Линклар

"Ҳизб ут-Таҳрир" аъзоларига янги айбловлар қўйилди


Ўтган йили Ҳизб ут-Таҳрир ташкилотига алоқадорликда айбланиб қўлга олинганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор.

Ўтган йили Ҳизб ут-Таҳрир ташкилотига алоқадорликда айбланиб қўлга олинганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор.

Ўтган йилнинг ноябр ойида Россияда фаолияти тақиқланган Ҳизб ут-Таҳрир ташкилотига алоқадорликда айбланиб, қўлга олинган бир гуруҳ мусулмонлар, жумладан, ўзбекистонликларга аввалгидан жиддийроқ бўлган, давлат тўнтаришига уриниш айбловлари қўйилди. 10 апрел куни Москванинг Мешчанская туман судяси 4 нафар маҳбусни қамоқда сақлаш муддатини яна бир неча ойга чўзиб, тергов давом эттирилишини маълум қилди.



Москвада 2012 йил ноябрида Россиянинг турли ўлкаларида “экстремизм ва террорчилик”да айбланиб қўлга олинган мусулмонларга нисбатан очилган жиноий иш бўйича тергов давом этмоқда.

10 апрел куни Мешчанская туман судида ўтган йили Москвада Федерал хавфсизлик хизмати томонидан ҳибсга олинган 50га яқин намозхондан жиноий жавобгарликка тортилган 5 кишининг ҳибс муддати узайтирилди, яна бир неча киши ҳанузгача гумонланувчилар қаторида қолмоқда.

Мешчанская суд залидаги маҳкама жараёнини кузатаётган Марказий-осиёлик сиёсий қочқинлар жамияти раҳбари Баҳром Ҳамроев судда айбланаётганларга терговчилар томонидан янги айбловлар қўйилганини Озодликка маълум қилди.

- Ҳозир суд давом этяпти. Биринчи бўлиб Тожикистон фуқароси бўлган, 1975 йилда туғилган хўжандлик Раҳмонхўжаев Зикриллохонни Мешчанский суд муддатини яна 4 ойга узайтирди. Буларга энди “Россияда давлат тўнтаришини уюштириш, қурол аслаҳа йиғиш ва экстремистларга қўшилган”, дейиб айблов қўйилган.

Бу айбловлар мутлақо мантиққа тўғри келмайди. Буларнинг ўз адвокатлари чақирилмасдан, “дежурний” адвокат билан ярим соат ичида Жиноий Кодекснинг 278-моддаси қўйилган. Бу жуда жиддий модда: Россияда давлат тўнтаришини уюштириш ва унга одамларни йиғиш! Раҳмонхўжаев унга қўйилаётган айбловларни тан олмади ва у сохталаштирилган, деб судга мурожаат қилди. Умуман олганда, бу одамларнинг қамоқда ноқонуний ушлаб турилгани тўғрисидаги баёнотлар суд томонидан инобатга олинмади, дейди ҳуқуқ фаоли.

Баҳром Ҳамроевга кўра, тожикистонлик Раҳмонхўжаевдан ташқари худди шундай муддатни узайтириш ва айни пайтда янги айбловлар суд томонидан қирғизистонлик Иномов Азизбек, миллати ингуш, лекин келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Темур Малсагов ва Россия фуқароси бўлган врач Сайфулло Қурбоновларга нисбатан эълон қилинди.

“Ҳизб ут-Таҳрир”нинг ноқонуний фаолиятига алоқадорликда гумонланаётган яна бир шахс - доғистонлик Айгун Сулейманов шу йилнинг 22 январида Лефортово Тергов изоляторидан тилхат асосида озод этилган. Озодлик айбланаётганлар қаторида Россия мусулмон жамоатчилиги аъзолари, жумладан IslamNews бош муҳаррири Рустам Жалилов, Марказий-осиёлик сиёсий қочқинлар жамияти фаоли Аҳмад Умаровлар ҳам борлиги ҳақида хабар берган эди.

Ноябр оийдаги махсус хизматлар томонидан олиб борилган амалиётлар давомида, “Мемориал” марказига кўра, беш оиладан иборат тожикистонлик ва ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳам қўлга олиниб, кейинчалик қўйиб юборилган.

Бошқирдистон ФСБси 2012 йилнинг 6 ноябрида Уфада “ҳизбчиларнинг” “бошқарув бўғини” қўлга олингани ва “кўплаб диний-тарғиботчилик адабиёти мусодара қилингани” ҳақида хабар берган эди.

Баҳром Ҳамроев 10 апрел кунги Мешчанская судига келтирилган маҳбуслар ўзларининг Ҳизб ут-Таҳрирга алоқаси борлигини тасдиқлагани, бироқ давлат тўнтариши ёки террорчилик фаолиятга алоқаси йўқлигини билдирган, дея маълум қилди.

Ҳизбчиликда айбланаётганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаётган "Мемориал" Инсон ҳуқуқлари марказининг Марказий Осиё бўйича бўлими раҳбари Виталий Пономарёв Мешчанская судининг навбатдаги қарорини “юқоридан жўнатилган сиёсий буюртма”, деб атади.

- Аслида ҳаммамиз бугун уларни озод этилишини кутаётган эдик, чунки Россия Жиноят-Процессуал Кодексига киритилган янги қўшимчаларга кўра, 282.2-моддаси асосида айбланувчини ҳибсда сақлаши ноқонунийдир. Суд томонидан белгиланган янги муддатни биз сиёсий сабаблар билан боғлаяпмиз. Бу Россияда охирги пайтларда олиб борилаётган сиёсат натижаси ўлароқ баҳоланиши керак. Айнан исломий гуруҳларга босим ўтган йили Татаристонда бўлиб ўтган террорчилик портлашлардан кейин авж олди. Ҳозир эса “террорчилик ва экстремизмга қарши кураш” байроғи остида ҳўлу қуруқ бир ёняпти, дея хулоса қилди Виталий Пономарёв.

Пономарёв бу маҳбусларни озодликка чиқармаслик мақсадида ФСБ томонидан уларга жиддийроқ бўлган 278-модда асосида қўшимча айбловлар қўйилгани ва бўлажак суд қарорига “қонуний мақом” берилиши таъминланганини билдирди. “Бу модда асосида 12 дан 15 йилгача қамоқ жазоси тайинланган”, деди у.

“Мемориал” маркази фаолининг айтишича, бевосита Ҳизб-ут-Таҳрир ташкилотининг Россиядаги тарафдорларига жиддий босим 2011 йилнинг 26 августида Москванинг “Измайлово” меҳмонхонасида Рамазон оийга бағишлаб ўтказилган Ислом конференциясидан кейин бошланган.

400 яқин одам иштирок этган ва маҳаллий раҳбарият томонидан расман рухсат берилган бу анжуман раҳбарияти кейинчалик “ҳизбчилик” ва бошқа айбловлар асосида жавобгарликка тортилди.

- Юзага келган вазият 2004 йилдагига ўхшаб кетяпти. Ўшанда Беслан воқеаларидан кейин юқоридан ҳамма жойда террорчиларни аниқлаш ва жазога тортиш буйруғи тушурилган эди. Амалда террорчилар камчилиги ва уларни топиш жуда мураккаб бўлгани боис, “террорчилар” Россиянинг барча, ҳатто тасаввур қилиб бўлмайдиган минтақаларида аниқланган эди.Афсуски, ҳозир биз ўша ноҳақликларнинг иккинчи тўлқинини кузатмоқдамиз, деди Виталий Пономарёв.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG