатда бартараф қилинса, низомга кўра, аризачидан қўшимча йиғим олинмайди. Агар нуқсонларни бартараф қилиш муддати ўтиб кетса, аризачи яна юқорида зикр этилган суммани тўлайди.

Агар концерт тадбири бир неча кун давомида ўтказилса ёки бир кун мобайнида битта дастур бўйича, аммо турли вақт ва ё турли жойда ўтказилса, уларнинг ҳар бири учун уюштирувчи алоҳида-алоҳида гувоҳнома олади ва бу гувоҳномаларнинг ҳар бири учун алоҳида-алоҳида пул тўлайди.

Концерт ёки томоша тадбири куни ёки жойи, дастури ёки сценарийси ўзгарса, уюштирувчи “Ўзбекнаво”га аввал берилган гувоҳнома оригинали билан бирга ариза топширади ва 3 кун мобайнида ўзгаришларга мувофиқ гувоҳнома расмийлаштирилади.

Низомда кўрсатилишича, агар уюштирувчи тадбир ўтказиш фикридан воз кечса, унга гувоҳнома учун тўлаган пули қайтариб берилмайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG