Линклар

Анқара Бишкек муносабатлари аъло. Тошкент биланчи?


Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ва Туркия Бош вазири Ражаб Тоййип Эрдўғон ўртасида дўстона муносабатлар шакллангани айтиб келинади.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ва Туркия Бош вазири Ражаб Тоййип Эрдўғон ўртасида дўстона муносабатлар шакллангани айтиб келинади.

9 апрелда Қирғизистонга икки кунлик расмий сафар билан Туркия Бош вазири Ражаб Тоййип Эрдўғон ташриф буюрди. Кузатувчилар Эрдўғон АҚШ илтимоси билан Қирғизистонни база масаласида муросага келишга ундашини айтмоқдалар.

Туркия раҳбари Бишкекда президент Алмазбек Атамбаев, парламент раиси Асилбек Жээнбеков, Бош вазир Жонтўра Сотиболдиев билан учрашди. Бундан ташқари олий даражадаги меҳмон қирғиз-турк стратегик ҳамкорлиги кенгашининг иккинчи масжлисида иштирок этди.

АҚШ Туркиянинг Қирғизистонга таъсиридан фойдаланмоқда

Ўтган йили Туркия ва Қирғизистон ўртасидаги савдо айланмаси 200 миллион долларни ташкил қилган. 2012 йилда Қирғизистонга ётқизилган 520 миллион долларлик хорижий сармоянинг 20 миллион доллари Туркия ҳиссасига тўғри келади.

Қирғизистон ва Туркия ҳукуматлари раҳбарлари ўртасидаги муносабатларнинг илиқлиги давлатлараро муносабатларга ҳам таъсир кўрсатаётгани айтилади. Масалан, Туркия Қирғизистоннинг 51 миллион доллар қарзидан кечиб, яна 106 миллон насия ажратди.

Қирғизистонлик сиёсатшуносларнинг айтишларича, Туркия ва Қирғизистон раҳбарлари ўртасидаги шахсий муносабатларнинг илиқлигидан АҚШ раҳбарияти унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, Вашингтон 2014 йилдан сўнг ҳам Бишкекдаги ўз ҳарбий транзит базасини сақлаб қолиш масаласида Туркиядан воситачи сифатида фойдаланмоқда. Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 2014 йил июлида АҚШ базаси мамлакатдан сўзсиз чиқарилиши ҳақида бир неча маротаба баёнот берган эди.

-Мендаги маълумотга қараганда Эрдўғон Қирғизистонга сафар қилишдан олдин АҚШ Давлат котиби Жон Керри билан учрашган. Шунинг учун ҳам музокараларда АҚШ базаси ҳақида гап бўлиши тайин. Туркия Қирғизистонга таъсиридан фойдаланиб, бу масалани ҳал этишга ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилади. Ғарб Туркия орқали Қирғизистонни ҳарбий базалар масаласида муросага келтиришга ҳаракат қилади, -деди сиёсатшунос Марс Сариев.

Қирғизистон-Туркия муносабатлари кучайиб бораётган бир вақтда Анқаранинг Тошкент билан алоқалари кўнгилдагидай бўлмаётгани кузатилади. Кузатувчилар фикрича, бунга Ўзбекистонда турк лицейларининг ёпилгани ва туркиялик ишбилармонларга кўрсатилган тазйиқлар сабаб бўлаётир.

Ўзбекистон Туркия билан алоқалари яхшилигидан мақтана олмайди

2011 йилда Ўзбекистонда Туркуаз супермаркети ва 50 тача турк фирмаси ёпилганди. Тошкентдаги турк ресторанлари ҳам ёпилган ёки номини ўзгартиришга мажбур бўлган.

2012 йилнинг ёзида эса Тошкент вилояти Зангиота туманида фаолият кўрсатган “Илкай” ва “Пинар транс” турк ширкатлари тугатилиб, ширкатлар раҳбарлари Гунеш Меҳмет ва Қаҳве Али озодликдан маҳрум этилганди.

Собиқ "Туркуаз" ширкати раҳбари Воҳид Гунеш ўтган йилда Озодлик радиосига берган суҳбатида Ўзбекистонда хориж, жумладан, турк тадбиркорларига босим кўрсатиш одатий ҳолга айлангани, бунинг ортидан Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан смуносабатларига путр етаётганини айтиб ўтган эди.

- Ўзбекистонда хориж тадбиркорларига ҳужум бундан кейин ҳам давом этади. Тадбиркор ўз бизнесини йўлга қўйгач, унинг бор мол-мулкини мусодара қилиб, ўзларини ҳибсга олиб, қамоққа ташлайди. Тадбиркорнинг айби борми, йўқми бунинг фарқи йўқ. Лекин сизда бир йўл бор. Катта пул эвазига озодликка чиқаришни¸ албатта¸ сизга таклиф қилишади. Уларда махсус режа бор. Ҳар ойда бир турк фирмасига ҳужум қилиш бўйича. Лекин аввалида сизга ишлашга имкон берилади. 5-10 йил ишлаб бизнесингизни йўлга қўйгач, улар сизни овлашга ўтади. Бу ҳолат Ўзбекистонда бизнес кўринишига айланган, дейди 2011 йилда Ўзбекистон ҳуқуқ тизимлари томонидан турли иқтисодий жиноятларда айбланиб ёпилган "Туркуаз" ширкати раҳбари Воҳид Гунеш.

Ўзбекистон ҳукумати эса Туркия фуқароларига қарашли ширкатлар қонунчиликни бузгани учун ёпилганини таъкидлаб келади.

Норасмий хабарларга кўра, бугунги кунда ўзбек қамоқларида камида 15 нафар турк тадбиркори бўлиб, уларнинг барчаси иқтисодий жиноятларда айбланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG