Линклар

Россия осмони Ўзбекистон самолётлари учун ёпилиши мумкин?


Ўзбекистон самолётлари учун Россия осмони очиқ қилиши учун рус ширкатларига конвертацияни очиш шарт қилиб қўйилди.

Ўзбекистон самолётлари учун Россия осмони очиқ қилиши учун рус ширкатларига конвертацияни очиш шарт қилиб қўйилди.

15 апрел куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Москвага расмий ташриф билан бориши кутилмоқда. Сафар арафасида Россия-Ўзбекистон делегациялари Россия авиакомпанияларига тегишли пулларни конвертация қилиш бўйича музокаралар ўказди. Ўзбекистон сўзлашувда эришилган келишувни бажармаса, 20 апрелдан бошлаб Россия осмони Ўзбекистон самолётлари учун ёпилиши мумкинлиги айтилмоқда.



Россиянинг энг йирик авиакомпаниси Аэрофлот раҳбарияти Озодликка ширкатнинг Ўзбекистонда 2013 йил 1 январгача йиғилиб қолган пулларини конвертация қилиш масаласида ҳозирча ҳеч қандай шарҳ берилмаслигини айтди.

- Бизнинг компанияга қизиқиш билдирганингиз учун сизга миннатдорлик билдирамиз. Бироқ раҳбар айни масала бўйича шарҳ бермаслик ҳақида қарор қабул қилди,- деди Аэрофлот ширкатининг Москвадаги Бош қароргоҳи матбуот хизмати ходими.

Россия ва Ўзбекистон делегациялари ўртасида 30 март куни Москвада бўлиб ўтган музокарада қабул қилинган протоколда Ўзбекистон томони Россия авиакомпанияларининг 2013 йил 1 январгача Ўзбекистонда йиғилиб қолган ўзбек сўмидаги пулларини 2013 йил 15 апрелгача конвертация қилишга келишиб олинган.

9 апрел куни Uzmetronom.com нашри агар келишув бажарилмаса, 20 апрелдан Россия осмони Ўзбекистон самолётлари учун ёпилиши мумкинлигини билдирди.

Россиядаги авиакомпаниялар март ойида Россия ҳукуматига йўллаган мурожаатида Ўзбекистонга парвозлар амалга ошираётган авиакомпаниялар анча вақтдан бери конвертация муаммосига дуч келаётгани сабабли ўзларига тегишли 50 миллион доллардан ортиқ маблағидан фойдалана олмаётгани таъкидланган.

30 март кунги сўзлашувда қатнашган Россия Федерацияси Ҳаво транспорти федерал агентлиги раҳбари маслаҳатчиси Андрей Прянишников Озодликка Иқтисодий масалалар бўйича Россия-Ўзбекистон давлатлараро комиссияси 2012 йилнинг 13 декабрида имзолаган Протоколга биноан Россия авиакомпаниялари Ўзбекистонда ҳам эркин валюта, ҳам ўзбек миллий сўмида чипта сотиш ҳуқуқига эга бўлганини айтди.

Унга кўра, ҳозир Россиянинг Аэрофлот, Трансаэро, Кимавиа, Владивосток Авиа, Газпромавиа, Донавиа, Московия, Россия, Сибир, Татаристан, Уральские авиалинии, UTair ва Якутия ширкатларига қарашли самолётлар Ўзбекистонга парвоз қилмоқда.

Трансаэро авиакомпаниясининг Тошкентдаги ходими Озодлик билан суҳбатда чипталар сўмга сотилганини аммо 2012 йил 19 декабрдан бошлаб фақат валютага сотилаётганини айтди.

- Ҳозир пул валютада тўланади. Ўзбекистон резиденти бўлмаганлар ҳам валюта тўлайди. Бу тартиб 2012 йил 19 декабрдан бери амал қиляпти,- деди Трансаэро ширкати чипталарини сотиш билан шуғулланувчи ходим.

Унга кўра, ҳозирда Тошкентдан Москва орқали Санкт-Петербург шаҳрига бориш ва қайтиш чиптаси нархи 901 АҚШ доллари туради.

Озодлик билан суҳбатда бўлган Россиянинг Сибир авиакомпанияси ходими эса Ўзбекистонда чипталар 2013 йил 1 январдан бошлаб фақат валютага сотилаётганини айтди. Унга кўра, масалан, ҳозирда Тошкент-Новосибирск шаҳарлари ўртасидаги бориш ва қайтиш чиптаси нархи 636 АҚШ долларини ташкил қилмоқда.

Айни пайтда, чипта сотиш билан шуғулланадиган Тошкентдаги SIS Travel ширкати ходими Озодликка Ўзбекистон ҳаво йўллари самолётида Москвага учмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқаролари чипта учун сўмда, хориж фуқаролари эса валюта тўлаши кераклигини айтди.

Унга кўра, Тошкент-Москва йўналиши бўйича бориш ва қайтиш чиптаси ўзбекистонликлар учун 1 миллион 760 минг сўмни, хорижликлар учун 760 долларни ташкил қилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG