Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:12

Тожикистон президенти ЕИ ва НАТО раҳбарлари билан учрашди


Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен, Брюссел ш., 2013 йил 10 апрел.
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен, Брюссел ш., 2013 йил 10 апрел.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Брюсселга сафар қилмоқда. 10 апрел куни Тожикистон президенти Европа Иттифоқи ва НАТО раҳбарлари билан учрашди. Сўзлашувлар чоғида қатор масалалар, жумладан, Роғун ГЭСи масаласи муҳокама этилди.



Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Европа Парламенти раиси Мартин Шулц билан чоршанба кунги учрашувда Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги келишмовчиликнинг асосий манбаси бўлиб келаëтган Роғун ГЭСи масаласини муҳокама қилди.

Буни музокарадан сўнг журналистлар учун ўтказилган матбуот анжуманида Мартин Шулц маълум қилди.

- Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги кескинлик сув масаласи билан боғлиқ. Ушбу тўғон икки мамлакат учун муҳим масаладир. Шунинг учун президент Раҳмон ва мен бугун бу ерда энергия масаласидан кўра кўпроқ сув масаласини кўтардик. Зотан энергия сув ёрдамида ишлаб чиқарилади,- деди Мартин Шулц.

Матбуот анжуманида Раҳмон журналистларга ноябр ойида ўтказиладиган президентлик сайловига ўз номзодини қўйиш ҳақида ҳозирча узил-кесил қарор қабул қилмаганини айтди.

- Тожикистонда президентлик сайлови 2013 йилда албатта ўтказилади. Мен шахсан сайловда қатнашиш ёки қатнашмаслигим ҳақида бир қарорга келганим йўқ. Бироқ мамлакат президенти ва мамлакат конституцияси кафили сифатида мен 2013 йилги президентлик сайлови эркин, шаффоф ва демократик ўтишини таъминлайман,- дея ваъда берди Имомали Раҳмон.

Тожикистон президенти Европа Парламенти раиси билан учрашишдан аввал НАТО Бош қароргоҳида ташкилот Бош котиби Андерс Фог Расмуссен билан музокара ўтказди.

Расмуссен Имомали Раҳмонга НАТО Душанбе билан алоқаларни мустаҳкамлашни хоҳлашини айтди.

- Биз Афғонистон бўйича мулоқотни чуқурлаштиришга умид қиламиз. Афғонистон барқарор ва хавфсиз давлат бўлишида НАТО ва Тожикистон муштарак манфаатга эга. Халқаро тинчликпарвар кучларимизни қўллаб-қувватлаётгани учун биз Тожикистондан миннатдормиз.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, Расмуссен ва Раҳмон ўртасидаги мулоқот чоғида 2014 йил охирига қадар Афғонистондаги миссиясини якунлаши режаланган халқаро кучларга Тожикистон қандай ёрдам кўрсатиши мумкинлиги муҳокама қилинган.

НАТО кучлари Тожикистон ҳаво ҳудуди орқали парвоз қилиши ва Душанбе аэропортидан фойдаланишга рухсат бергани учун Андерс Фог Расмуссен НАТО номидан Имомали Раҳмонга миннатдорчилик билдирган.

Тожикистон раҳбари чоршанба куни Европа Иттифоқи Президенти Ҳерман Ван Ромпей билан ҳам учрашди. Музокарадан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Ромпей Тожикистондаги инсон ҳуқуқлари масаласи ҳам кўтарганини айтди.

- Биз бу мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини ва ҳуқуқлар кафолатланиши кераклигини муҳокама қилдик. Шунингдек, мен уюшмалар эркинлиги ва диний эркинликлар масаласини кўтардим, деди Ҳерман Ван Румпей.

Брюсселга икки кунлик амалий ташриф билан борган Тожикистон президенти 9 апрел куни Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат ва хавсизлик масалалари бўйича олий вакили Кэтрин Эштон билан учрашган.
XS
SM
MD
LG